271-м о д д а. Шикоят бўйича суднинг ҳал қилув қарори
Суд шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳал қилув қарори чиқаради.
Суд шикоятнинг асосли эканлигини аниқласа, шикоятга сабаб бўлган хатти-ҳаракатни (қарорни) ғайриқонуний деб топади, фуқаронинг талабини қаноатлантириш вазифасини юклайди, унга нисбатан қўлланган жавобгарлик чораларини бекор қилади ёки унинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини бошқа йўллар билан тиклайди.
Агар суд шикоятга сабаб бўлган хатти-ҳаракатни (қарорни) қонуний, фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилмаган деб топса, у шикоятни қаноатлантиришни рад этади.
Суднинг ҳал қилув қарори тегишли орган ёки мансабдор шахсга, шунингдек, фуқарога ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ўн кундан кечиктирмай юборилади.
Ҳал қилув қарорининг ижроси ҳақида ҳал қилув қарори олинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай суд ва фуқарога маълум қилиниши лозим. Ҳал қилув қарори ижро этилмаган тақдирда суд қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни қўллайди.
1. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга берилган шикоят бўйича мавжуд ҳолатни атрофлича суд мажлисида кўрилгандан сўнг шикоятнинг якуни бўйича ҳал қилув қарори чиқаради.
Агар суд ишда тўпланган далилларга асосан шикоятни асосли эканлигини аниқласа, шикоят қилинган хатти-ҳаракат (қарорни) ғайриқонуний деб топади ва фуқаронинг талабни қаноатлантириш масаласини ҳал этиб, унинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклайди ва фуқаронинг талабини қаноатлантириш мажбуриятини юклайди. Унга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чорасини бекор қилади ёки унинг бузилган ҳуқуқини бошқача йўл билан тиклаш масаласини ҳал этади, акс ҳолда шикоятни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқаради1.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг тегишли орган ёки мансабдор шахсга, шунингдек фуқарога ўн кундан кечиктирмасдан ҳал қилув қарорининг нусхасини юборилиши кўрсатилган. Тегишли манфаатдор шахс эса, ҳал қилув қарорини олган кундан эътиборан бир ой муддатдан кечиктирмай ижроси ҳақида суд ва фуқарога маълум қилиши лозим. Агар ҳал қилув қарори белгиланган муддатда ижро қилинмаган тақдирда, суд жавобгар зиммасига мулк ёки пул бериш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юкловчи ишни кўрсатган бўлса, талаб қилувчи бу ҳаракатларни жавобгар ҳисобидан бажариши ва сарф қилган харажатларини кейинчалик жавобгардан ундириб олишга ҳақлидир.
Ҳал қилув қарорини бошқа ҳолларда бажармаслик оқибатларини ФПКнинг 381-моддасида кўрсатилган ҳуқуқий оқибатлар туғдириши мумкин.
2. “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 16 майдаги ва унга 1998 йил 11 сентябрдаги Пленумида қўшимча ва ўзгартиришлар киритиши ҳақидаги қарорининг 15-бандида бундай туркумдаги ишлар бўйича чиқариладиган суднинг ҳал қилув қарорининг хусусиятлари берилган. Бунга кўра, шикоят важлари асосли эканлиги аниқланган тақдирда, суд шикоят қилинган хатти-ҳаракат (қарор)ни қонунга хилоф деб топади ва тегишли органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ёки мансабдор шахсга фуқаронинг талабини қаноатлантириш мажбуриятини юклайди, унга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чорасини бекор қилади ёхуд унинг бузилган ҳуқуқини ўзгача йўл билан тиклайди.
Шикоятни қаноатлантириш ҳақидаги қарорда шикоят қилинган ҳаракат (қарор) натижасида бузилган ҳуқуқ нормалари ва йўл қўйилган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган муайян ҳаракатлар кўрсатилиши зарур. Жумладан:
а) сурункали касалликларнинг оғир шаклига учраган фуқарога қўшимча уй-жойга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш учун зарур бўлган бундай касаллиги борлиги тўғрисида, суд бу ҳаракатни қонунга ҳилоф деб топади ва тиббиёт муассасасининг тегишли мансабдор шахси зиммасига фуқаро учун зарур бўлган ҳужжатни бериш мажбуриятини юклайди;
б) автотранспорт воситасини рўйхатга олиш асоссиз рад этилган тақдирда суд давлат автомобил назоратининг мансабдор шахси зиммасига автотраспорт воситасини шикоят билан мурожаат қилган шахс номига рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди;
в) паспортдаги миллат ҳақидаги ёзувни ўзгартириш асоссиз рад этилган тақдирда, суд тегишли мансабдор шахс зиммасига талаб қилинаётган ўзгартиришни киритиш мажбуриятини юклайди;
г) ваколати бўлмаган шахс томонидан фуқарога асоссиз равишда жарима солинган ёки у бошқа жазога тортилган тақдирда суд бундай ҳаракатларни қонунга хилоф деб топади ва тегишли мансабдор шахс зиммасига йўл қўйилган қонун бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юклайди;
д) фуқаро қурган ёки сотиб олган уйни унинг номига рўйхатдан ўтказиш асоссиз рад этилган тақдирда суд тегишли органнинг мансабдор шахси зиммасига уйни шикоят билан мурожаат қилган шахс номига рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди;
Суд хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан шикоят берилган орган, корхона, муассаса, шахсга, шунингдек, фуқарога қарорни у қонуний кучга киргач, кечи билан ўн кун ичида юборилишини, қарор бажарилганлиги ҳақида судга ва фуқарога суд қарори олинган кундан бошлаб кечи билан бир ой ичида хабар берилишини назорат қилиб бориши, қарор бажарилмаган тақдирда қонунда белгиланган чора-тадбирларни кўриши шарт.
Ишларни кўриш чоғида давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, айрим мансабдор шахслар фаолиятида жиддий камчиликлар аниқланса, бу камчиликларни бартараф этиш учун хусусий ажрим (қарор) чиқариб, жойларга юбориш, мансабдор шахсларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, бу ҳақда прокурорга хабар юбориши шарт эканлигига судларнинг алоҳида эътибори қаратилсин (ФПКнинг 19-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |