187-м о д д а. Ёзма далилларни текшириш
Ёзма далиллар ёки уларни кўздан кечириш тўғрисида ушбу Кодекснинг 63, 65, 66 ва 72-моддаларида назарда тутилган тартибда тузилган баённомалар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса, эксперт, мутахассис ва гувоҳларга танишиш учун тақдим этилади. Шундан кейин ишда иштирок этувчи шахслар мазкур далиллар хусусида тушунтиришлар беришлари мумкин.
1. Агар судья ишни судда кўриш жараёнида тўпланган далилларни ҳар томонлама текширмас экан, иш юзасидан асослантирилмаган, қонуний бўлмаган ҳал қилув қарор, ажрим чиқариш учун асос бўлади. Шу боисдан ҳам ҳар қандай ёзма далил фуқаролик ишининг асоси деб қаралар экан, уларнинг мазмун-моҳияти ишда иштирок этувчи шахслар, уларнинг вакилларига етказилиши лозим. Бундан мақсад шуки, процессда қатнашувчи шу ишга дахлдор шахсларни ёзма далилларни иш учун қанчалик аҳамиятли эканлигига эътиборни қаратишдан иборатдир.
Юқорида баён қилганимиздек, масалан, агар далилларни таъминлашда тарафлар, учинчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилганда, ашёвий далиллар талаб қилиб олинганда ёки кўздан кечирилганда, жойга бориб кўздан кечирилганда булар ҳақида баённома тузилади. Худди шу тахлитда суд топшириқларини бажаришда ҳам топшириқни бажарган суд баённомани ва топшириқни бажарганда тўпланган материалларни ишни мазмунан кўраётган судга юборади, суд эса ўз навбатида шу ҳужжатларни ишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларга ўқиб эшиттириши лозим.
Бу қоидадан аввал шарҳланган ФПКнинг 186-моддасида ҳам суд мажлисига узрли сабабларга кўра келмаган ёки бошқа ҳудудда яшовчи гувоҳни суд топшириғига асосан ўз гувоҳлигини ёзма равишда берган гувоҳни ҳам кўрган, билган, эшитганларини ўқиб бериш уларнинг тушунтиришлари нафақат ишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар учун, шунингдек барча процесс иштирокчилари учун аҳамиятлидир (ФПКнинг 63-65, 66, 72-моддалари).
Ушбу шарҳланаётган қоида ФПКнинг 186-моддасида кўрсатилган гувоҳларнинг кўрсатувларини суд мажлисида ўқиб эшиттиришдан бирмунча фарқланиб, ёзма далилларни текширишда тузилган баённомалар суд мажлисида ўқиб эшиттирилиши ва зарур ҳолларда эксперт, мутахассис ҳамда гувоҳларни таништириш билан ажралади. Ишда иштирок этувчи шахслар ҳам ўз навбатида тўпланган далиллар, шунингдек тузилган баённомалар бўйича ўзларининг фикр-мулоҳазаларини тушунтириб беришлари мумкин.
Агар ёзма далилларни текшириш жараёнида судья тақдим қилинган далилларнинг мазмун-моҳияти чуқур, ҳажми катта бўлган тақдирда судья ишни батафсил ўрганиб чиқиш мақсадида танаффус эълон қилиши, лозим ҳолларда эса иш кўришни муддати ва вақтини кўрсатган ҳолда бошқа кунга қолдириш ҳақида ажрим қабул қилиши мумкин.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, фуқаролик ишини судда кўриш учун тўпланган айрим далиллар, агар улар тарафлар ёки судьянинг ташаббуси билан судга тақдим этилган бўлса, бу материаллар албатта ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилиниш тартибига эътибор бериш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |