Эгаллаб олиш деганда, зўрлик ишлатиб ёки бундай зўрлик ишлатмасдан мулкдор ёки мулкнинг бошқа эгасининг ихтиёрида бўлган мулкдан муайян бир қисмини ажратиб олиш тушунилади.
Зўрлик ишлатиб содир этиладиган талон-торож жиноятларига:
босқинчилик (ЖК 164-моддаси);
товламачилик (ЖК 165-моддаси);
талончилик (ЖК 166-моддаси 2-қисми “а” банди) киради.
Зўрлик ишлатмасдан содир этиладиган талон-торож жиноятлари:
талончилик (ЖК 166-моддаси 1-қисми);
ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-модда);
фирибгарлик (ЖК 168-моддаси);
ўғрилик (ЖК 169-моддаси) ни ўз ичига олади.
Талон-торож қилиш жиноятлари объектив томонининг зарурий белгиси бўлиб, қонунга хилофлилик ва олинган мулкнинг ўрнини қопламаслик ҳисобланади.
Қонунга хилофлилик айбдор мулкнинг қонуний эгаси эмаслигини ва унинг мулкни ғайриқонуний тарзда ўз эгалигига олишини билдиради.
Талон-торож объектив томонининг зарурий белгиларидан бири – ўрнини қопламаслик, яъни ҳақини тўламасдан (текинга) мулкни эгаллаш орқали мулкдорга зарар етказишга қаратилган ҳаракат ҳисобланади. Ўрнини қопламаслик ҳақини тўламасликка нисбатан кенгроқ тушунча бўлиб, талон-торож қилинган предметнинг ўрнига фойдали меҳнат кўринишида бўлган зарур муқобили (эквивалент)ни тақдим этишни ҳам қамраб олади.
Агар талон-торож оқибатида мулкдор мулкининг ҳақини тўлаб ёки ўрнини қоплаб олинган бўлса, бу ҳаракат талон-торож сифатида баҳоланмаслиги лозим. Бундай ҳолатда айбдорнинг ҳаракатлари ишнинг ҳолатига қараб, ўзбошимчалик (ЖК 229-моддаси) сифатида баҳоланиши мумкин. Агар айбдор мулкнинг ҳақиқий нархини билгани ҳолда мулкни анча арзонроқ ёки нархининг ярмини тўлаб олган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари талон-торож сифатида баҳоланади.
Талон-торож жиноятларининг тамом бўлган вақти талон-торожнинг шаклига боғлиқ бўлиб, босқинчилик жабрланувчининг ҳаёт ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, ҳужум бошланган вақтдан; товламачилик эса ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини топшириш, мулкий манфаатларни бериш ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатларни содир этиш талаб қилинган вақтдан; ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, талончилик, фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари мол-мулк мулкдорнинг эгалигидан олинган ҳамда айбдор уни тасарруф этиш ёки ундан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш имкониятига эга бўлган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 21 майдаги “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 4-сонли қарорига кўра “Ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жинояти мол-мулк мулкдорнинг эгалигидан олинган ҳамда айбдор уни тасарруф этиш ёки ундан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш имкониятига эга бўлган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади (босқинчилик ва товламачилик ҳоллари бундан мустасно). Агар айбдор ўзганинг мол-мулкини қўлга киритган бўлса-ю, бироқ ҳали уни ўз мулки сифатида тасарруф этиш имкониятига эга бўлмаса, қилмиш талон-торож қилишга суиқасд тариқасида квалификация этилмоғи керак (босқинчилик ва товламачилик ҳоллари бундан мустасно). Қасд бир бутун мулкни талон-торож қилишга қаратилган бўлиб, унинг муайян бир қисми талон-торож қилинган ҳолларда ҳам жиноят тугалланган ҳисобланмайди”7.
Талон-торожнинг моддий оқибатлари талон-торож қилинган мулкнинг қиймати билан белгиланадиган ҳақиқий (реал) зарар шаклида ифодаланади. Талон-торож билан боғлиқ мулкдорнинг кўрган бошқа зарарлари (талон-торож қилинган мулкни қайта тиклаш учун қилинган харажатлар, бой берилган фойда ва бошқ.) қилмишнинг квалификациясига таъсир қилмайди.
Талон-торож натижасида етказилган зарар миқдорини аниқлашда қайси нархларга амал қилиш лозимлиги тўғрисидаги масала долзарб ҳисобланади.
Талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. Маълумки, энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ўзгарувчан хусусиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда, талон-торож миқдори жиноят содир этилган кунда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб белгиланиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 21 майдаги “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорида “талон-торож этилган мулкнинг қийматини аниқлашда ишнинг муайян ҳолатларига қараб, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига асосланмоқ лозим8”, деган умумий кўрсатма берилган.
Жиноят объекти бўлган мулк қийматини аниқлашда унинг эгаси харид қилган, жиноят содир этилган вақтдаги давлат улгуржи нархидан, бозор ёки комиссион нархлардан келиб чиқиш лозим. Мулк қийматини аниқлаш имконияти бўлмаганда, у тегишли мутахассисларни жалб қилиб, эксперт хулосасига кўра белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида “Жиноий тажовуз оқибатида етказилган моддий зарар миқдорини аниқлашда, мулкнинг моддий зарарни ундириш ҳақида қарор чиқарилаётган кундаги нархини инобатга олиш зарур9”, эканлиги белгиланган.
Демак, содир этилган талон-торожни миқдорига кўра квалификация қилиш учун мулкнинг қиймати жиноят содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига кўра аниқланади. Лекин, жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплашда, моддий зарарнинг миқдори моддий зарарни ундириш ҳақида қарор чиқарилаётган кундаги нархидан келиб чиқиш керак.
Амалдаги Жиноят кодексида талон-торож йўли билан содир этилган жиноятлар туфайли етказилган зарарнинг миқдори қилмишни маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят сифатида квалификация қилишга таъсири ҳақида алоҳида тушунтириш берилмаган.
Лекин Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (МЖтК)нинг 61-моддасига кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда (талон-торож қилинган мулкнинг қиймати энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ошмаса) талон-торож қилиш ушбу модданинг 1-қисми билан, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, МЖтКнинг 61-моддаси 2-қисми билан маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Мазкур моддада мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг ходимлари томонидан ушбу муассасага тегишли мулкларни талон-торож қилганлик (ташмачилик) учун маъмурий ҳуқуқбузарлик белгиланган.
Демак, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, фирибгарлик, ўғрилик йўли билан корхона, муассаса, ташкилотлар мулкини талон-торож қилиш учун жиноий жавобгарлик, фақат, талон-торож қилинган мулк суммаси МЖтК 61-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган миқдордан ошган ҳолдагина келиб чиқади (жумладан квалификация белгилари мавжуд бўлганда ҳам). Бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам, агар талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бунда оз миқдорда талон-торож неча марта содир этганлиги аҳамият касб этмайди.
Фуқароларнинг шахсий мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож этиш МЖтКнинг 61-моддаси билан эмас, балки Жиноят кодексининг тегишли моддалари (ЖК 167, 168, 169-моддалари) билан квалификация қилинади. Яъни, фуқаролар мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик талон-торож миқдоридан қатъий назар келиб чиқади. Айни пайтда, талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан ошмаган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов органлари ва судлар айбланувчи (судланувчи)нинг шахсига ва моддий зарар қопланишига оид маълумотларни инобатга олган ҳолда жиноят ишини ЖК 65 ва 66-моддаларига асосан тугатиш масаласини муҳокама этишлари шарт.
Содир қилинган жиноятни оз миқдордаги талон-торож ёки оз миқдордан кўп бўлган (энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ортиқ бўлиши) миқдорда талон-торож эканлигини белгилашда айбдорнинг қандай ниятда ҳаракат қилганлигини, яъни унинг қайси миқдордаги ва ҳажмдаги мулкни олишга қасд қилганлигини аниқлаш катта аҳамиятга эга. Агарда айбдор анча, кўп ёки жуда кўп миқдордаги мулкни олиш мақсадида ҳаракат қилган бўлсада, аммо унга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра фақат оз миқдордаги мулкни олса, унинг қилмиши оз миқдордаги талон-торож деб ҳисобланмай, балки анча ёки кўп ёхуд жуда кўп миқдордаги мулкни талон-торож қилишга (ЖК 167, 168, 169-моддалари тегишли қисмларига) суиқасд деб квалификация қилинади.
Агар мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулки босқинчилик ва талончилик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилинса, айбдор шахснинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 164-моддаси (босқинчилик) ва 166-моддалари (талончилик) билан квалификация қилинади.
Оз миқдордаги талон-торож қилиш бир неча марта бир манбадан содир этилса ва ягона қасд билан қамраб олинган бўлса, қилмиш натижасида олинган мулкни умумий миқдори оз миқдордаги талон-торож миқдори чегарасидан ошиб кетса, бу давомли ягона жиноят ҳисобланиб, айбдорнинг ҳаракатлари Жиноят кодекси тегишли моддалари билан баҳоланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги 11-сонли қарорига кўра: “Ўзганинг мулкини талон-торож қилишдан иборат бўлган айбдорнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда унинг содир этилиш усулидан (ўғрилик, талончилик, товламачилик ва х.к.) қатъи назар жиноят Жиноят кодекси тегишли моддасининг оғирроқ жазони кўзда тутувчи қисми билан тавсифланиши ва ушбу модданинг бошқа қисмлари билан қўшимча тавсифланиши талаб этилмаслиги судларга тушунтирилсин. Масалан, жиноят жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш белгиси бўйича Жиноят кодекси 167-моддасининг 3-қисми билан тавсифланганда Жиноят кодекси ушбу моддаси 1 ва 2-қисмлари билан қўшимча тавсифлаш талаб қилинмайди.
Давомли талон-торож содир этилган ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари талон-торож қилинган умумий суммани ҳисобга олган ҳолда тавсифланиши зарур.
Агар шахснинг ҳаракатлари давомли жиноят хусусиятига эга бўлмасдан бир неча мустақил эпизодлардан, мисол учун, ўғрилик, талончилик, фирибгарлик ва бошқалардан иборат бўлса, бу ҳаракатлар талон-торож қилинган умумий суммадан келиб чиққан ҳолда тавсифланиши мумкин эмас. Бундай ҳолларда жиноятни ўзганинг мулкини талон-торож қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи Жиноят кодекси моддасининг диспозициясига мувофиқ, жумладан, такрорийлик белгиси билан тавсифлаш лозим”.
Шунингдек, суд-тергов ходимлари безорилик, номусга тегиш ва бошқа жиноятларда айбдорни ўзганинг мулкини талон-торож қилиш сабабларини аниқлаши шарт.
Агар айбдор юқоридаги жиноятларни содир этиш вақтида ёки содир этилгандан сўнг моддий манфаат кўришни мақсад қилган бўлса, ундай ҳолда унинг ҳаракатлари жиноятлар жами тариқасида квалификация қилинади.
Агар айбдор ўзи содир этган жиноят (безорилик, номусга тегиш, қасддан одам ўлдириш кабилар) ни яшириш мақсадида жиноят қуроли сифатида ўзганинг мулкини олган бўлса, унинг қилмиши фақат битта жиноят таркиби билан (безорилик, номусга тегиш, қасддан одам ўлдириш кабилар) квалификация қилиниб, қўшимча равишда талон-торож жиноятлари билан квалификация қилинмайди. Масалан, айбдорнинг ўзи қасддан одам ўлдиришда фойдаланган жиноят қуроли – пичоқни ўзи билан олиб кетиши.
Талон-торож қилиш жиноятларида мулкдорнинг розилиги ёки ўз даъвосидан воз кечиши айбдор шахсга нисбатан жиноят ишининг қўзғатилиши ва судда кўрилишига монелик қилмайди, лекин ЖКнинг 661-моддаси (ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш)да айбдорни ярашув бўйича жиноий жавобгарликдан озод қилишда инобатга олиниши мумкин.
Талон-торожнинг субъектив томони тўғри қасд билан ва ғараз мақсадларда содир этилади. Айбланувчи, ўзганинг мулкини ўзи ёки учинчи шахснинг фойдасига бепул ва ғайриқонуний равишда эгаллаётганини англайди.
Талон-торожда ғараз мақсад айбланувчи ёки бошқа шахслар фойдасига ўзганинг мулкини олишга бўлган интилишида ифодаланади. Ғараз мақсаднинг йўқлиги (ўч олиш, безорилик натижасида) қилмишни талон-торож сифатида таснифлашни инкор этади.
Талон-торож жиноятларида субъектив томоннинг қайтариб бермаслик шартига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Ўзганинг мулкидан рухсатсиз вақтинчалик фойдаланишни талон-торож қилиш деб бўлмайди. Ушбу ҳолатда шахс ўзганинг мулкидан қонунга хилоф тарзда вақтинчалик фойдаланганлиги, аввал бошданоқ унда бу мулкни қайтариш мақсади бўлганлигини аниқлаш лозим.
Мулкнинг вақтинчага олинганлиги ва айбдорнинг уни қайтариш нияти борлигини қуйидагилардан билиш мумкин: кассадан пулни олиб, қўл остидаги ходимлар, қариндошлари, танишларига қарзга берганлигини қолдирилган тилхатлар, тегишли чиқим касса ордери ва бошқа ҳужжатлар исботи бўлиши мумкин. Шунингдек, уларни гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тасдиқлаши керак.
Агар шахс қайтариш ёки қийматини қоплаш шарти билан ўзганинг мулкидан ғайриқонуний равишда фойдаланганида, талон-торожнинг таркиби мавжуд бўлмайди. Иш ҳолатларига қараб ЖКнинг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) ёки ЖК 229-моддаси (ўзбошимчалик)даги жиноят белгилари мавжуд бўлса (кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса), ушбу моддаларга мувофиқ равишда квалификация қилинади.
Агар мулкни қайтармасликнинг сабаби ўзга (учинчи) шахслар томонидан мол-мулкнинг талон-торож қилиниши, йўқотиши, нобуд қилиши, шикаст етказиши натижасида юз берган бўлса, бундай ҳаракатлар талон-торож ҳисобланмайди. Иш ҳолатларига кўра, бундай ҳаракатлар ЖК 172-моддаси (мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш) ёки 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан квалификация қилиниши мумкин.
Ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жиноятларининг субъекти жиноят содир этгунга қадар белгиланган ёш (14, 16 ёш) га тўлган, ақли расо жисмоний шахс бўлиши мумкин.
ЖКнинг 17-моддасига босқинчилик (ЖК 164-моддаси), товламачилик (ЖК 165-моддаси), талончилик (ЖК 166-моддаси), ўғрилик (ЖК 169-моддаси) жиноятлари учун 14 ёшдан; ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси) учун 16 ёшдан жиноий жавобгарлик белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |