270-м о д д а. Судга шикоят билан мурожаат қилиш
муддатлари
Судга шикоят билан мурожаат қилиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:
фуқарога ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги маълум бўлган кундан эътиборан уч ой;
фуқаро юқори органдан, мансабдор шахсдан шикоятини қаноатлантириш рад этилганлиги тўғрисида ёзма маълумот олган кундан эътиборан бир ой ёки фуқаро ўзининг шикоятига ёзма жавоб олмаган бўлса, шикоят берилган кундан эътиборан бир ой ўтгандан кейин.
Шикоят бериш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, суд бу муддатни тиклаши мумкин.
1. Фуқаролик ишларининг судларда белгиланган муддатларда кўрилиши ва ҳал қилиниши ҳақида юқорида ФПКнинг 126-моддасида баён қилинган. Ишларни судда кўришда суд ва ишда иштирок этувчи шахслар қонунда белгиланган турли хилдаги процессуал муддатларга амал қилишлари лозим.
Мазкур шарҳланаётган қоидага кўра, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят билан мурожаат этиш ҳақида фикр юритилади.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан шикоят бериш учун муддатларга амал қилинган бўлиши лозим, масалан, фуқарога ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилганлиги маълум бўлган кундан эътиборан уч ойлик муддат белгиланган. Бундай туркумдаги ишларни суд фуқаролик ишларини судда кўриш билан боғлиқ умумий қоидалар асосида ҳал этади.
Олий суднинг юқоридаги Пленум қарорида агар суд шикоятни кўриш пайтида ҳаракати устидан шикоят қилинаётган мансабдор шахс илгариги лавозимида ишламаётган бўлса, у ҳолда суд фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ваколатига эга бўлган тегишли орган, ташкилотни ишга жалб қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиши, борди-ю шикоят қаноатлантирилган тақдирда суд шу орган (ташкилот) раҳбарига фуқаронинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш мажбуриятини юклаши мумкинлиги кўрсатилган.
Фуқаро ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлигидан хабар топган кундан бошлаб уч ойлик муддатда, юқори турувчи орган ёки мансабдор шахс шикоятни қанотлантиришни рад этганлиги ҳақидаги ёзма билдиришини олган кундан бошлаб бир ой муддатда, шикоят берилгандан кейин бир ой муддат ичида ўз шикоятига жавоб олмаган тақдирда, бир ойлик муддат ўтган кундан бошлаб бир ой ичида судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
Узрли сабаблар билан ўтказиб юборилган муддат шикоят берган фуқаронинг аризасига асосан суд томонидан тикланиши мумкин.
Суд иш материалларини ҳар томонлама текшириб чиқиб, судга мурожаат қилиш муддати узрсиз сабаблар билан ўтказиб юборилган деган хулосага келса, шикоятни қаноатлантиришни рад этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |