193-м о д д а. Экспертни сўроқ қилиш
Экспертнинг хулосаси суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Шундан кейин хулосани тушунтириш ва тўлдириш мақсадида экспертга саволлар берилиши мумкин.
Экспертиза кимнинг аризаси бўйича тайинланган бўлса, ўша шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, сўнгра эса, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар саволлар беради.
Суднинг ташаббуси билан тайинланган экспертга биринчи бўлиб даъвогар саволлар беради.
Эксперт сўроқ қилинаётганида судья (судьялар) унга исталган вақтда саволлар беришга ҳақлидир.
1. Иш кўраётган суд (суд мажлисининг тайёрлов босқичида, мазмунан кўриш жараёнида ҳам) агар низо, масалан, фан, техника, санъат, ҳунармандчилик ва ҳоказолар билан боғлиқ бўлиб, уларнинг хулосасини олмасдан ишни ҳал этиш имконияти бўлмаса экспертиза тайинлайди. Экспертиза суд томонидан тарафларнинг талаблари ёинки суднинг ўзини ташаббуси билан ҳам тайинланиши мумкин.
Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига кўра, экспертнинг хулосаси ёзма равишда тузилиши ва у суд мажлисида ўқиб эшиттирилиши кўрсатиб ўтилган, бироқ бу деган сўз эксперт ўзининг хулосасини оғзаки бериши мумкин эмас, деган хулосани бермайди. Эксперт айрим ҳолларда ўз хулосасини оғзаки бериши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда экспертнинг хулосаси суд мажлисининг баённомасига киритилади ва батафсил ўз аксини топиши керак.
Агар эксперт ўз хулосасини ёзма равишда берган бўлса, суд лозим топган ҳолларда уни суд мажлисидаги иштирокини мажбур деб топмаслиги ҳам мумкин, шунда суд эксперт хулосани ўқиб эшиттириш масаласини кўриб чиқади. Ишни кўриш жараёнида эксперт иштирок этган ҳолларда унинг иш юзасидан берган хулосаси суд томонидан ўқиб эшиттирилади. Фуқаролик иши бўйича эксперт кимнинг ташаббуси билан тайинланган бўлса ўша шахс ёки унинг вакили биринчи бўлиб, бошқа шахслар эса улардан кейин саволлар беришга ҳақли. Шахслар томонидан бериладиган саволлар турли шаклда бўлса ҳам бироқ, улар фақат ишга тегишли бўлиши лозим.
Агар суд фуқаролик иши бўйича холис ҳал қилув қарор чиқариш мақсадида экспертнинг хулосаси зарур деган хулосага келган тақдирда ўз ташаббуси билан экспертиза тайинланса, даъвогар суд мажлисида биринчи бўлиб савол беради.
Агар суд экспертни суд мажлисида иштирокини зарур деб топган бўлса-ю, у узрсиз сабабларга кўра қатнашмаган ҳолларда унга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақли. Бундан ташқари, у била туриб ёлғон хулоса берганлик, суд узрсиз деб топган сабабга кўра хулоса беришдан бош тортганлик учун эксперт Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишинча 238 ва 240-моддалари бўйича жавобгар бўлиши мумкин (ФПКнинг 86-моддаси).
2. Юқорида қайд этилганидек, иш кўриш жараёни тўлиғича суд баённомасида ўз ифодасини топмоғи лозим. Худди шу тариқа экспертни сўроқ қилиш тартиби, қўйилган саволлар ва уларга экспертнинг берган жавоблари баённомада ўз аксини топган бўлиши талаб этилади. Бундай тартиб экспертнинг ўз вазифасига қандай ёндашганини билдириш билан ишда қатнашувчи шахсларда баённомани тўғри тузилганлигига шубҳа туғилмайди.
Экспертнинг хулосаси суд учун мажбурий эмаслигига аҳамият бериш лозим. Агар суд экспертнинг хулосаси билан келишмаган тақдирда қўшимча экспертиза тайинлашга ҳақли (Бу ҳақда Фуқаролик процессуал кодекснинг кейинги моддаларида баён этилади).
Do'stlaringiz bilan baham: |