Қора калхат – Milvus migrans (Boddaert, 1783)
Ташқи кўриниши. Қарчиғайлар оиласига мансуб ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қарғадан 1,5 баробар йирикроқ, узун ва кенг қанотли ва узун думли. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 160-180 см, умумий узунлиги 55-60 см, оғирлиги 630-950 г га етади. Ранги қўнғир, қари қушларнинг боши оч тусда бўлади. Думида ўйилма бор. Шу туфайли бу тур ҳудудимизнинг бошқа йиртқич қушлардан тез фарқланади. Овози - тез-тез «ки-ки-ки» ёки майин хуштак.
Тарқалиши. Евросиё, Африка, Австралияда кенг тарқалган. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида барча ҳудудларда учрайди. 1960-йилларгача Нурота тоғларда уялаши одатий эди, ҳозир уялаш жойларида безовта қилиниши ва тоғ воҳаларининг ўзлаштирилиши натижасида жуда кам сонда уя қуради.
Яшаш тарзи. Ўрта Осиёда учиб ўтувчи қуш, тропик ҳудудларда ўтроқ бўлиб яшайди. Одатда сув ҳавзалари ёнида ўрмонлар атрофида, Ўрта Осиё тўқай ва қайир тоғли ўрмонларда уя қуради. Ўзлаштирилган ерларда, аҳоли яшайдиган жойлар атрофида ҳам уялаши кузатилган. Уясини дарахтда жойлаштиради. Март ойида учиб келади. Апрелда 2-4та тухум қўяди. 30 кун давомида тухумни фақат урғочи босади, эркаги эса ўлжани олиб келади. Полопонлари июн-июлда уча бошлайди. Кузги учиб ўтиш даври – сентябр-октябрда, баъзан Ўзбекистонда қишлайди. Қора қалхат озиқага бефарқ қарайди. Турли ўлаксалар ва ташландиқлар, кемирувчилар, амфбиялар, калтакесаклар, ҳашаротлар, қушлар, уларнинг болалари ва тухуми билан озиқланади.
Сони. Нурота тоғ тизмасида ва Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларида учиб ўтиш даврида учрайди, аммо кам сонда кузатилган. 1960-йилларгача Нурота тоғларда уялаши одатий эди. Ҳаётсойда 1982 йилгача бир жуфти уяладиган, махаллий ахоли вакиллари айтишларича, 1990-йилар оҳиригача яна бир жуфти Сентобсойда уя қурган. Ҳозир уялаш жойларида безовта қилиниши ва тоғ воҳаларининг ўзлаштирилиши натижасида уя қуриши номаълум эди.
Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.
Дала бўктаргиси – Circus cyaneus (Linnaeus, 1766)
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қанотлари узун ва ингичка, думи узун. Эркакнинг оғирлиги 0,3-0,4 кг, урғочининг - 0,4-0,7 кг, умумий узунлиги 43-56 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 100-124 см. Эркаги урғочидан туси билан катта фарқ қилади. Эркагининг умумий туси оч кулранг, белида кенг оқ йўл мавжуд, қанотларининг учи қора бўлади. Учаётганда қанотларининг четида тўқ кулранг йўл кўринади. Урғочисининг усти томони қўнғир, остки томони сарғиш-қўнғир чипор рангда, думининг асоси оқ, думи ва қанотларининг пастки қисмида 3 та тўқ йўллар мавжуд. Бўйнида кўндаланг оч йўл («бўйинбоғ») бор, кўзлари атрофида оч ҳалқа бўлади. Учаётганда бир текисда парвоз қилади ва қанотларини кам қоқади.
Тарқалиши. Евросиёда уялашда кенг тарқалган, тундрадан даштларгача ва Ғарбий Европадан Узоқ Шарқгача. Нурота тоғ тизмасида фақат учиб ўтиш даврида учрайди.
Яшаш тарзи. Ўрмон ва бутазор атрофида бўлган очиқ жойларни (далалар, ўтлоқлар, ботқоқликлар) танлайди. Тоғларда ўрмон юқори чегарасида ҳам яшайди. Кемирувчилар, қурбақалар, қушлар, йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Уялашни май ойида бошлайди. Уясини ерда қалин ва баланд ўтлар орасида жойлаштирилади. 3-5 та (камдан-кам 6 та) тухум қўяди. Полапонлар июнь ойининг биринчи яримида очиб чиқади, июл ойининг иккинчи яримида учишни бошлайди. Баҳорги учиб ўтиши Нурота тоғ тизмасида март ойининг иккинчи яримида – апрель ойида, кузги учиб ўтиши сентябрь ойида бўлади.
Сони. Нурота тоғ тизмасида, Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларда ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида кам сонда учрайди.
Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |