196-м о д д а. Давлат бошқаруви органларининг хулосалари
Суд томонидан процессда иштирок қилиш учун жалб этилган ёки ўз ташаббуси билан процессга киришган давлат бошқаруви органларининг хулосалари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, кейин хулосани ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд, ишда иштирок этувчи шахслар мазкур органларнинг вакилларига саволлар беришлари мумкин.
1. Давлат бошқаруви органларининг вакиллари суд процессида бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иштирок этиш билан ўзларига юклатилган вазифаларни бажарадилар. Бунинг учун суднинг таклифига мувофиқ процессда иштирок этишга жалб этишлари ёки қонунда кўрсатилган ҳолларда процессда қатнашишлари мумкин.
Демак, қонун бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик процессида прокурордан ташқари яна бошқа идоралар ва шахсларнинг ҳам иштирок этишини белгилайди.
Агар прокурор ҳар қандай иш бўйича бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик процессининг иштирокчиси бўла олса, юқорида кўрсатилган идоралар, ташкилотлар ва айрим фуқаролар фақат қонунда кўрсатилган ҳоллардагина фуқаролик процессида иштирок эта оладилар.
Ўзбекистон Республикасининг Оила, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал ва бошқа кодексларида ҳамда қонун ҳужжатларида бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат бошқарув идоралари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг фуқаролик процессида иштирок этиш ҳоллари ва асослари кўрсатилган.
Фуқаролик процессида эса кўпинча ҳокимиятларнинг маориф ва соғлиқни сақлаш бўлимлари қошидаги васийлик ва ҳомийлик идоралари қатнашади. Бу идоралар аксарият ҳолларда фарзандликка олишни бекор қилиш, ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этиш, болани тарбиялаш учун ота-онадан иккинчисига олиб бериш, болаларнинг тарбияси учун алиментлар ундириш, болаларнинг турар-жойга бўлган ҳуқуқлари, вояга етмаганларнинг етказилган зарарнинг ундирилиши ҳақидаги фуқаролик ишларида қатнашадилар. Бундай ҳолларда васийлик ва ҳомийлик вазифаларини амалга ошириш учун ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан халқ таълими бошқармалари, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганларга нисбатан соғлиқни сақлаш бўлимлари, соғлиғининг ёмонлиги туфайли ҳомий тайинланишига муҳтож муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан эса, ижтимоий таъминот бўлимлари жалб қилинади.
Болаларнинг тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларнинг судда кўрилишида ҳомийлик ва васийлик идоралари вакилларининг иштирок этиши зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 173-193-моддаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги қарорида тўғридан - тўғри кўрсатилган.
Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси судлар амалиётида бирмунча мураккаб бўлган фуқаролик ишларида манфаатдор шахслар билан бошқа шахслар ҳовли-жойларни сотиш билан боғлиқ ишлар, иморатларни мерос қилиб олиш тўғрисидаги ишлар, турар-жойларни қайтадан қуриш, тақсимлаш тўғрисидаги талаблар, турар-жойларни ўзгартириш, турар-жой бўлмаган биноларни турар-жойга айлантириш, турар-жой майдонини бўлиш ва алмаштириш, якка тартибда турар-жой қуриш, ер майдонларидан фойдаланиш тўғрисидаги ва бошқа низоли ишлар анча мураккаб ҳисобланади. Бундай ишларнинг кўрилишида, аксарият ҳолларда фуқаролик процессида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг турар-жой билан шуғулланувчи бўлим ва бошқармаларининг вакиллари қатнашадилар.
Юқорида кўрсатилганидек, давлат бошқаруви идоралари фуқаролик процессига давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киришадилар. Процессга киришишдан мақсад давлат бошқаруви идоралари фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд идораларига холисона, қонуний ва адолатли ҳал қилув қарорини чиқаришда ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади.
Давлат бошқаруви идоралари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг фуқаролик процессида иштирок этиш мақсадлари уларнинг олдига қўйилган вазифалар билан белгиланади. Бу вазифаларни, яъни хўжалик масалалари, тарбия, соғлиқни сақлаш, молия ва бошқа соҳалардаги вазифаларни амалга оширишда юқорида кўрсатилганидек, давлат органлари, бошқа ташкилотлар даъво қўзғатадилар ва баъзи ҳолларда ўз фикрларини берадилар. Уларнинг махсус билим ва тажрибаларига асосланган хулосалари фуқаролик ишини тўғри ҳал қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Бошланган процессда иштирок этишда давлат бошқарув органларининг асосий ҳуқуқи низоли ишнинг мазмуни бўйича хулоса беришдан иборат. Масалан, боланинг бир ота ёки онадан олиниб, иккинчисининг тарбиясига бериш тўғрисидаги ишларда васийлик ва ҳомийлик органи, ота-оналардан қайси бири болага яхши шароитлар яратиши ва тўғри тарбия беришликни таъминлаши мумкинлиги ва улардан қайси бирининг тарбиясида боланинг қолдирилиши кераклиги тўғрисида хулоса берадилар.
Фуқаролик иши юзасидан хулосани муайян мутахассис-экспертлар ҳам берадилар. Аммо давлат бошқаруви органлари ва касаба уюшмаларининг техник инспекторлари томонидан бериладиган хулоса ва фикрларни экспертлар томонидан бериладиган хулоса билан алмаштириш мумкин эмас. Эксперт ишнинг ҳал қилинишидан манфаатдор бўлмаган шахс ҳисобланади. У суд қарори билан тайинланади ва ишнинг фақат ҳақиқий ҳолатига оид саволларгагина жавоб беради. Давлат бошқарув органларининг вакили ёки ходимларининг вакиллик органлари эса ишда процесс иштирокчиси сифатида қатнашиб, ўзининг хизмат бурчи туфайли ҳал бўлишига, асосли ва қонуний қарор чиқарилишига манфаатдор шахс бўлиб кўрилади. Бундай органлар ўз хулосасини беришда фақат далилларга баҳо бериш билангина чекланмайдилар. Улар суд мажлисида текширилган барча маълумотларга асосланиб, суднинг қандай қарори уларнинг фикрича тўғри бўлишлиги тўғрисида ўз мулоҳазаларини ҳам айтишлари лозим.
Суд ишни ҳал қилишда давлат бошқаруви органларининг ёки ташкилотининг берган фикрига қўшилмаслиги ҳам мумкин. Бундай фикр ва мулоҳазалар суд томонидан муҳокама қилинади, баҳоланади ва лозим бўлса эътиборга олинади.
Процессда иштирок этиш учун суд томонидан жалб этилган ёки ўз ташаббуси билан процессга киришган давлат бошқаруви органларининг вакиллари суд мажлисида тарафлар ва учинчи шахслардан сўнг сўзга чиқадилар.
2. Қоида бўйича давлат бошқаруви органларининг хулосалари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Агар ишда иштирок этувчи шахсларда, шунингдек суд таркибида тушунмовчиликлар пайдо бўлса, улар саволлар беришлари билан хулосага аниқлик киритилиши мумкин.
Демак, шарҳланаётган ушбу қонунга кўра, давлат бошқаруви органларининг вакили иш бўйича ёзма хулоса бериши лозим. Бу орган вакили судга тақдим этилган хулосани ўқиб бериш билан унинг мазмун моҳиятини тушунтириб бериши лозим, бу тушунтиришлар унинг мазмунига нисбатан қарама-қарши бўлмаслиги керак.
Агар фуқаролик ишини мазмунан кўриш жараёнида суд иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар келиб чиққанлигини аниқлаган тақдирда ва булар давлат бошқаруви органлари томонидан берилган хулосага таъсир кўрсатадиган бўлса, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки шу органнинг вакили томонидан, шунингдек суднинг ташаббуси билан хулосани тўлдириш, ўзгартириш ва қайта кўриб чиқиш учун муддат беради ва суд иш кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақида ажрим чиқаради. Бордию суд, суд жараёнида юзага келган қўшимча далилларни иш учун аҳамиятга эга эмаслиги тўғрисида хулосага келса, иш юритишни давом эттираверади.
Демак, давлат бошқаруви органларининг берган хулосаларида ишда иштирок этувчи шахсларнинг назари бўйича айрим ноаниқликлар мавжуд, деган фикр туғилса, уларнинг имконият даражасида шу иш кўриш жараёнида хулосани ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида савол-жавоблар билан аниқлик киритишга ҳам йўл қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |