262-м о д д а. Бир неча даъвогар ёки бир неча жавобгарга
нисбатан чиқариладиган ҳал қилув қарори
Бир неча даъвогарнинг фойдасига чиқариладиган ҳал қилув қарорида суд бу қарор улардан ҳар бирига қандай улушда тегишли эканлигини кўрсатади.
Бир неча жавобгарга қарши чиқариладиган ҳал қилув қарорида суд улардан ҳар бири ҳал қилув қарорини қандай улушда бажариши кераклигини ёки улар шерик жавобгар эканлигини кўрсатади.
1. Фуқаролик ишлари бўйича даъвонинг предметига нисбатан бир бўлган бир неча даъвогар (шерик даъвогар) томонидан биргаликда ёки бир неча жавобгарга (шерик жавобгарга) нисбатан талаб қўйилган ариза берилиши мумкин (ФПКнинг 41-моддаси).
Даъвогарлар ва жавобгарлардан ҳар бири бошқа тарафга нисбатан процессда мустақил равишда иштирок этилиши мазкур қоидада ўз ифодасини топган.
Шарҳланаётган ушбу қоида, агар фуқаролик ишларида мавжуд бўлган бир-бирига ўхшаш талабларни бирлаштириш, процессуал иштирокчилик, шунингдек бир неча даъвогар ёки бир неча жавобгарларга нисбатан чиқариладиган ҳал қилув қарорини хусусийлигини аниқлашга қаратилган. Агар суд юқорида белгиланган тартибда иш кўрадиган бўлса, барча иштирокчиларга нисбатан уларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда битта ҳал қилув қарорини чиқаради. Ҳал қилув қарори уларнинг фойдасига чиқарилган ҳолларда қарорда уларнинг ҳар бирига қандай улушда тегишли бўлиши кўрсатилган бўлиши керак. Суд ҳал қилув қарорини чиқаришда унинг қарор қисмида ҳар бир иштирокчиларнинг талабларини қай даражада қаноатлаштирилиши (тўлиқ қисман ёки рад этилиши, қанча улуши борлиги) аниқ кўрсатилиши лозим.
Бир нечта жавобгарларга нисбатан чиқариладиган ҳал қилув қарорида ундириш билан боғлиқ бўлган даъволар бўйича суд солидар (тенг даражада) ундириш ҳақида ҳам аниқ кўрсатган бўлиши лозим.
Бир нечта даъвогарларнинг бир нечта жавобгарларга нисбатан жиноят содир қилиш натижасида келтирилган зарарни жиноят ишида фуқаровий даъвогар сифатида ёки фуқаролик тартибида бундай ишларни алоҳида кўрилиши туфайли суднинг чиқарган ҳал қилув қарори қар бир даъвогарнинг талаби, кўрган зарарига қараб ёки солидар (тенг равишда) тартибда жавобгардан ундирилиши лозим.
Ҳал қилув қарори даъвогарнинг барча даъво талаблари бўйича чиқарилиши лозимлигини судлар назарда тутмоқлари керак. Бир иш юритишда бир неча даъво талаблари бирлаштирилганда ёки суд қарши даъвони кўриш учун арз қилувчи учинчи шахснинг даъвосини қабул қилишда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд ҳар бир даъво юзасидан қабул қилган қарорини аниқ кўрсатиши лозим. Шу билан бирга суд ишда иштирок этиш учун жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида масалани ҳал қилишга ҳақли эмас.
Ҳал қилув қарорини ижро қилиш маълум шартларнинг келиб чиқиши ёки келиб чиқмаслигига боғлиқ қилиб қўядиган бўлса, бундай ҳал қилув қарори чиқаришга йўл қўймайди.
Ҳал қилув қарори ФПКнинг 219, 220-моддаларида белгиланган ҳолларда дарҳол ижро этилади, бу ҳақда ҳал қилув қарорида тегишли кўрсатма баён қилинади.
Судлар ФПКнинг 203-моддасига биноан фақат биринчи босқич суди сифатида мазмунан кўриб ҳал қилинган ишлар бўйича суднинг қарори ҳал қилув қарори шаклида чиқарилишини, ҳал қилув қарорининг мазмунини акс эттирувчи масалалар эса ФПКнинг 206-моддасида белгиланганлигини назарда тутмоқлари лозим.
Шунинг учун ҳам даъво талаблари мазмунан қарор қабул қилинмаган қисми бўйича суднинг ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига киритилиши мумкин эмас (ФПКнинг 92, 93, 97, 99. 100, 102-моддалари). Бу хулосалар ажрим шаклида ифодаланган (ФПКнинг 237, 238-моддалари), ҳал қилув қароридан алоҳида ҳолда чиқарилмоғи лозим (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 17 апрелдаги Пленуми қарори. 62-63 б.).
Do'stlaringiz bilan baham: |