200-м о д д а. Ишни мазмунан кўришни тиклаш
Суд музокараларини эшитгач, суд иш учун аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текширишни зарур деб топса, ишни мазмунан кўришни тиклаш тўғрисида ажрим чиқаради. Ишни мазмунан кўриш тамом бўлганидан кейин, суд музокаралари умумий тартибда ўтказилади.
1. Биринчи инстанция судида суд музокараларда тушунтириш берган шахслар иш учун аҳамиятли, суд текширмаган ҳолатлар факт ва далилларни қўшимча келтиришлари мумкин. Айниқса, даъвогар жавобгар тушунтиришларида, прокурор фикрида ҳамда давлат бошқаруви органларининг хулосаларида илгари текширилмаган ёки етарли баҳо берилмаган фактлар, далиллар келтирилиши мумкин.
Агар суд тарафларнинг, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг қўшимча равишда тақдим этилган материаллар ва баён қилган тушунтириш ва талаблари билан келишган тақдирда, иш кўришни яна қайта, мазмунан кўриш (иш кўришни тиклаш) тўғрисида хулосага келиши мумкин. Суднинг бу ҳаракатлари ажрим чиқариш билан расмийлаштирилади. Ишни қайта кўриш тўғрисида суднинг ташаббусидан ташқари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаби билан ҳам қайта тикланиши мумкин.
Ишни мазмунан кўришни тиклаш ҳақидаги масалани ҳал этишдан аввал судья суд музокарасида қатнашувчиларнинг нутқларида келтирилган, суд аниқламаган ҳолатларни, шунингдек суд мажлисида текширилмаган далиллар қанчалик иш учун аҳамиятли эканлик ҳолларига эътибор бериши лозим.
Шу боисдан ҳам ишни судда мазмунан кўришда иштирок этувчи шахслар суд мажлисини тўлиқ ва мазмунли ўтказиш мақсадида иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлашни ва суд текширувига тақдим этилган далиллар бўйича иш кўришни тиклаш масаласини суддан талаб этишга ҳақлидирлар. Суд иштирокчилари ишига оид материалларни текширишда фаол қатнашишлари лозим.
Агар суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят бериш учун тегишли далилларга асосланган тақдирда ва бу далиллар биринчи инстанция судига берилмаган бўлса, манфаатдор шахс бу ҳолатни асослаб берган тақдирдагина, бу далиллар иш учун аҳамиятли деб ишга қабул қилиниши мумкин.
Юқорида таъкидлаганимиздек, агар суд ишни мазмунан қайта кўриш лозим деган хулосага келган тақдирда иш яна умумий қоидаларга асосланган ҳолда мазмунан кўрилиб, унда тарафларни музокара сўзлари, прокурор тушунтириш ёки фикр бериши, шунингдек судья тарафларга луқма сўзларидан фойдаланиш имкониятини беради.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, ишни мазмунан кўришни тиклаш деганда (иш материалларида айрим ноаниқликларнинг бўлиши сабабли, шу ишни биринчи инстанция судида кўриб тўлдириш) иш учун аҳамиятли бўлган факт ва далилларни тегишли тартибда текширилмаганлиги туфайли уларни ўрганиш учун шу суд мажлисини қайта бошлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар тушунилади.
Ишни мазмунан кўришни тиклашни биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарори, ажрими юзасидан юқори судларга шикоят ва протест келтириш ва шулар асосида ишни қайта кўришдан фарқига эътибор бериш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |