266-м о д д а. Судга шикоят қилиниши мумкин бўлган
хатти-ҳаракатлар (қарорлар)
Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг ҳайъат таркиби томонидан ҳамда якка тартибда амалга оширилган ва пировард натижада:
фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига;
фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириши йўлида тўсқинликлар вужудга келишига;
фуқаро зиммасига бирорта ғайриқонуний мажбурият юклатилишига ёки унинг ғайриқонуний равишда бирор-бир жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлари (қарорлари) судга шикоят қилиниши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар жумласига киради.
1. Ҳар бир фуқаро, шунингдек давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) туфайли ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилган, деб ҳисобласалар, шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, шу билан бирга, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, чет эллик фуқаролар ҳам қонунда белгиланган тартибда судга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 30 августдаги қонунига асосан судга шикоят билан мурожаат этишга ҳақли эканлиги кўрсатиб ўтилган.
2. “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг қуйидаги:
-фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига сабабчи бўлган;
-фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришга монелик туғдирган;
-фуқаро зиммасига қонунга хилоф равишда қандайдир мажбурият юклатилишига сабабчи бўлган коллегиал ёки якка тартибдаги хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, якка тартибдаги ва умумий хусусиятга эга бўлган ҳар қандай қарор устидан юқорида кўрсатилган қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.
Жумладан, тегишли органларнинг паспортдаги миллат ҳақидаги ёзувни ўзгартириш, чет элга чиқишга рухсат беришни рад этганлиги, давлат органларининг ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларининг маъмурий ҳудуд ташқарисига товарлар ва мақсулотларни олиб чиқишни чеклаш тўғрисидаги, қўшимча бож ва йиғимлар белгилаш тўғрисидаги қарорлари, маъмурий жазога тортиш ваколатига эга бўлмаган шахснинг жарима солиш ва бошқа маъмурий жазоларга тортиш ҳақидаги қарори ва ҳоказолар устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |