Ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳ сўроқ қилиб бўлингач, суд мажлиси залидан чиқариб юборилади, суд бу гувоҳнинг мажлис залида бўлишини зарур деб топган ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур моддада фуқаролик иши бўйича ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳни сўроқ қилиш тартиби ҳақида сўз боради. Қоидага кўра, ўн олти ёшга тўлмаган шахслар деганда вояга етмаган болалар тушунилади. Уларни сўроқ қилиш тартиби ўзига хос хусусиятга эга. Одатда ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳларни сўроқ қилиш зарурияти асосан никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уни чеклаш, болани кимнинг тарбиясида қолдириш, бола билан учрашув вақтини белгилаш, фарзандликка олишни бекор қилиш ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш, меросга эгалик ҳуқуқини белгилаш, меросни бўлиш ёки ундан воз кечиш билан боғлиқ фуқаролик ишларини судда мазмунан кўришда вужудга келади.
Ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳларни сўроқ қилишда мутахассис, ота-оналари, фарзандликка олганлар, васий ва ҳомийларнинг иштироки таъминланади ҳамда улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-240 моддалари бўйича огоҳлантирилмайди.
Зарурият туғилганда ишда иштирок этувчи шахслар суднинг ажрими билан суд мажлиси залидан чиқарилиб, алоҳида сўроқ қилинади, сўроқ қилингач, суд мажлиси залидан чиқарилиб юборилади.
186-м о д д а. Гувоҳларнинг кўрсатувларини ўқиб эшиттириш
Суд томонидан ушбу Кодекснинг 63, 65, 66 ва 72-моддаларида назарда тутилган тартибда гувоҳлардан олинган кўрсатувлар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади.
1. Фуқаролик ишларини судда кўришда процессда қандайдир сабабларга кўра иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган шахслар ўзларининг кўрган билганларини ёзма равишда билдиришга ҳақлидирлар. Шу сабабли процессуал қонунда назарда тутилган ҳолларда гувоҳлар ўз кўрсатувларини ёзма равишда берган тақдирда уни суд мажлисида раислик қилувчи судья ишда иштирок этувчи шахсларга ўқиб эшиттириши лозим. Бундай тартибнинг киритилишидан мақсад, гувоҳнинг узоқ жойларда яшашлиги ва бошқа объектив ҳолатлар процессда қатнаша олмаслигига асос бўлиши мумкин. ФПКнинг 63-моддасида назарда тутилган ҳолларда судья аризачининг илтимосига кўра, далилларни таъминлаш учун судга мурожаат қилишга ундаган сабаблар аризада кўрсатилиши ва шунга асосан суд далилларни таъминлаш тўғрисида ажрим қабул қилади. Шунга кўра далилларни таъминлаш бўйича суд ишда иштирок этувчи шахслар ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида маълум қилинади, бироқ улар судга келмаган тақдирда ҳам далилларни таъминлаш масаласини суд кўриб чиқишга ҳақли.
Булардан ташқари, гувоҳлардан олинадиган кўрсатувлар ишни кўраётган суд учун бошқа туман ёки шаҳарда далилларни тўплаш зарур бўлган ҳолларда тегишли ҳудуддаги судга айрим процессуал ҳаракатларни амалга ошириш бўйича топшириқ юборган суд топшириғини олгандан сўнг суд мажлисида ўқиб эшиттириши лозим (ФПКнинг 65-моддаси). Бу қоидада ҳам ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида маълум қилинади. Уларнинг келмаслиги суд ҳаракатларни бажаришга тўсқинлик қилмайди.
Процессуал қонунларга кўра, гувоҳлар ўзларининг турар жойларида ҳам сўроқ қилинишлари мумкин. Бунинг учун ишни кўраётган суд жойлашган ердан ташқарида доимий яшайдиган ва узрли сабабларга кўра суд мажлисига келиш имкониятига эга бўлмаган гувоҳлар суднинг ташаббуси билан ёки бошқа шахсларнинг илтимосларига кўра сўроқ қилиниши лозим бўлган шахс, шу жойда, яъни у яшаб турган жойдаги суд томонидан суд топшириғига асосан сўроқ қилинишига йўл қўйилади. Агар суд топшириғига асосан кўрсатув берган гувоҳлар ишни кўраётган суд мажлисига келсалар, улар яна сўроқ қилинишлари мумкин.
Фуқаролик иши қонунда кўрсатилган сабабларга кўра бошқа кунга қолдирилган ҳолларда ҳам, кейинчалик процессга келиш имконияти бўлмаган гувоҳларни ҳам сўроқ қилишга йўл қўйилади.
Фуқаролик ишини кўришда судья юқорида келтирилган ҳолатлар бўйича тўпланган далилларни ишда тўпланган бошқа далиллар билан бирга қўшган ҳолда баҳолайди. Ишда иштирок этувчи шахслар эса, гувоҳларнинг кўрсатувларини, суд топшириқлари ёки далилларни таъминлаш бўйича тузилган баённомага аниқлик киритиши ёки уларга нисбатан эътирозлар билдириш мақсадида судья тўпланган ёзма ҳужжатларни ўқиб эшиттириши лозим.
2. Юқорида баён этганимиздек, агар гувоҳлар ўз тушунтиришларини ёзма равишда берган бўлса-да, улар суд мажлисига келиб қолган тақдирда судья гувоҳни умумий тартибда сўроқ қилаверади. Гувоҳнинг илгари берган ёзма кўрсатувида ноаниқликлар бўлган тақдирдагина раислик қилувчи уни ўқиб эшиттириши мумкин.
Қонунда кўрсатилганидек, агар топшириқни бажараётган судга тушунтиришлар ёхуд кўрсатувлар берган ишда иштирок этувчи шахслар ёки гувоҳлар ишни кўраётган судга келсалар, улар ҳам юқорида баён этилганидек, умумий тартибда тушунтиришлар ёки кўрсатувлар беришга ҳақлидирлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |