4-кичик бўлим. АЛОҲИДА ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ
30-боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
279-м о д д а. Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида
кўриладиган ишлар
Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган ишларга қўйидагилар киради:
1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар;
2) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш тўғрисидаги ишлар;
3) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар;
4) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ишлар;
5) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш тўғрисидаги ишлар (чақириб иш юритиш).
1. Фуқаролик процессуал қонунчилигида манфаатдор шахсларнинг субъектив ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нафақат бузилган ёки низолашаётган вақтда вужудга келади. Айрим ҳолларда субъектив ҳуқуқ ва манфаатни мавжудлик ҳолатини аниқлаш лозим бўлади. Шахс ўзига тегишли ҳуқуқдан фойдалана олмайди. Агар бундай ҳуқуқ далиллар билан тасдиқланмас экан, уни аниқлаб бўлмайди, чунки у ишда иштирок этувчи шахсларга кўринмайди. Шу боисдан фуқаролик процессида алоҳида тартибда иш юритиш тури мавжуд бўлиб, бунга кўра, ана шу субъектив ҳуқуқни суд тартибида аниқлашга қаратилган.
2. Демак, суд амалиётида аксарият ҳолларда фуқаролик ишлари бирон-бир бузилган шахсий ёки мулкий ҳуқуқнинг ҳимоя қилиниши тўғрисида, даъво ишлари тарзида қўзғатилади. Аммо баъзи ҳолларда фуқаролик ишлари ҳуқуқ тўғрисида низо бировнинг бировга даъвоси бўлмаганида ҳам судларда қўзғатилиб, кўрилиши ва ҳал қилиниши мумкин. Масалан, фуқаролар пенсия ёки мерос олиши учун зарур бўлганида бирон бир фактнинг мавжудлигини, айтайлик, бировнинг фарзанди ёинки боқимида бўлганлигини тасдиқлатиш зарур бўлганида бировларга нисбатан даъво қўзғатмасдан, балки судга ариза билан, муддаосини айтиб, мурожаат этади.
Бундай ҳолларда фуқаролик ишлари даъво ишларини юритиш тартибида кўрилмасдан, балки алоҳида иш юритиш тартибида кўрилади. Судларда бу тартибда ҳам субъектив ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш мақсад қилиб қўйилади.
Низосиз ишлар, яъни ФПКнинг 279-моддасида кўрсатилган ишлар, судлар томонидан ФПКнинг 30-35-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан ФПКнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилади.
Алоҳида тартибда кўриладиган ишларда ҳуқуқ ҳақида низо бўлмайди, шу белгиси билан у даъво ишларини юритишдан фарқ қилади. Алоҳида тартибда иш юритишдан мақсад фуқароларнинг бирон-бир ҳуқуқлари вужудга келганлиги, ўзгарганлиги ёинки бекор бўлганлигини, яъни юридик фактларнинг мавжудлиги ёки уларнинг йўқлигини аниқлашдан иборат бўлади.
Даъво ишларини юритишда эса суд фаолияти бирмунча кенгрок бўлади. Бунда суд юридик фактларни аниқлабгина қолмай, шу билан бирга аниқланган фактларга моддий-ҳуқуқий нормаларни татбиқ этиши, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тегишли хулосага келиши, яъни фуқаролик ҳуқуқий низоларни ҳал этиши лозим бўлади.
Алоҳида тартибда кўриладиган ишларда ҳуқуқ тўғрисида низо бўлмагани туфайли тарафлар, яъни жавобгар, даъвогар, учинчи шахслар ҳам бўлмайди, фақат ўз муддаосини айтиб, судга мурожаат қилувчи аризачи ва бошқа манфаатдор шахсларгина бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам алоҳида тартибда кўриладиган фуқаролик ишларида баъзи фуқаролик процессуал нормаларнинг, масалан, шерик иштирокчилик, тегишсиз тарафни тегишли тараф билан алмаштириш, келишув битими ва шу каби процессуал ҳаракатларга оид нормалар қўлланилмаслиги мумкин.
Алоҳида тартибда кўриладиган ишларни суд фуқаролик процессуал ҳуқуқнинг барча принципларига эътибор берган ҳолда (ошкоралик, оғзакилик, эркин ҳуқуқ ва тортишувлик ва ҳоказо) кўриши лозим. Бундай туркумдаги ишларда низо бўлмаса ҳам, бироқ далилларни исботлаш вазифаси арз қилувчи шахс зиммасига юклатилган бўлади.
3. Ушбу қоида суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар доираси қатъий берилган деб бўлмайди, чунки юридик аҳамиятга эга бўлган фактлар амалиётда турли кўринишда учраб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |