Тош қирғий – Accipiter badius (Gmelin, 1788)
Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган йиртқич қуш (каптардек). Умумий узунлиги 30-38 см, қанотининг узунлиги 18-23 см, оғирлиги 190-270 г. Учаётганда қирғийга ўхшайди, фақат ранги оч, қанотлари узунроқ, ингичкароқ ва қора учли бўлиши билан фарқланади. Бошқа йиртқич қушларга ўхшаб, урғочилари эркакларидан каттароқ. Эркагининг усти кўкимтир-қўнғир, остки томони оқ кўндаланг қизғиш йўлли, томоғида узунасига кетган тўқ йўл бор. Урғочисининг усти қўнғир, остки томони оқ, кўндаланг қўнғир йўлли. Оёқлари калта ва йўғон, сариқ, кўзлари оловранг. Тарқалиши. Африка ва Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда уялашда, учиб ўтишда ва қишлашда учрайди. Нурота тоғ тизмасида учиб ўтиш даврида учрайди, уялаши ҳам мумкин.
Яшаш тарзи. Очик жойлари бор сийрак ўрмонларда, ўзлаштирилган ерларда, аҳоли яшайдиган ерларда, шунингдек, катта шаҳарларда (Тошкентда ҳам) яшайди. Уясини дарахтларда 3-17 м баландликда жойлашади. Уясининг четларига ва остига ҳар доим яшил барглар тўшайди, ва шу билан қирғий уясидан фарқланади. Ўрта Осиёда май оҳирида 3-4та тухум қўяди ва 33-35 кун давомида босиб ётади. Ёшлар июльнинг оҳирида-августнинг бошида уча бошлайди. Ушбу даврда уларнинг «тюю-вик», «тюю-вик» деган қичқириклари эшитилиб туради, бу эса ҳар бир жуфтининг яшайдиган жойларини аниқлашда ёрдам беради. Судралиб юрувчилар, майда сутэмизувчилар, майда қушлар, йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Одатда очик жойларда ов қилади. Қирғийдан фарқли, ўлжани кўпинча ерда ўшлайди.
Сони. Нурота тоғ тизмасида учиб ўтиш даврида учрайди, якка қушлар йил давомида ҳам кўзатилади, аммо уялаш ҳакида маълумотлар йўқ.
Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.
Қарчиғайлар оиласи - Accipitridae
Оқ сор – Buteo lagopus (Pontoppidan, 1763)
Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги йиртқич қуш. Танаси ихчам тузилган, қанотлари узун ва кенг, думининг нисбатан калта, кенг ва думалоқ учли. Умумий узунлиги 50-60 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 120-150 см, оғирлиги 850-1200 г га етади. Эркак ва урғочи бир хил рангда, лекин урғочилари йирикроқ. Сариқ сорга ўхшайди, лекин ранги билан фарқ қилади. Учаётганда унинг оқиш ранги кўриниб туради, оч тусдаги қанотлари остида ва думининг учида кенг қорамтир йўл бўлади. Қанотларининг эгиладиган жойида қорамтир доғи бор. Оёқлари бармоқларгача пат билан қопланган, бу ўзига хос белги бошқа сор турлардан фарқланади ва яқин масофада кўринади.
Тарқалиши. Евросиё ва шимолий Американинг тундраларда уялайди, мўътадил ерларида қишлайди. Ўзбекистонда текислик ҳудудларда қишловда кузатилади.
Ҳаёт тарзи. Фақат шимолий ҳудудларда, тундра ва ўрмон-тундрада уялайди. Қишда очиқ жойларни (далалар, даштлар, яримчўллар) хуш кўради. Кемирувчи, баъзан қушлар ва қуёнлар билан озиқланади, айрим ҳолларда ўлаксаларни ҳам ейди.
Сони. Нурота тоғ тизмаси тоғ олди ва Жануби-Шарқий Қизилқумда жуда кам ҳолда қишловда кузатилган.
Ҳолати. CITES нинг II иловасига киритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |