2. Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарори чиқарилган вақт ва жой, ҳал қилув қарори чиқарган суднинг номи, судьянинг фамилияси (суд таркиби) суд мажлисининг котиби, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар кўрсатилади.
3. Ҳал қилув қарорининг баён қилиш қисмида даъвогарнинг талаби, жавобгарнинг эътирози ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг баёнотлари кўрсатилиши керак.
Ҳал қилув қарорининг баён қисми мумкин қадар қисқа ёзилиб, низонинг нимадан иборат эканлиги тўла баён қилинмоғи лозим. Бу қисмда даъвогарнинг талаблари ва уларнинг асослари, шунингдек даъвогарнинг талабига қарши жавобгарнинг эътирозлари ва уларга асос бўлган материаллар баён қилинади. Агар учинчи шахс мустақил талаб билан арз қилган бўлса, бу қисмда учинчи шахсларнинг ҳам иштирок этганликлари ва уларнинг талабларини кўрсатиш лозим. Агар иш юзасидан бир марта ҳал қилув қарори чиқарилиб, апелляция, кассация ёки назорат тартибида иш бекор қилинган бўлса, муқаддам қарорлар чиқарилганлиги ва юқори суд ўзининг ажримида қандай кўрсатмалар бергани кўрсатилиши керак.
Суд амалиётида ҳал қилув қарорининг баён қилиш қисмини ёзишда турли хатолар учрайди. Баъзан бу қисмда ишдаги барча ҳолатларнинг мазмуни, тарафларнинг барча тушунтиришлари ҳеч бир зарурат бўлмаса ҳам тўла равишда ёзилган бўлади.
Қарорда тарафлар ўртасидаги даъво мақсадини аниқлаш учун зарур бўлган далилларгина баён қилиниши, яъни даъвогарнинг нимани ва қандай асосга биноан ўша нарсани талаб қилганлиги ва жавобгар даъвогарнинг қандай талабларига ва нима учун эътироз қилинганлиги кўрсатилиши лозим.
4. Ҳал қилув қарорининг асослантириш қисмда ишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлари, ишнинг ҳолатлари тўғрисидаги суд хулосаларига асос бўлган далиллар, суд у ёки бу далилни рад қилишда асосланган хулосалар, суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари кўрсатилмоғи лозим. Агар жавобгар арз қилинган талабни тан олса, асослантириш қисмида фақат арз қилинган талабнинг тан олинганлиги ва унинг суд томонидан қабул қилинганлиги кўрсатилиши мумкин.
Ҳал қилув қарорининг асослантириш қисмида суд, тарафлар топширган ҳужжатларни, суд мажлисида аниқланган далилларни таҳлил қилиб, тарафлар ўртасидаги муносабатлар тўғрисида чиқарилган хулоса ва бу муносабатларга берилган юридик баҳони кўрсатиши лозим. Бошқача айтганда, суд ҳал қилув қарорининг шу қисмида далилларга баҳо беради, қандай далиллар аниқланган деб ҳисобланганини ва даъвогарнинг қандай талаблари ёки жавобгарнинг қандай эътирозларини тўғри деб ҳисобланганини кўрсатиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1992 йил 19 июндаги «Суд амалиётида фуқаро ва ташкилотларнинг шаън ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши ҳақидаги қонунларини қўллаш ҳақида»ги қарорида судлар ҳал қилув қарорини чиқаришда ҳамма вақт ҳам шаън қадр-қимматга путур етказувчи маълумотларга раддия беришнинг аниқ усули ҳамда раддия берлиши лозим бўлган муддатларни кўрсатилмаслиги, суд харажатларини ундириш масаласини муҳокама қилинмаслиги кўрсатиб ўтилган.1
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги Пленум қарорида ҳам, кўпчилик ишлар бўйича суднинг ҳал қилув қарорлари Фуқаролик процессуал кодекси талабларига жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилган.
Судьялар ишдаги ҳужжатларга, далилларга шахсий фикрларига қараб баҳо берадилар. Аммо судьяларнинг фикрлари асоссиз фикр бўлмаслиги керак. Бу фикр ишнинг суд аниқланган ҳолатларига асосланган бўлмоғи лозим. Суднинг ҳал қилув қароридан ва бу қарорни текширувчи юқори судга, суднинг нима учун шундай қарорга келганлиги ва тарафларнинг талабларини тўғри ёки нотўғри деб топишга қандай асоси борлиги очиқ кўриниб турсин. Бундан ташқари, суд нима учун у ёки бу қонунни моддий-ҳуқуқий нормани қўллаганлигини кўрсатиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Суднинг ҳал қилув қарори» ҳақидаги қарорида айрим судларнинг ҳал қилув қарорини чиқаришда қўлланиши лозим бўлган қонунларни кўрсатилмаслиги ва уни етарли даражада далиллар билан асосламаслиги қайд этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |