ОРГАНИК НИТРАТЛАР – бу таркибида нитроглицерин бор бўлган препаратлар.
НИТРОГЛИЦЕРИН – азот кислотасининг глицерин билан ҳосил қилган эфиридир. Тил остига қўйилгач, тез сўрилади ва 2-3 минутдан кейин таъсири бошланиб, 30 минут давом этади. Асосан стенокардия ҳуружларини даф этишда қўлланилади. Нитроглицериннинг антиангинал таъсири, асосан уни экстракардиал таъсироти билан боғлиқ. Яъни вена ва артерия томирларни кенгайтириб, томирларнинг қон оқишга бўлган қаршилигини камайтириб, улар орқали юракка келадиган қон хажмини камайтиради, натижада юракка тушаётган юкламани камайтиради. Шунга мос равишда юракнинг ишини ва уни кислородга бўлган эхтиёжини камайтиради ва гипоксия холати бартараф бўлади. Яхши тарафи шуки, нитроглицерин миокарднинг ишемияга учраган қисмларини қон билан таъминланишини яхшилайди, чунки коронароспазм кўзғатувчи рефлексларнинг марказий бўғинларини қамал қилади, катта томирларни кенгайтиради, қоринчалар деворининг диастола даврида таранглигини камайтириш ҳисобига миокарднинг субэндокардиал қисмини қон билан таъминланишини оширади. Бундан ташқари томирларнинг силлиқ мушакларига тўғридан-тўғри таъсир қилиши ҳисобига нитроглицерин мия, ички аъзолар, кўзнинг тўр пардаси томирларни бўшаштиради уларнинг спазминини даф этади, хамда бронхиолалар ва МИТ сфинктерини бўшаштиради.
Томирларни бўшаштирувчи таъсирида нитроглицериннинг эндотелиал релаксирловчи (NO) омилга ўхшаб цитозолдаги гуанилатциклаза ферменти фаоллаштириши ва шу туфайли цГМФ миқдори ошиб (силлиқ мушакларнинг бўшашиши) кетиши катта ахамиятга эга.
Нохуш таъсири: тахикардия (рефлектор, қон босими тушиб кетгани учун), бош оғриғи, бош айланиши (айниқса биринчи бор қабул қилганда). Нитроглицеринни дозаси ошириб юборилса, коллапс бўлиши мумкин. Давомли қўлланилганда унга ўрганиш ривожланади. Стенокардия ҳуружларини олдини олишда нитроглицериннинг давомли таъсир этувчи препаратлари қўлланилади.
СУСТАК МИТЕ ва СУСТАК ФОРТЕ. Махсус ишланган препарат бўлиб, (микрокапсулланган), уни тилнинг остига қўйилмайди, балки ичилади. Препаратнинг бир қисми тез сўрилиб, тахминан 10 минутдан кейин таъсири бошланади, қолган қисми секин сўрилади ва 4-6 соат таъсир этади. Бу препаратни дозаси хар бир бемор учун тўғри танланмаса ёки қабул қилиш оралиғи нотўғри бўлса “таъсир орти” белгилари намоён бўлади ва гемодинамика кўрсатгичлари ёмонлашади. Препарат қон босимини туширмайди. Лекин бош оғриғи, бош айланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |