189-м о д д а. Ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисида
арз қилиш
Ишда мавжуд бўлган ҳужжат қалбаки деб арз қилинган тақдирда, бу ҳужжатни тақдим этган шахс уни далиллар қаторидан чиқариб, ишни бошқа далиллар асосида ҳал этишни суддан илтимос қилиши мумкин.
Агар ҳужжатни тақдим этган шахс бундай арз билан мурожаат қилмаса ёки ҳужжат суднинг ўз ташаббуси билан талаб қилиб олинган бўлса, ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисида арз қилган шахс ўзининг даъвосини исбот қилиши шарт.
1. Фуқаролик ишларини судда кўриш чоғида ишда иштирок этувчи шахслар тақдим этилган ҳужжатларнинг айримларига нисбатан қандайдир шубҳа билан қараган тақдирда унинг қалбакилиги ҳақида судга арз қилишга ҳақли бўлади. Бундай ҳолларда судга ҳужжатни тақдим этган даъвогар, жавобгар ва бошқа шахслар унинг далиллар қаторидан чиқариб ташлашлиги ҳақида суддан илтимос қилишга ҳақли. Бу қоиданинг моҳияти бундай далилларни исботлаш воситалари қаторидан чиқариш билан суддан иш бўйича қонуний қарор чиқаришга қаратилганидир.
Суд амалиётида ҳужжатларнинг қалбакилиги тўғрисида судга арз қилиш иш кўришни тайёрлов босқичида, шунингдек мазмунан кўриш жараёнларида бўлиши мумкин.
Ҳужжатларни қалбакилаштириш деганда, унинг мазмунини, шаклини, шунингдек айрим жиҳатларини ўзгартиришга қаратилган ғайриқонуний ҳаракатлар тушунилади. Қалбаки ҳужжатларнинг предмети бўлиб турли хил расмий ҳужжатлар, бланкалар бўлиб, бу ҳужжатлар давлат органлари, жамоат ташкилотлари, корхоналар, муассасалардан чиқадиган ёзишмалар, фуқаролар томонидан тузиладиган шартномалар, битимлар, мерос ҳақидаги васиятномалар ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Бундай ҳужжатларни тегишли шахс ўзининг манфаатини кўзлаб берилган вақтини, амал қилиш муддатини, муҳр-штамплари, имзоси ва бошқаларга ғайриқонуний тартибда киритилган ўзгаришлар бўлиши назарда тутилади.
Ҳужжатни қалбакилаштириш туфайли шу шахсга унинг манфаатини кўзловчи ҳуқуқий оқибат туғдирилиши мақсадида бўлишига аҳамият бериш лозим.
Амалиётда ҳужжатларни қалбакилаштириш тури ҳар хил кўринишда бўлиб, ҳужжатнинг айрим жиҳатларини, масалан: маълумотнома, гувоҳнома, ишончнома ва ҳоказолар бўлган вақти йили, раҳбарнинг имзосини ўзгартириш билан уни мазмун-моҳиятига ҳам муҳим ўзгартиришлар киритишга қадар бўлиши мумкин.
Раислик қилувчи судья ҳужжатларнинг қалбакилиги тўғрисидаги аризани текширишда уни ўзгартириш лозим деган хулосага келган ҳолларда тегишли чораларни зудлик билан кўриши талаб этилади.
Исботлаш воситаси сифатида тақдим қилинган ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисида ишда иштирок этувчи ҳар қандай шахс арз қилишга ҳақли. Ҳужжатни тақдим этган шахс эса, ўз навбатида бунга нисбатан ўз фикрини билдириши бундай ҳолларда арз қилган шахс ўз талабини қанчалик тўғрилигини ҳар томонлама асослаши лозим. Худди ана шундай ҳаракат, агар судьянинг ташаббуси билан амалга оширилган тақдирда ҳам ҳужжатни тақдим этган шахс уни қалбаки эмаслигини исботлаши керак.
Ҳужжатларнинг қалбакилиги тўғрисидаги арзни суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг иштирокида уларнинг фикрини эшитган ҳолда ҳал этади ва шу ҳақда ажрим чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |