Жиғолтой – Falco subbuteo (Linnaeus, 1758)
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги лочин (каптардек). Қанотларини ёзгандаги кенглиги 76-85 см га, оғирлиги 200-270 г га етади. Танасининг усти кулранг-қорамтир, қорни томони оқ ва кўп сонли узун тўқ доғлар билан қопланган, «шими» ва думининг ости оловранг. Бошининг чеккаларида қора «мўйловлар» яхши сезилади. Ёш жиғолтойнинг пастки томони сарғиш. Жиғолтойнинг қанотлари энсиз, узун ва учли, шиддат ва устомонлик билан учади. Учаётганда ва уясини олдида «ки-ки-ки» деб баланд овоз чиқаради.
Тарқалиши. Европа, Осиё ва Шимолий Африкада тарқалган. Ўзбекистонда уялайди ва учиб ўтиш даврида учрайди. Африка ва Жанубий Осиёда қишлайди.
Яшаш тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Турли ландшафтларда яшайди. Ўзбекистонда дарахт ва бутазор бор жойларда – тоғларда, текислик қайирли ўрмонларда, боғлар, шаҳар боғларида уялайди. Апрелнинг иккинчи яримида учиб келади. Ҳар бир жуфтининг уялаш жойи доимий бўлади. Уясини баланд дарахтларда жойлашади, лекин ўзи уя ясамайди, қарғалар ва йиртқич қушларнинг уяларидан фойдаланади. Бизнинг ҳудудда зағизғон уяларини эгаллайди. Уялаш даври жиғолтойда жуда кеч. Июн охири-июль бошларида тухум қўйишни бошлайди. 28 кун давомида тухумни фақат урғочи босади. Полопонларни урғочи озиқлантиради, эркаги эса ўлжани олиб келади. Авлодни озиқлантириш ота-онадан жуда катта кучни талаб қилади: овга куннинг ёруғ вақти кетади. Сентябрда полопонлар учирма бўлади. Жиғолтой сентябр охирида-октябр бошларида қишлашга учиб кетади. Фаол йирткич, тез ва устаомон. Майда қушлар ва йирик ҳашаротлар (ниначилар, қўнғизлар, капалаклар) билан озиқланади. Кеч кирганда кўршапалакларни овлайди. Ўлжани асосан хавода тутиб олади.
Сони. Нурота тоғ тизмасининг сойларда уни одатда ва кўп сонда учрайди.
Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.
Турумтой – Falco columbarius (Linnaeus, 1758)
Ташқи кўриниши. Кичик лочин (мусичадек). Умумий узунлиги 25-30 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 50-62 см, оғирлиги 165-210 г. Урғочилари эркакларидан катта. Танасининг усти томони кулранг ёки қўнғир, пастки томони оч кизғиш, сарғиш ёки оқ, узунасига кетган тўқ чизиқчалар бор. «Мўйлови» билинар-билинмас.
Тарқалиши. Евросиё ва Шимолий Африкада кенг тарқалган. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида ва қишда учрайди.
Яшаш тарзи. Шимолда учиб ўтадиган қуш, жанубда эса ўтроқ яшайди. Ботқоқлик ва очик жойлар бор ўрмонларда уялайди. Ерга, қояларга уя қуради ёки дарахтларда қарғалар ва йиртқич қушларнинг эски уяларини эгаллайди. 3-4 тухум қўяди. Майда қушлар, майда кемирувчилар ва йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Ўзбекистонда қишда воҳаларда ва тўқайларда яшайди, учиб ўтиш даврида чўлларда ва тоғларда ҳам учрайди.
Сони. Нурота тоғ тизмасида ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтувчи қушларни камдан-кам ҳолда учратиш мумкин.
Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |