265-м о д д а. Давлат органлари ва бошқа органлар,
шунингдек мансабдор шахсларнинг
хатти-ҳаракатлари устидан берилган
шикоятларга оид ишларни кўриш тартиби
Ушбу Кодекснинг 264-моддасида санаб ўтилган ишлар судлар томонидан мазкур Кодекснинг 26-29-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан биргаликда фуқаролик суд ишлари юритишнинг умумий қоидаларига биноан кўрилади.
1. Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятлардан келиб чиқадиган ишлар фуқаролик суд ишларини юритишга оид умумий қоидалар асосида, айрим истисно ва қўшимчалар назарда тутилган ҳолда кўрилади ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг алоҳида тури ҳисобланади.
Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятларни кўришга судья бундай ишларни тааллуқлилиги ҳамда ишнинг қайси судда кўрилиши (судловлиги) лозимлигига аҳамият бериш лозим.
Қонунга асосан бундай туркумдаги ишлар юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят мафаатдор шахс, шунингдек унинг вакили томонидан берилиши мумкин. Шикоят маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс)га ёки бевосита судга берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 майда ва унга 1998 йил 11 сентябрдаги қарори билан қўшимча ва ўзгартишлар киритилган қарорида судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига ва “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 1, 3-моддасига мувофиқ, фуқаролар текширилиши қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мутлақ ваколатлари доирасига киритилган ёхуд судга шикоят қилишнинг ўзгача тартиби белгиланган хатти-ҳаракатлар (қарорлар)дан бошқа давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳар қандай хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан судга шикоят қилишлари мумкинлигига қаратилиши ҳақида тушунтиришлар берилган.
“Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган тартибда ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган давлат органларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўз фаолиятини амалга ошириш учун ташкил қилинган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари киради.
Ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш мумкин бўлган ўзини ўзи бошқариш органларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ҳудудларда ўз ваколатларига кирадиган масалаларни мустақил ҳал этишни таъминлаш учун тузиладиган ҳар қандай органлар киради.
Юқорида кўрсатилган қонунга мувофиқ, давлат органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналарда, муассасалар ва ташкилотлар, кооперативлар, жамоат ташкилотлари ҳамда бирлашмаларда ташкилий бошқарув ва маъмурий-хўжалик мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ лавозимларни доимий ёки вақтинча эгаллаб турган ёхуд шундай мажбуриятларни махсус ваколат бўйича бажараётган ҳар қандай шахснинг ҳаракати устидан судга шикоят қилиш мумкин.
2. Идоралар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар юзасидан келиб чиқадиган ишлар фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, аммо уларнинг айрим хусусиятларини эътиборга олган ҳолда судда кўрилади. Бундай ишлар маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқса ҳам, бироқ қонунда кўрсатилган ҳолларда суд тартибида кўришга тааллуқли қилиб белгиланган.
Қонунда маъмурий ҳуқуқбузарлик қоидаларини бузиш унинг ҳуқуқий оқибатлари органлар, мансабдор шахслар ва суд томонидан бундай ишларни кўриб ҳал қилиш тартибига, ундан кейин давлат органлари бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракат (қарор)лари устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритиш масалалари ёритилади. Қонунга асосан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят манфаатдор шахс-жабрланувчи, шунингдек уларнинг қонуний вакиллари ва адвокатлар томонидан берилиши мумкин. Шикоятни юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки бевосита судга, судьянинг маъмурий ишлар бўйича қарори устидан эса, туман (шаҳар) суди раисига ёки юқори турувчи судга бериш тартиби белгиланган.
Иш юзасидан қарор чиқарган орган (мансабдор шахс) шикоятни олгач, уни уч сутка ичида иш билан бирга шикоятни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган органга (мансабдор шахсга) юборади.
Қонунга кўра, қарор устидан шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилади.
Шикоят қарорнинг нусхасини олган кундан бошлаб, ўн кун ичида берилади. Агар шикоят муддати узрли сабаблар билан ўтказиб юборилган тақдирда бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан тикланиши қонунда назарда тутилган.
Прокурор, туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судьясининг қарори устидан-туман (шаҳар) судининг раисига ёки юқори турувчи судга бошқа орган (мансабдор шахс) қарори устидан қарор чиқарган органга (мансабдор шахсга) протест билдириши мумкин.
Идоралар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракат (қарор)ларига берилган шикоятлар юзасидан келиб чиқадиган ва фуқаролик суд ишларини юритиш қоидалари бўйича кўриладиган ишлар суднинг ёки судьянинг якка ҳолда маъмурий жазога тортиш тўғрисидаги кўриладиган ишларни, чунончи майда безорилик учун қамоқка олиш ёки жарима солиш тўғрисидаги, ичкиликка берилганларни даволаш учун меҳнат профилакторияларига юбориш ва шу каби бошқа ишларни кўришдан фарқ қилиш керак.
Юқорида қайд қилинган маъмурий ҳуқуқбузарлик туфайли судда кўриладиган ишларни идоралар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарор)ларига берилган шикоятлар юзасидан келиб чиқадиган ишларни даъво иши тартибида кўриладиган фуқаролик ишларига ҳам аралаштирмаслик керак. Агар маъмурий акт билан фуқаролик, меҳнат ёки бошқа муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқлар бузилса, бу ҳолда иш даъво ишини юритиш тартибида кўрилади. Бундай ишлар, масалан, турар-жой майдонига бериладиган ордерни ҳақиқий эмас деб топиш, нотариал органнинг ижро хати ҳақида низолашиш, мулкни хатлашдан, арестдан чиқариш, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш дафтаридаги оталик ёзувига эътироз билдириш тўғрисидаги, маъмурий жазо берилиши ҳақидаги буйруқни бекор қилиш ва шу каби бошқа даъволар кўрилади. Юқорида кўрсатиб ўтилган ишларга нисбатан фуқаролик суд иши юритиш қоидаларига ҳеч қандай истиснолар ва қўшимчалар белгиланмаган.
Бундай ишлар даъво иши юритиш тартибида кўрилади. Давлат ёки жамоат хўжаликларининг экинларини пайҳон қилиш туфайли етказилган зарарнинг тўланиши тўғрисидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораларининг қарорини ихтиёрий равишда бажармаган фуқароларга нисбатан қўзғатиладиган даъволар ҳам даъво иши юритиш тартибида кўрилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |