Лочинлар оиласи - Falconidae
Итолғи – Falco cherrug (Gray, 1834)
Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги, узун ва учли қанотли йиртқич қуш. Нурота тоғ тизмасида учрайдиган лочинларнинг энг каттаси. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 105-130 см, умумий узунлиги 42-60 см, эркагининг оғирлиги 800-900 г, урғочисининг – 1000–1100 г. Бошқа йиртқич қушлардек, урғочи итолғи эркагидан каттароқ. Танасининг устки томони қўнғир, қизғиш ёки сарғиш чипор тусда. Қорин қисми оқиш ёки оч сарғиш бўлиб, кўплаб узунасига кетган тўқ томчи шаклдаги доғлар бор. Бошининг ён томонларида тўқ «мўйлови» бор. Тумшуғи кўкимтир кул ранг, қора учли, оёқлари кул ранг. Кўзлари тўқ, унинг атрофи сариқ.
Тарқалиши. Европа, Сибирнинг жануби, Қозоғистон жануби, Ўрта ва Марказий Осиё, Эрон, Афғонистон ва Хитойда уялайди. Ғарбий ва Ўрта Осиё, Ҳиндистонда қишлайди. Ўзбекистоннинг текисликлар ва паст тоғли ҳудудларида уялайди, учиб ўтиш ва қишлаш даврида учрайди.
Яшаш тарзи. Шимолда учиб ўтувчи, жанубда эса кўчманчи қуш. Текисликларда (урмон-даштлар, чўллар, яримчўлларда), тоғ этакларда ва тоғларда яшайди. Очик ландшафтларни афзал куради, ўрмонзорлардан қочади. Ғарбий Европада қишлоқ хўжалик ерларда ва шаҳарларда уялайди. Ўзбекистонда қоялар, жарликлар, дарахтлар, электр узатиш симлари устунларида, дарахтларда уя қуради. Одатда, бу қуш қарға, жўрчи ёки сорларнинг ташландиқ уяларини эгаллаб олади, камдан-кам ҳолда узи оддийгина уя қуради. Феврал-мартда урғочи 3-5 та тухум қўяди ва 28 кун босиб ётади. Эркаги унга озиқа олиб келади. 45-50 кундан, май-июн ойларида полопонлари уча бошлайди. Кузги учиб ўтиши сентябр-ноябрда, баҳорги учиб ўтиши – март ойига тўғри келади. Кузда ва қишда кенг кўламда кўчиб юради. Итолғи кучли ва ҳаракатчан йиртқич қушлардан бири. Қушлар ва кемирувчилар билан озиқланади. Қишлоқ хўжалигига зарар етказмайди. Европа ва Осиёнинг кўп мамлакатларида бу қуш лочинларни овлаш учун қўлга ўргатилган. Овнинг бу тури ҳозир араб мамлакатларида сақланиб қолган.
Сони. Йиртқич қушлар орасида ноёб тур. Ўзбекистонда тахминан 120-150 жуфти уялайди. Нурота тоғ тизмасида жуда кам сонда уялайди (бир неча жуфт). Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида кам сонда учрайди. Ҳозир ноқонуний овлаш, уяларини бузиш ва электр узатиш симларида нобуд бўлиши натижасида сони камайиб бормоқда.
Ҳолати. Ўзбекистон Қизил китобига 3 - (NT) заифларга якин, уялайдиган ва кўчмачи тур тоифасига киритилган. Россия ва Қозоғистон Қизил китобларига, II СИТЕС Иловасига киритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |