биринчидан, ўғриликнинг ҳар бир эпизодини айни бир субъект томонидан содир этганлик;
иккинчидан, айбдор шахс камида икки мустақил жиноятни содир этган бўлиши, агар бунда айбдор шахс бири маъмурий ҳуқуқбузарлик, иккинчиси жиноий қилмишни содир этган бўлса ушбу белги бўйича жавобгарлик келиб чиқмайди;
учинчидан, содир этилган қилмишлардан камида иккитаси ўзининг юридик аҳамиятини сақлаши лозим, бунда шахс жавобгарликка тортиш муддати ўтган ёки ўтмаганлигига эътибор қаратиш лозим.
Такроран содир этилган ўғриликни давомли ўғриликдан фарқлаш лозим. Давомли ўғрилик деб, умумий қасд билан қамраб олинган ва бир мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил этувчи бир-бирига ўхшаш бир неча жиноий қилмишлар билан ягона манбадан қонунга хилоф равишда яширин тарзда текинга эгаллаб олиш тушунилади.
9. Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида ўғриликни хавфли рецидивист томонидан содир этилганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Маълумки, шахснинг илгари қасддан содир этган жинояти учун судланганидан кейин қасддан янги жиноят содир этиши рецидив жиноят деб топилади. Бу тушунча рецидив жиноятнинг умумий тушунчаси бўлиб, ЖК 169-моддасининг 3-қисмида ўғрилик хавфли рецидивист томонидан қилинганликни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 34-моддаси 2-қисмида хавфли рецидивист тушунчаси берилган бўлиб, илгари ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноят содир этган, ушбу Кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, Махсус қисмнинг бошқа моддалари билан ҳам ҳукм қилинган шахснинг қасддан янги жиноят содир этиши хавфли рецидив жиноят деб топилади.
Демак, ЖКнинг 34-моддаси мазмунига кўра, шахс олдин ЖК 164-моддаси бирор қисми билан судланиб, судланганлик муддати ўтмасидан яна ЖК 164-моддаси бирор қисмида жавобгарлик назарда тутилган жиноятни содир этса, хавфли рецидив жиноят содир этган, деб ҳисобланади.
Қилмишни хавфли рецидивист томонидан содир қилинган, деб ҳисоблаш учун қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши керак:
1) шахснинг илгари содир этган жинояти учун судланганлиги;
2) ЖК 69-моддасида белгиланган жазони ижро этиш муддатларининг ўтиб кетмаганлиги;
3) ЖК 78-моддасида назарда тутилган судланганлик муддатларининг ўтиб кетмаганлиги ёки ЖК 79-моддасига асосан судланганлиги олиб ташланмаганлиги;
4) янги содир этган жиноятининг илгари содир этган жиноятига ўхшаш бўлиши.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2008 йил 15 майдаги “Бир неча жиноят содир этилганда қилмишни квалификация қилишга доир масалалар тўғрисида”ги 13-сонли қарори 20-бандида: “Хавфли рецидив жиноят деб топишни қонун шахснинг илгари содир этган жинояти учун судлангандан кейин унга айнан ўхшаш янги жиноятни қасддан содир этиши билан боғлайди.
Айнан ўхшаш жиноятлар деганда:
шахс илгари судланган Жиноят кодекси Махсус қисми айнан бир моддасида назарда тутилган (агар моддада бир хил жиноят таркиблари учун жавобгарлик белгиланган бўлса);
шахс илгари судланган Жиноят кодекси Махсус қисми муайян моддаси айнан бир қисмида назарда тутилган (агар моддада турли жиноят таркиблари учун жавобгарлик белгиланган бўлса, масалан, ЖК 228, 248, 273-моддалари) жиноятларни янгидан содир этиш тушунилиши лозим.
Жиноят қонунида алоҳида назарда тутилган айрим ҳолларда, шахс илгари судланган жиноятларга айнан ўхшаш бўлмаган янги жиноятнинг қасддан содир этилиши ҳам хавфли рецидив жиноят деб топилади (масалан, ЖК 118, 119, 189, 211, 212 моддалари иккинчи қисмлари, 213-моддаси учинчи қисми, 276-моддаси иккинчи қисми)”, дейилади.
10. Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “б” бандида компьютер тизимига рухсатсиз кириб содир этилган ўғрилик учун жавобгарлик белгиланган.
Давлат идоралари юридик ва жисмоний шахслар фаолиятининг маҳсули сифатида ахборотлар моддий ёки ақлий мулк сифатида компьютер тизимида сақланиши мумкин. Компьютердаги ақлий меҳнат тўғрисидаги маълумотлар талон-торож қилишнинг объекти бўла олмайди. Аммо компьютердаги маълумотлар моддий кўринишда бўлса, талон-торож қилиш жиноятининг объекти бўлиши мумкин.
Албатта компьютерда мулкнинг ўзи бўлмасдан, мулк ҳақидаги маълумотлар сақланади. Ўғрилик жиноятини содир этаётган шахс компьютер тизимидаги маълумотларга тажовуз қилади ва шу маълумотлардан фойдаланиб, талон-торож қилади.
Бу жиноят фақат қасддан содир қилиниб, айбдор ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида компьютер тизимига киради.
Ўғриликнинг асосий таркибидан фарқли равишда, компьютер тизимига рухсатсиз кириб ўғрилик қилишда мулкни талон-торож қилиш компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда содир этилади.
Айбдор томонидан компьютер тизимига рухсатсиз кириб ўғрилик содир этганда унинг қилмиши қўшимча равишда ЖК 2782-моддаси (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) билан жиноятлар жами тариқасида квалификация қилинмайди, чунки ЖК 169-моддаси 3-қисми “б” бандида компьютер тизимига рухсатсиз кириб, деб белгиланганлиги учун қилмиш фақат ЖК 169-моддаси 3-қисми “б” банди (компьютер тизимига рухсатсиз кириб) билан квалификация қилинади.
Маълумки, ҳар-хил турдаги хизматлар учун ҳақ тўлашга мўлжалланган электрон пул тўловлари тизими мавжуд (E-кармон, Web money, Yandeks money, Mastercard ва бошқа шу кабилар). Мисол учун, уяли алоқа телефонлари ҳисобидаги пул маблағларини тўлдириш учун фойдаланиладиган PAYNET тизими агенти (PAYNET билан шартнома тузган шахс) билан меҳнат шартномаси тузган ходим томонидан уяли алоқа телефони ҳисобини тўлдириш учун мижоздан олинган пул маблағини мижознинг ҳисобига туширмасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборадиган бўлса, ходимнинг қилмиши бошқа жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаса, ЖК 167-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилиниши керак.
Агар ходим унга берилган ваколатлардан фойдаланиб, PAYNET тизими орқали ўзи ёки манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётган учинчи шахсларнинг ҳисобига пул маблағларини ўтказиб юборса ҳамда мазкур тўланиши лозим бўлган пулни агентга топширмаса, унинг қилмиши ЖК 167-моддаси 3-қисми “г” банди (компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан квалификация қилинади.
PAYNET тизимида ҳар бир агент ушбу тизимдан фойдаланиши учун индивидуал паролга эга бўлади. PAYNET тизими агентининг ушбу паролни бошқа бир шахсга мазкур паролдан фойдаланмайди, деган ниятда турли хил сабабларга кўра (зарурат туфайли, ишониб ёки мақтаниб) айтганидан фойдаланиб, паролни эслаб қолган мазкур шахс кейинчалик ушбу паролдан фойдаланган ҳолда тизимга кириб, ўзи ёки манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётган учинчи шахсларнинг ҳисобига пул маблағларини ўтказиб юборса, унинг қилмиши ЖК 168-моддаси 2-қисми “г” банди (компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан квалификация қилинади.
Агар айбдор PAYNET тизими агентининг ёки ходимнинг ушбу паролни киритаётганида унинг ҳаракатларини сездирмасдан кузатиб, паролни кўриб ва эслаб қолган шахс кейинчалик ушбу паролдан яширин равишда фойдаланган ҳолда тизимга кириб, ўзи ёки манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётган учинчи шахсларнинг ҳисобига пул маблағларини ўтказиб юборса, унинг қилмиши ЖК 169-моддаси 3-қисми “б” банди (компьютер тизимига рухсатсиз кириб) билан квалификация қилинади.
Баъзи ҳолларда PAYNET тизимига кириш учун фойдаланиладиган агентнинг паролини бир жойда ишлайдиган икки ёки ундан ортиқ шахслар билиши мумкин. Бироқ тизимдан фойдаланиш ваколатлари улардан фақат бирига расмийлаштирилган бўлади. Паролдан хабардор иккинчи шериги бошқа бир учинчи шахсга ушбу паролни айтиб, мазкур учинчи шахс томонидан тизимдаги пул маблағлари талон-торож қилинадиган бўлса, учинчи шахснинг қилмиши ЖК 169-моддаси 3-қисми “б” банди (компьютер тизимига рухсатсиз кириб) билан, паролни етказган шахснинг ҳаракатлари ЖК 28-моддаси орқали ЖК 169-моддаси 3-қисми “б” банди (компьютер тизимига рухсатсиз кириб) билан иштирокчи сифатида квалификация қилинади.
11. Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “в” бандида ўғрилик жиноятини кўп миқдорда содир қилганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.
ЖК Махсус қисми “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси” деб номланган саккизинчи бўлимига мувофиқ кўп миқдор деганда, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдор тушунилади.
Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, кўп миқдордаги мулкни ўғрилик йўли билан талон-торож қилинган, деб ҳисоблаш учун талон-торож қилинган мулкнинг умумий миқдорини гуруҳнинг аъзосига бўлинган қисми ҳисобидан эмас, балки гуруҳ аъзоларининг барчаси томонидан талон-торож қилинган мулкнинг умумий миқдорига қараб ҳисобланади.
Агарда ўғрилик давомли жиноят сифатида содир этилган бўлса, айбдорнинг ёки айбдорларнинг ҳар бир ҳаракати орқали талон-торож қилинган мулкнинг миқдорлари қўшилиб, умумий миқдорга қараб кўп ёки жуда миқдор, деб ҳисобланади.
12. Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 4-қисмининг “а” бандида ўғрилик жиноятини жуда кўп миқдорда талон-торож қилганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.
Жиноят қонунига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробари ва ундан ортиқ бўлган миқдор жуда кўп миқдор, деб белгиланган.
Агар айбдор кўп ёки жуда кўп миқдордаги мулкни талон-торож қилиш мақсадида ҳаракат қилган, лекин унинг ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларига кўра, ўз мақсадига эриша олмаган бўлса, талон-торож қилинган мулкнинг миқдоридан қатъи назар қилмишни кўп ёки жуда кўп миқдордаги мулкни талон-торож қилишга суиқасд қилиш, деб квалификация қилинади.
Талон-торож қилинган мулкнинг миқдорини аниқлашда жиноят содир этилган кундаги шартномавий, биржа ёки бозор нархи ҳисобга олинади, у мавжуд бўлмаса, унинг баҳоси экспертлар томонидан ҳал этилади.
13. Ўғриликни ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилиши бу жиноятнинг жавобгарликни ўта оғирлаштирувчи тури сифатида ЖКнинг 169-моддаси 4-қисмининг “б” бандида жавобгарлик белгиланган.
Ўта хавфли рецидивист тушунчаси Ўзбекистон Республикаси ЖК 34-моддасининг 3-қисмида берилган бўлиб, содир этилган ўғрилик жиноятини Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддасининг 4-қисми “б” банди билан квалификация қилиб жиноий жавобгар қилиш учун айбдор олдинги жиноятлари учун суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган ва ўғрилик жиноятини содир қилиш пайтида олдинги жиноятлари учун ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлиши керак.
Ўғриликни ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилиши бундай жиноятни квалификация қилишнинг энг оғир белгиси бўлиб, бунда ўта хавфли рецидивист томонидан оз бўлмаган миқдор, анча миқдорда, кўп ёки жуда кўп миқдордаги мулк талон-торож қилинганлиги, такроран ёки уй-жойга кириб содир этилганлигидан қатъи назар, энг оғир квалификация қилиш белгиси ҳисобланган 169-модда 4-қисмининг “б” банди билан квалификация қилинади.
Агарда ўғрилик жинояти бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган, гуруҳ аъзоларидан бири ўта хавфли рецидивист бўлса, шунингдек уларнинг барчаси жиноятни бажарувчиси сифатида қатнашган бўлса, ўта хавфли рецидивист деб топилган гуруҳ аъзосининг ҳаракатлари ЖК 169-моддаси 4-қисмининг “б” банди билан (ўта хавфли рецидивист томонидан), бошқа аъзоларнинг ҳаракатлари эса, агарда квалификация қилишнинг бошқа оғирроқ белгиси бўлмаса, ЖК 169-моддаси 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) билан жазоланади.
Агар икки киши томонидан олдиндан тил бириктириб, содир этилган бўлса ва улардан бири ўта хавфли рецидивист бўлса - бу шахс 169-модданинг 4-қисми “б” банди билан, иккинчиси эса, бошқа квалификация қилиш белгилари бўлмаса, бир гуруҳ шахслар томонидан ўғрилик қилишда, яъни ЖК 169-моддаси 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) билан жазоланади.
Аммо ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғрилик жиноятида бошқа шахслар ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи сифатида иштирок қилган бўлса, ўта хавфли рецидивист бўлган бажарувчи ЖК 169-моддаси 4-қисмининг “б” банди билан (ўта хавфли рецидивист томонидан), ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчи сифатида иштирок этган иштирокчилари эса, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғрилик жиноятида иштирокчи сифатида Ўзбекистон Республикаси ЖК 28-моддаси орқали ЖК 169-моддаси тегишли бошқа қисми билан жазоланади.
Агар ўта хавфли рецидивист томонидан талон-торож қилинган мулкнинг миқдори жуда кўп миқдорни ташкил қилса, бу қилмиш Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддасининг 4-қисми “а,б” бандлари билан квалификация қилиниб, жавобгарликка тортилади. Агар ўта хавфли рецидивистнинг қилмишида 169-моддасининг 4-қисмидан енгилроқ қисмларда назарда тутилган белгилар бўлса, бу белгилар инобатга олинмайди.
14. Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддасининг 4-қисми “в” бандида уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган ўғрилик учун жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 29-моддаси 3-қисмида уюшган гуруҳ тушунчаси берилган бўлиб, бунга кўра, икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ, деб ҳисобланади.
Ушбу гуруҳнинг хавфлилиги шундаки, гуруҳ олдиндан тузилган муайян режа билан ҳаракат қилади, гуруҳнинг раҳбари гуруҳнинг ҳар бир аъзосига вазифаларини белгилаб беради. Уюшган гуруҳда гуруҳнинг раҳбари ўғриликда бевосита қатнашиши шарт бўлмай, гуруҳга раҳбарлик қилиб туради, шунингдек, жиноятни тез ва осон бажарилиши, гуруҳ фош бўлишининг олдини олиш чораларини кўради. Шунинг учун гуруҳнинг аъзолари қандай жиноятни содир қилган бўлсалар, гуруҳнинг раҳбари ўша жиноятда ташкилотчи сифатида жавобгар қилинади. Ўғрилик уюшган гуруҳ томонидан содир этилганида талон-торож қилинган мулкнинг миқдорини ҳар бир гуруҳ аъзосига тақсимлаган ҳолда эмас, балки гуруҳ аъзоларининг барчаси биргаликда талон-торож қилинган мулкнинг умумий миқдоридан келиб чиққан ҳолда жавобгар қилинади.
Уюшган гуруҳ иштирокчилик шакли сифатида талон-торожни содир этишда гуруҳ аъзоси ҳаракатларининг юқори даражада биргаликда олиб борилиши билан тавсифланади.
Уюшган гуруҳ деб унинг барқарорлигини, унда ташкилотчининг бўлишини, одатда, бир неча жиноятни содир этиш мақсадида тузилганлигини, жиноятни амалга ошириш режаси ва йўриғи ишланганлигини, ҳар бир иштирокчи ўртасида вазифалар тақсимланганлигини, техника билан таъминланганлигини, жиноятни яшириш чоралари кўрилганлигини, умумий интизомга ва жиноий гуруҳ ташкилотчисининг кўрсатмаларига итоат қилиниши ва ҳ.к. тушунмоқ лозим.
Жиноят кодекси уюшган гуруҳнинг моҳиятини уч белги – уюшганлик, олдиндан бирлашганлик ва мақсад орқали икки ёки ундан ортиқ жиноят содир этиши билан изоҳлайди.
Уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ўғриликда далолатчи, ёрдамчилари ҳам бўлган бўлса, улар бу жиноятни амалга оширишда бевосита қатнашмаганликлари учун уларнинг ҳаракати иштирокчиликнинг алоҳида тури сифатида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28-моддаси ва ЖК 169-моддасининг 4-қисми “в” банди билан ўғрилик жиноятида иштирокчи сифатида квалификация қилинади.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддасининг 4-қисми “в” бандида уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ўғрилик қилинганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган. Бундай ҳолда айбдор уюшган гуруҳнинг аъзоси ҳисобланмасдан, балки уюшган гуруҳнинг топшириғи билан шу жиноятни содир этиши мумкин. Уюшган гуруҳ бу шахснинг ўғрилик жиноятидан фойдаланиб, бошқа оғир жиноятларни содир этиши мумкин. Бунда уюшган гуруҳ ҳам албатта ўғрилик жиноятини содир қилиши шарт бўлмай, ўғрилик жиноятини содир қилган шахснинг жинояти уюшган гуруҳ учун манфаатли эканлигини ўзи етарлидир. Аммо ўғрилик қилаётган шахс жиноятни уюшган гуруҳнинг, яъни муайян бир гуруҳнинг манфаатларини кўзлаб содир этаётганлигини билиши керак. Бунда гуруҳ аъзоларининг барчаси билиши шарт эмас, балки гуруҳ аъзоларидан бирининг илтимоси, топшириғи билан муайян гуруҳ манфаатларини кўзлаб жиноят қилаётганлигининг ўзи айбдорни ушбу банд билан квалификация қилиб, жавобгар қилиш учун етарлидир.
Қонун мазмунига кўра, шахс жабрланувчига нисбатан ўғрилик қилиб, ўзининг жиноий ҳаракатлари уюшган гуруҳ манфаатларига қўл келаётганлигини, уюшган гуруҳ манфаатлари учун хизмат қилаётганига кўзи етса, қилмиш ЖК 169-моддасининг 4-қисми “в” банди билан квалификация қилиниши мумкин. Чунки, айбдор ўз қилмиши билан уюшган гуруҳнинг манфаатларини кўзлаб, жиноят содир қилаётганини билади ва шуни истаб ҳаракат қилади.
Агарда жиноий уюшма томонидан ўғрилик жинояти содир этилса, айбдорлар ЖКнинг 242-моддаси (жиноий уюшма ташкил этиш) ва ЖК 169-моддаси 4-қисмининг “в” банди билан (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса) жиноятлар жами тариқасида жавобгарликка тортилади.
ХУЛОСА
Жиноят кодекси 164-169-моддаларини таҳлил қилиш, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш учун жиноий жавобгарликни тартибга солиш билан боғлиқ бўлган нормалар анча муваффақиятли ҳал қилинган, деб хулоса қилиш имконини беради. Шундай бўлсада, қонунчилик техникаси ва кўриб чиқилаётган жиноятлар таркибининг мазмуни нуқтаи назаридан бизнингча, амалдаги ЖК моддалари айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Шунинг учун бу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган нормаларини такомиллаштириш юзасидан уларга қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақидаги қуйидаги таклифлар берилмоқда:
1. Амалдаги қонунга кўра талон-торож жиноятларидан фақат ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси) ва фирибгарлик (ЖК 168-моддаси) жиноятлари учун “етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди”, деган рағбатлантирувчи норма қўлланилади. Фикримизча, бу қоида товламачилик (ЖК 165-моддаси), талончилик (ЖК 166-моддаси), ўғрилик (ЖК 169-моддаси) жиноятлари учун ҳам қўлланилиши мақсадга мувофиқдир. Чунки бу қоиданинг қўлланилиши жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг қопланишига кафолат бўлиб хизмат қилиши мумкин.
2. Жиноят кодекси 661-моддаси (ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш)га кўра талон-торож жиноятларидан ЖК 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) биринчи қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) биринчи қисми, 169-моддаси (ўғрилик) биринчи қисми учун ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш қўлланилади. Фикримизча, ЖК 165-моддаси (товламачилик) ва ЖК 166-моддаси (талончилик) жиноятларининг биринчи қисми учун ҳам ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш қоидаси татбиқ этилиши лозим. Бу эса, жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг қопланиши билан бир қаторда судланганлар сонини ҳам камайишига олиб келади.
3. Амалдаги жиноят қонунига кўра, айрим жиноятлар учун белгиланган санкция ЖК 15-моддаси қоидаларига мувофиқ тузилмаган, яъни жиноятларнинг таснифи аралашиб кетган, бу эса, амалиётда жазо тайинлаш ва амнистия қўллашда муаммоларни вужудга келтиради. Жумладан, ЖК 166-моддаси (талончилик) 1-қисмининг санкциясида ҳам, шу модданинг 2-қисми санкциясида ҳам “беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” дейилган. Шу тариқа қонунда ЖК 166-моддаси 1- ва 2- қисмларида назарда тутилган жиноятларни унча оғир бўлмаган жиноятлар, деб белгиланган. Юқоридагиларга асосан, ЖК 166-моддаси (талончилик) биринчи қисмининг санкциясидаги “беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деган сўз “уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деган сўз билан алмаштирилиши лозим. Янги таҳрирдаги санкция жазони енгиллаштиради ва айб учун одилона жазо берилишини таъминлайди.
4. ЖК 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми, “г” банди “компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса”, ЖК 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми, “г” банди “компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса” ва ЖК 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми, “б” банди “компьютер тизимига рухсатсиз кириб” деган бандларини бекор қилиб, Жиноят кодексига 2787-моддаси “Компьютер техникасидан фойдаланиб, талон-торож қилиш” деган янги моддани киритиш лозим. Бу норманинг киритилиши бу турдаги жиноятларни тез ва аниқ квалификация қилишга яқиндан ёрдам беради.
5. Суд-тергов амалиётида баъзи ҳолатларда Жиноят кодекси 167-моддаси 2-қисми “г” банди (мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса) бўйича айбдор, деб топилган масъул мансабдор шахслар ҳаракатини қўшимча равишда ЖК 205-моддаси билан жиноятлар жами сифатида квалификация қилинмоқда. Бу эса, судларга ЖК 167-моддаси бўйича етказилган зарар қопланган тақдирда ҳам, ЖК 205-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш имконини беради. Бундай ҳолат айбдор шахсларни етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлашдан бўйин товлаши ва етказилган зарарни қопламаслигига олиб келиши мумкин бўлади.
Шунинг учун, ЖК 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми, “г” банди (мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса)ни “мансабдор ёки масъул мансабдор шахс томонидан мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса” деб номлаш мақсадга мувофиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |