Дашт бўктаргиси – Circus macrourus (S.G.Gmelin, 1771)
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қанотлари узун, ингичка ва ўткир, думи узун. Эркакнинг оғирлиги 300-500 г, урғочининг 370-600 г, умумий узунлиги 43-53 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 95-120 см га етади. Бошқа бўктаргилар сингари, эркаги урғочидан туси билан катта фарқ қилади. Эркагининг устки томони оч кулранг, остки қисми оқ, думида кўндаланг кулранг йўллар бор, қанотларининг учи қора бўлади. Урғочисининг усти қўнғир, танасининг пастки қисми қизғиш, белида оқ йўл мавжуд. Кўзлар атрофида оч ҳалқа, бошининг ёнида кенг ярим ой шаклида тўқ қўнғир йўл, бўйнида оч «бўйинбоғ» бор. Думи ва қанотларининг пастки қисмида 2 та тўқ йўллар мавжуд. Катталарнинг кўзлари ва оёқлари сариқ рангда. Ёш қушлар ранги билан урғочисига ўхшайди, аммо патларининг асосий туси қизғиш, кўзлари тўқ бўлади. Бошка бўктаргилар фарқли, қанотлари учли, учиши тез. Учаётганда бу қуш балиқчига ўхшайди.
Тарқалиши. Шарқий Европа, Кавказ, Сибир, Қозоғистон, Шимолий Эронда уялайди. Қишни Африка, Ҳиндистон, Покистон, Эронда қишлайди. Ўзбекистонда фақат учиб ўтиш даврида учрайди.
Яшаш тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Очик ландшафтларда, ўрмон-дашт, дашт ва чўлларда сув ҳавзалари ёнида яшайди. Уясини ерда қалин ва баланд ўтлар ва бутазор орасида орасида жойлаштиради. 3-6 та тухум қўяди (одатда 3-4 та). Кемирувчилар, майда қушлар ва унинг тухумлари, калтакесаклар йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Баҳорги учиб ўтиши март-май ойларида, кузги учиб ўтиши август-сентябрьда бўлади.
Сони. Нурота тоғ тизмасида, Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларда ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида кам сонда учрайди.
Ҳолати. Ўзбекистоннинг Қизил китобига 3 (NT) – заифга яқин тур тоифасида киритилган. Ҳалкаро ва Россия Қизил китобига, CITESнинг II-Иловасига киритилган. Овлаш ман этилган.
Ўтлоқ бўктаргиси – Circus pygargus (Linnaeus, 1758)
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қанотлари узун, ингичка ва ўткир, думи узун. Ўрта Осиёда учрайдиган бўктаргиларнинг энг кичик вакили. Эркакнинг оғирлиги 0,25–0,3 кг, урғочининг 0,3–0,45 кг, умумий узунлиги 41-52 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 100–115 см га етади. Бошқа бўктаргилар сингари, эркаги урғочидан туси билан катта фарқ қилади, эркаги урғочидан нисбатан кичик. Эркагида танасининг устки томони, боши ва кўкраги кулранг, остки қисми оқ бўлиб, тўқ доғлар бор. Қанотларининг учи қора (бу қора доғи катта бўлиши билан дала ва дашт бўктаргилардан фарқ қилади). Қанотининг остида узунасига кетган иккита, устида битта қора йўл бор, думи кўндаланг тўқ йўлли. Урғочиси дала бўктаргисининг урғочига ўхшайди, фақат белидаги оқ йўли ингичка, бўйнида оч «бўйинбоғи» йўқ. Қанотларининг пастки қисмида 3 та тўқ йўллар мавжуд. Катталарнинг кўзлари сариқ. Ёшларнинг боши, бўйни ва танасининг ости қизғиш рангда, танасининг усти қўнғир, кўзлари тўқ.
Тарқалиши. Европа, Кавказ, Сибир, Қозоғистон, Ўрта Осиё, Шимолий Эронда уялайди. Шимолий Африка, Ўртаер денгизи атрофида, Ўрта Осиёда ва Ҳиндистонда қишлайди. Нурота тоғ тизмасида фақат учиб ўтиш даврида учрайди. Айрим жуфтлар Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларида уялаши мумкин.
Яшаш тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Дарёлар водийсида, кўллар қирғоқларида, ўтлоқларда, далаларда, боткоқлиқларда, ўрмон-дашт ва даштларда учрайди. Кемирувчилар, қушлар, қурбақалар, калтакесаклар, йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Очик жойда ов қилади. Ерга уя қуради. Баҳорги учиб ўтиши Нурота тоғ тизмасида март ойининг иккинчи яримида – апрель ойида, кузги учиб ўтиши сентябрь-октябрьда бўлади.
Сони. Нурота тоғ тизмасида, Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларда ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида кам сонда учрайди.
Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |