27-боб. ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ БУЗАДИГАН ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАР ВА ҚАРОРЛАР УСТИДАН ШИКОЯТЛАР
269-м о д д а. Шикоят бериш
Фуқаро ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга мурожаат қилишга ҳақли.
Бўйсунув тартибидаги юқори орган ва мансабдор шахслар шикоятни бир ой муддат ичида кўриб чиқиши шарт. Агар фуқаронинг шикоятига рад жавоби берилса ёки у шикоят берган кунидан эътиборан бир ой ичида жавоб олмаса, шикоят билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Шикоят ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган фуқаро ёки унинг вакили, шунингдек фуқаронинг илтимосига биноан тегишли равишда ваколат берилган жамоат бирлашмасининг, меҳнат жамоасининг вакили томонидан берилиши мумкин.
Ҳарбий хизматчи ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ҳарбий бошқарув органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан ушбу моддада назарда тутилган тартибда ҳарбий судга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланган.
Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши ҳуқуқий давлатга хос хусусиятдир. Ўзбекистон Республикасида ҳокимиятнинг бўлиниш принципи амал қилиб, судларнинг қонунчилик (вакиллик) ва ижро ҳокимиятидан мустақиллиги жорий қилингач, уларнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги вазифаси кучайди.
3. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатларни ва қарорлар юзасидан шикоят бериш билан боғлиқ бўлган ишларни юритиш ФПКнинг 27-бобида белгиланган қоидалардир. Булардан ташқари, 1995 йил 30 августда қабул қилинган «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлидаги қарори билан тартибга солинади1.
Бу ҳуқуқий меъёрларда шикоят қилиш учун асослар ва бошқа қоидалар ўз ифодасини топган. ФПКнинг 269-моддасида шу туркумдаги ишлар юзасидан шикоят бериш тартиби кўрсатилган. Бу қоидада фуқаро ўзининг ҳуқуқларини ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга мурожаат қилишга агар юқори идора, мансабдор шахс шикоятни бир ой муддатда кўриб чиқмаса ёки шикоятга рад жавобини олса, фуқаро шикоят билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўла олади.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракат (қарор)лари устидан бериладиган шикоятлар ФПКнинг 148-149-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилиши Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат божи ставкалари ҳақида»ги Қарорида белгиланган тартибда давлат божи ундирилиши юқоридаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленум қарорининг 12-бандида кўрсатилган2.
4. Фуқаролик процессуал кодексида ҳарбий хизматчилар ўзларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузган ҳарбий бошқарма органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан қонунда кўрсатилган ҳолларда ҳарбий судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленум қарорида ҳарбий хизматчи бўлмасада, ҳарбий бошқарув органларида эгаллаб турган лавозими бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига тааллуқли масалаларни ҳал этиш ваколатига эга бўлган шахсларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан ҳам ҳарбий судга шикоят қилиши мумкинлиги кўрсатилган. Булардан ташқари, бу Пленум қарорининг 4-6-бандларида, шикоят қилиш учун асос бўладиган айрим ишлар келтирилган. Шунингдек, жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари, уй-жой қуриш кооперативлари, ҳиссадорлик жамиятлари, касаба уюшмалари ва шу касаба уюшмасининг умумий йиғилиши ҳамда уларнинг бошқарув органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Демак, ҳарбий хизматчилар ўзларининг ҳарбий тартиб қоидаларини бажаришда мансабдор шахслар ёки ҳарбий бошқармаларнинг қарорлари туфайли уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари поймол қилинган бўлса, юқоридаги қонун ва бошқа ҳуқуқий меъёрларда шу ҳолатга кўра, судга шикоят қилиш имкониятидан фойдаланиш мумкинлиги ўз ифодасини топган.
Фуқаро ўзининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган деб ҳисобласа ҳамда қонунларда бошқача белгиланмаган бўлса, шикоят билан ўз хоҳишига кўра бевосита судга ёхуд тобелик тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин. Фуқаронинг ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ҳақида дастлаб юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга мурожаат қилмаганлиги, шикоятни суд томонидан қабул қилмаслик учун асос бўлмайди.
Шикоят ҳуқуқ ва эркинликлари бузилди, деб ҳисобланган фуқаронинг ўзи ёки унинг вакили томонидан ҳам, шунингдек, фуқаронинг илтимосига кўра, жамоат ташкилоти, меҳнат жамоасининг ваколат берилган вакили томонидан ҳам берилиши мумкин. ФПКнинг 46-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини қўриқлаш талаб қилинганда прокурор ҳам тегишли ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Вакилнинг фуқаро номидан шикоят беришга бўлган ваколати ФПКнинг 54-моддасига мувофиқ расмийлаштирилган бўлиши лозим. Шикоят жамоат ташкилоти, меҳнат жамоаси умумий мажлисининг ёхуд сайлаб қўйиладиган органнинг қароридан кўчирма билан ҳам гувоҳлантирилган бўлиши керак.
Фуқаронинг илгари тобелик тартибида юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга шикоят билан мурожаат қилганлиги ва тобелик тартибида юқори турувчи орган ёки мансабдор шахс томонидан шикоят қисман ёки тўлиқ рад қилинганлиги ёки фуқаронинг шикоят берилган кундан бошлаб бир ой мобайнида юқори турувчи органдан ёки мансабдор шахсдан жавоб олмаганлиги, уни худди шундай шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан махрум этмайди (Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддаси иккинчи қисми).
Шикоятни кўриш пайтида судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо борлиги аниқланса (масалан, уй-жойга эгалик ҳуқуқи тўғрисида, турар-жойга бўлган ҳуқуқ тўғрисида ва ҳоказо), судья ФПКнинг 282-моддасига биноан, шикоятни кўрмай қолдириш ҳақида ажрим чиқариб, манфаатдор шахсларга ФПКнинг 149 ва 150-моддаларига риоя қилинган ҳолда умумий тартибда даъво қўзғатишни ва ариза учун қонунда белгиланган миқдорда давлат божи тўлашни таклиф қилади.
5. Юқоридаги Қонуннинг мазмунига кўра, фуқаролар судга нафақат органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, шу билан бирга уларнинг қарорлари устидан ҳам шикоят билан мурожаат этишга ҳақлидирлар.
Ҳар бир фуқаро агар давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан уларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли судга мурожаат этиш билан бирга маҳаллий ҳокимият органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ўз ўзини бошқариш органларининг ҳам ғайриқонуний ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишга ҳақли эканлиги бу қонуннинг кенг қамровли эканлигини билдиради.
6. Заҳирадаги ҳарбий хизматчилар фуқаролик ишлари бўйича ҳарбий судларга эмас, умумий юрисдикция судларига мурожаат қилишлари лозим.
Ҳарбий хизматчи ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун юқорида қайд этилганидек, альтернатив судловлилик ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
7. Агар суд ҳал қилув қарорини чиқаришда манфаатдор шахснинг қонуний ҳуқуқларини тезда ҳимоя қилиш керак деган хулосага келган тақдирда, бу ҳақда ҳал қилув қарорини чиқарилиши билан дарҳол ижро қилиниши ҳақида кўрсатиши лозим.
8. Юқорида бу ҳақдаги амалдаги Қонунда суд чиқимлари ҳақида ҳам қоида бўлиб, бунга кўра, шикоят юзасидан чиқарилган гувоҳлар, таржимон ва ҳоказоларга сарфланган чиқимлар ғайриқонуний тарзда иш тутган айбдор шахс зиммасига юкланиши мумкинлиги белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |