191-м о д д а. Ашёвий далилларни текшириш
Ашёвий далиллар суд томонидан кўздан кечирилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса, эксперт, мутахассис ва гувоҳларга ҳам кўрсатилади.
Ашёвий далиллар кўрсатилган шахслар суднинг эътиборини кўздан кечириш билан боғлиқ бўлган у ёки бу ҳолатларга қаратишлари мумкин. Бундай арзлар суд мажлисининг баённомасига киритилади.
Ашёвий далилларни кўздан кечириш тўғрисида ушбу Кодекснинг 63 ва 66-моддаларида назарда тутилган тартибда тузилган баённомалар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, шундан кейин ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришлар беришлари мумкин.
1. Қонунда ишни ҳал этиш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган нарсалар ашёвий далиллар бўлиши кўрсатилган (ФПКнинг 79-моддаси).
Ишда тўпланган ашёвий далилни аҳамиятли жиҳатлари нималардан иборат эканлиги тақдим этувчи шахс томонидан асосланган бўлиши лозим.
Ашёвий далилларни суд томонидан текширишга ишни объектив ҳал этиш учун аҳамиятли жиҳатлари ҳисобланади. Тақдим этилган ёки жойда кўздан кечириши лозим бўлган ашёвий далилларни ариза судда тасвир этилган ҳолдами ёки ашёвий далил ўзининг ҳажми, вазни, қиёфаси, рангги ва бошқа жиҳатларини қанчалик ўзгарганлигини текширади, шунингдек суд зарур ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларга эксперт, мутахассис гувоҳларга ҳам нималарга эътибор бериш лозимлиги ҳақида йўналтириш бериши мумкин.
Ашёвий далилларни текшириш, гувоҳларнинг берган кўрсатув-лари ўртасидаги қарама-қаршиликларни аниқлашга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ишни судда кўриш жараёнида ашёвий далилларни текшириш техника, фан, санъат, ҳунар ва бошқа соҳалар ёрдамида аниқлашга зарурият туғилган ҳолларда суд ўз ажрими билан экспертиза тайинлаш масаласини ҳал этади.
Ашёвий далилларни текширишда раислик қилувчи судья ишда иштирок этувчи шахсларни далилнинг қайси жиҳатлари суд учун аҳамиятли эканлиги тўғрисида уларнинг эътибори жалб этилишига йўл қўйилади. Ашёвий далилни текширишда илгари тўпланган маълумотлар билан таққосланиши ва шу билан қайси далиллар асосли эканлигини аниқлаши зарур. Борди-ю суд процесси давомида тақдим этилган маълумотлар ўртасида қарама-қаршиликлар мавжуд бўлса, манфаатдор шахслар савол-жавоб орқали масалага аниқлик киритишлари мумкин. Суд ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг бу ҳаракатлари суд мажлисининг баённомасида ўз ифодасини топиши керак.
2. Ашёвий далилларни текшириш ФПКнинг 63-моддаси асосида далилларни таъминлаш тартиби бўйича текширилган тақдирда бу ҳақда тузилган баённома ишда иштирок этувчи шахсларга ўқиб эшиттириш усули асосида таништирилади.
Суд топшириғи асосида тарафлар, учинчи шахслар, улар вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ҳамда текшириш орқали аниқланган фактик маълумотлар ҳам баённомада ифодаланган ва бу ҳужжат ҳам ишда иштирок этувчи шахсларга таништирилган бўлиши лозим (ФПКнинг 66-моддаси).
Ашёвий далилларни жойда кўздан кечириш, агар бундай далилларни иш кўраётган жойдаги судга келтириш мумкин бўлмаган ҳолларда (унинг ҳажми, сифатини йўқолиши ва ҳоказолар) сабаб бўлган тақдирда йўл қўйилади. Ашёвий далилни жойда кўздан кечириб бажарилган процессуал ҳаракатлар суд мажлисининг баённомасига киритилади, бу эса ўз навбатида ишни мазмунан кўриш жараёнида ўқиб эшиттирилади. Ана шундан кейин ишда иштирок этувчи шахслар тушунтириш беришлари мумкин (Кейинги шарҳларда батафсил ёритилади).
Демак, ашёвий далилларни текшириш аксарият ҳолларда фуқаролик ишини судда мазмунан кўриш жараёнида бажариладиган процессуал ҳаракатлар бўлиб, иш юзасидан қонуний, асослантирилган ва адолатли ҳал қилув қарорини чиқариш учун қаратилган қоидалардан бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |