198-м о д д а. Суд музокаралари
Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг нутқларидан иборат бўлади.
Суд музокарасида қатнашувчилар ўз нутқларида суд аниқламаган ҳолатларни, шунингдек суд мажлисида текширилмаган далилларни важ қилиб келтиришга ҳақли эмаслар.
Дастлаб даъвогар ва унинг вакили, кейин жавобгар ва унинг вакили сўзлайди. Бошланган процессда низо предметига нисбатан мустақил талаби борлигини арз қилган учинчи шахс ва унинг вакили тарафлардан кейин сўзлайди. Низо предметига нисбатан мустақил талаби борлигини арз қилмаган учинчи шахс ва унинг вакили шу учинчи шахс ишда қайси даъвогар ёки жавобгар томонида иштирок этувчи бўлса, ана шу даъвогар ёки жавобгардан кейин сўзлайди.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар суд музокараларида биринчи бўлиб сўзлайдилар.
Суд томонидан процессда иштирок қилишга жалб этилган ёки процессга ўз ташаббуси билан киришган давлат бошқаруви органларининг вакиллари суд музокараларида тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзлайдилар.
Музокара иштирокчилари бир-бирларига луқма ташлашлари мумкин. Охирги луқма ҳуқуқига доимо жавобгар ва унинг вакили эга бўлади.
1. Фуқаролик иши мазмунан кўриб тамом бўлганлигини эълон қилган раислик қилувчи суд мажлисининг кейинги босқичи-суд музокараларига ўтишини билдиради.
Суд музокаралари иш кўришнинг мустақил ва муҳим қисми бўлиб, унинг мазмун-моҳиятида биринчи инстанция судида иштирок этувчи тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, процессда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этган прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг нутқларидан иборат бўлади. Бу қисмда тарафлар: аввал даъвогар, сўнгра жавобгар ёки уларнинг вакиллари суд мажлисида даъвонинг қандай далиллар билан исботланганлигини ёки исботланмаганлигини, қандай ҳуқуқлар ёки мажбуриятлар белгиланган ёки белгиланмаганлигини тегишли ҳуқуқ меъёрларига ҳавола қилиб (асосланиб) кўрсатадилар. Суд мажлисининг шу қисмида даъвогар қоида бўйича, даъвонинг қаноатлантирилишини, жавобгар эса, агар даъвони тан олмаган бўлса, унинг рад этилишини илтимос қилади.
2. Суд музокараларида сўзга чиққан шахслар маълум вақт билан чегараланмасалар-да, бироқ раислик қилувчи ишга алоқадор бўлмаган масалалар тўғрисида гапирадиган шахсларга, иш юзасидан сўзлашни айтиб, огоҳлантириши мумкин. Суд музокаралари белгиланган процессуал тартиб асосида ўтказилади.
Суд музокараларида дастлаб даъвогар ва унинг вакили, кейин жавобгар ва унинг вакили сўзлайди. Бошланган процессда низо предметига мустақил талаби борлигини арз қилган учинчи шахс ва унинг вакили тарафлардан кейин сўзлайди. Низо предметига нисбатан мустақил талаби борлигини арз қилмаган учинчи шахс ва унинг вакили шу учинчи шахс ишда қайси даъвогар ёки жавобгар томонидан иштирок этувчи бўлса, ана шу даъвогар ёки жавобгардан кейин сўзлайди.
Прокурор, шунингдек давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ФПКнинг 5-моддасида кўрсатилган тартибда иш бошлаган бўлсалар, суд муҳокамасида биринчи бўлиб сўзлайдилар.
Суд томонидан процессда иштирок қилишга жалб этилган ёки процессга ўз ташаббуси билан киришган давлат бошқаруви органларининг вакиллари суд музокараларида тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзлайдилар (ФПКнинг 198-моддаси).
3. Тарафлар, шунингдек учинчи шахсларнинг суд музокараларида сўзлаган тушунтиришларида, жумладан фуқаролик ишларини қандай ҳал этиш лозимлиги ҳақида сўзласалар-да, тегишли қонун ҳуқуқий меъёрлар билан асослаб таҳлил этиш кўп талаб этилмайди. Лекин, ишни таҳлил қилишда прокурор, адвокат, юристь консультлар моддий ва процессуал ҳуқуқий меъёрларга амал қилган ҳолда ўз фикрларини билдиришлари талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |