Қарчиғайлар оиласи - Accipitridae
Кичик бургут (пакана бургут) – Hieraaetus pennatus (Gmelin, 1788)
Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги йиртқич қуш. Умумий узунлиги 45-53 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 100-132 см, оғирлиги 500-1300 г га етади. Эркак ва урғочи бир хил рангда, лекин урғочилари йирикроқ. Туси икки хил бўлади – оч тусдаги ва тўқ тусдаги қушлар учрайди Тўқ тусдаги қушларнинг танаси жигар ранг ёки қўнғир рангда, оч тусдаги қушларнинг устки томони оч қўнғир, остки томони оқиш ёки сарғиш бўлиб, учаётганда қанотларининг четида тўқ қўнғир йўл кўринади. Белида оқ йўл ва елкасида иккита оқ доғ бўлади. Думи узун, оч учли. Оёқлари бармоқларгача пат билан қопланган. Кўзлари тўқ, жигарранг, тумшуғи қора, оёқлари сариқ. Учиши тез ва устаомон. Учаётганда қанотлари кўпинча камонсимон қайрилган бўлади. Овози баланд, «кли-кли-кли» деб қичқиради.
Тарқалиши. Евросиё, Шимолий-Ғарбий Африка ва Австралияда тарқалган. Евросиёда Жанубий ва Шарқий Европа, Кавказ, Жанубий Сибир, Қозоғистон, Ўрта, Ғарбий ва Жануби-Шарқий Осиёда, Мўғулистонда уялашда тарқалган. Ҳиндистон ва Поқистонда қишлайди. Ўзбекистонда Ғарбий Тёншон, Ғарбий Помир-Олой, Зарафшон ва Сирдарё сув ҳавзаларида, тоғ ва текисликдаги қайир ўрмонларида уялайди. Учиб ўтиш даврида республиканинг деярли ҳамма жойда камдан-кам учрайди.
Ҳаёт тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Текисликларда ва тоғларда (д.с.б. 2000-2400 м гача) баргли ва аралаш ўрмонларда яшайди. Ўзбекистонда тоғ ва текисликдаги қайир ўрмонларида уялайди. Уясини ердан 7-12 м баландликда тол, ёнғоқ ва бошқа баланд дарахтларга хас-чўплар ва шоҳлардан қуради. Уясининг четларига ва остига ҳар доим тол, терак, ўрик ёки ёнғоқнинг яшил барглар тўшайди. Камдан-кам ҳолда қояларда уялайди. Баҳорги учиб ўтиши март охирида – апрел ойида бўлади. Апрел-май ойида 1-3 та (одатда 2та) тухум қўяди ва 38 кун босиб ётади. Полопонлари июл охирида - августдан уча бошлайди. Кузги учиб ўтиш даври – сентябр-октябрда. Майда ва ўртача қушлар, калтакесаклар, кемирувчилар билан озиқланади. Нурота тоғ тизмасида унинг асосий озиқаси – какликлар, туркистон агамаси ва сариқилон. Жуфтликлари доимий.
Сони. 1950-йилларгача Ўзбекистонда учраши одатий эди. Ҳозир браконерлик, уялаш жойларида безовта қилиниши ва яшаш жойларининг вайрон қилиниши натижасида сони жуда камайиб кетган. Ўзбекистонда 20 уялайдиган жуфти ҳисобга олинган, шу жумладан Нурота тоғ тизмасида 14 яқин жуфти.
Ҳолати. Заиф, табиатдан камёб тури. Ўзбекистон Қизил китобига 2 (VU:D) тоифасида киритилган. Россия, Қозоғистон ва бошқа давлат Қизил китобларга ва CITES нинг II иловасига киритилган. Қўриқхоналари ва миллий боғларда муҳофаза остига олинган. Қушларни овлаш ва тутиб олиш, уяларини бузиш, тухумини йиғиш тақиқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |