ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЮРИДИК ИНСТИТУТИ
Ш. Ё. АБДУҚОДИРОВ, У. М. МИРЗАЕВ
ЎЗГАЛАР МУЛКИНИ
ТАЛОН-ТОРОЖ ҚИЛИШ
Жиноят кодекси Махсус қисми
Х бобига шарҳлар
ТОШКЕНТ – 2011
Тошкент давлат юридик институти ўқув-услубий кенгашининг 2011 йил 24 ноябрдаги йиғилиши 4-сонли баённомаси билан нашрга тавсия этилган.
Абдуқодиров Ш.Ё., Мирзаев У.М. Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш. Ўқув қўлланма. Масъул муҳаррир: ю.ф.д., проф. Қ.Абдурасулова. – Т.: ТДЮИ, 2011. – 168 бет.
Сарлавҳада: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик институти.
Муаллифлар: Ш.Ё.Абдуқодиров – 1-боб (ҳаммуаллифликда), 2,3,4,7-боблар
У.М.Мирзаев – 1-боб (ҳаммуаллифликда), 5,6-боблар.
Тақризчилар: Б.Ж.Ахраров – ТДЮИ “Жиноят ҳуқуқи ва криминология” кафедраси мудири, ю.ф.д., профессор
Д.Ж.Суюнова – Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, ю.ф.н.
Ушбу ўқув қўлланма ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг тушунчаси ва ушбу жиноятларнинг юридик таҳлилига бағишланган.
Унда ўзганинг мулкини талон-торож қилиш тушунчаси, талон-торожнинг шакллари, уларнинг юридик таҳлили, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жиноятларининг квалификация қилувчи белгилари ёритиб берилган.
Ўқув қўлланма олий ўқув юртларининг бакалавр ва магистрантларига қўлланма сифатида тавсия қилинади.
Шунингдек, ундан суд-тергов органлари ходимлари ҳамда ушбу мавзуга қизиқувчи шахслар ҳам фойдаланишлари мумкин.
© Абдуқодиров Шерзод Ёқубжонович.
© Мирзаев Улуғбек Махаммадалиевич.
© Тошкент давлат юридик институти, 2011 йил.
КИРИШ
Мамлакатимизни, аввало, иқтисодиётимизни ислоҳ этиш, эркинлаштириш ва модернизация қилиш борасида давлатимизда ҳар томонлама асосли ва чуқур ўйланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиёт соҳасида содир этиладиган жиноятлар эса, мазкур ислоҳотлар самарадорлигига жиддий хавф туғдиради. “Ўтиш даврида янги иқтисодий механизмлар шакллантирилаётган бир пайтда аҳолининг асосий кўпчилиги бозор шароитида яшашни эндигина ўрганаётганлигидан ва унинг объектив қонунларини пайқай бошлаганлигидан фойдаланиб, амалга оширилаётган иқтисодий жиноятлар тоифаси катта хавф туғдиради”1. Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар бозор иқтисодига хос бўлган хусусий мулкчиликнинг, бошқа турдаги мулкий муносабатларнинг шаклланишига ва ривожланишига тўсқинлик қилади. Президент И.Каримов таъкидлаганидек, “Биринчи навбатда, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашимиз, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратишимиз зарур”2. Зеро, мулк жамиятнинг, давлатнинг иқтисодий асосини ташкил этади, мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш ҳар қандай давлат фаолиятининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”.
Мулк жамият ривожининг барча босқичида ҳам давлатнинг иқтисодий қудратини белгиловчи асосий омиллардан ҳисобланган. Зеро, жамиятдаги мулкий муносабатларнинг қандай йўлга қўйилганига қараб мамлакатнинг истиқболини белгилаш мумкин.
Мулк ҳуқуқи шахснинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, уни бузадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларнинг тақиқланишини тақозо этади. Жамиятда мулк ҳуқуқини эъзозлаш вазияти вужудга келтирилиши, унга нисбатан содир этиладиган ҳар қандай тажовуз муқаррар жавобгарлик ва жазога сазоворликни келтириб чиқариш лозим.
Ушбу ҳуқуққа тажовуз қилиш ҳар қандай давлатда тақиқланиши зарур. Фуқаролар ўзганинг мулки, мулкий ҳуқуқларини ҳурмат руҳида тарбиялашда жиноят қонунининг ҳам ҳиссаси мавжуд.
Жиноят кодекси 2-моддасида мулкни жиноий тажовузлардан қўриқлаш ушбу қонуннинг вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг энг хавфлиси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” бўлимининг 10-боби “Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш” деб номланиб, унда босқинчилик (ЖК 164-моддаси), товламачилик (ЖК 165-моддаси), талончилик (ЖК 166-моддаси), ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси) ва ўғрилик (ЖК 169-моддаси) жиноятлари учун жавобгарлик назарда тутилган.
Ушбу қилмишлар баъзи адабиётларда “талон-торож йўли билан содир этиладиган жиноятлар” ҳам деб аталади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра мулкни талон-торож қилиш жиноятларининг ҳолати қуйидагича:
Do'stlaringiz bilan baham: |