2-БОБ. БОСҚИНЧИЛИКНИНГ ЮРИДИК ТАҲЛИЛИ
164-модда. Босқинчилик
Босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган бўлса,-
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Босқинчилик:
а) қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) анча миқдордаги мулкни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, -
саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Босқинчилик:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 242-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда;
г) баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этилган бўлса,-
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Босқинчилик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ижтимоий хавфлилик даражасига кўра босқинчилик ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг энг оғир тури ҳисобланади.
Босқинчилик кўп объектли деб аталадиган жиноятлар туркумига киради, чунки бунда айбдор бир вақтнинг ўзида нафақат жабрланувчининг мулкига, балки унинг ҳаёти ёки соғлигига тажовуз қилиши мумкин.
Босқинчиликнинг бевосита асосий объекти - талон-торож қилинаётган мулкни муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий муносабатлар; қўшимча объекти - жабрланувчининг соғлиғи ва жисмоний дахлсизлиги; шунингдек, босқинчилик ўзганинг уй-жойига ғайриқонуний равишда кириш орқали содир этилаётган бўлса, фуқаронинг конституциявий уй-жой дахлсизлиги ушбу жиноятнинг қўшимча объекти ҳисобланади.
Босқинчиликнинг предмети ўзганинг фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган ҳар қандай мулки ҳисобланади.
Жабрланувчига ҳужум қилиш босқинчиликда мулкни эгаллаш усули ҳисобланади.
Босқинчилик объектив томондан икки усулда:
ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилган ҳолда ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш орқали;
ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш орқали содир этилади.
Юқоридаги икки белгидан бирининг мавжудлиги қилмишни босқинчилик сифатида квалификация қилиш учун асос бўлади.
Ҳужум қилиш жабрланувчига нисбатан куч ишлатиш йўли билан ёки уни қўллаш билан қўрқитиб, унинг мулкига эга бўлишга қаратилган ҳаракатни содир этишда намоён бўлади.
Ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, деганда айбдор томонидан жабрланувчи соғлигининг бузилишига олиб келмаган, бироқ уни қўллаш пайтида жабрланувчининг соғлиғи ва ҳаётига реал хавф туғдириши тушунилади.
Босқинчиликда ҳужум қилиш деганда, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида жабрланувчига жисмоний ёки руҳий таъсир кўрсатишга қаратилган ҳаракат тушунилади.
Ҳужум – жабрланувчи учун кутилмаганда (қўққисдан), зўрлик ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш йўли орқали жабрланувчини қаршилигини енгиш мақсадида уни ушлаб туриш, тан жароҳати етказиш ва ҳ.к. мақсадларда тезлик билан дарҳол амалга оширилган ғайриқонуний ҳаракат ҳисобланади.
Босқинчиликдаги ҳужум жабрланувчи учун кутилмаган, қўққисдан зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш йўли билан амалга оширилади ва ўзининг объектив хусусиятига кўра, ҳужум жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши ёки соғлигига жиддий зарар етказиши мумкин бўлади.
Ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш, деганда жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиги учун хавфли бўлган ёки жабрланувчининг соғлигига енгил, ўртача оғир ва оғир даражадаги шикаст етказиш тушунилади.
Талон-торож натижасида жабрланувчининг соғлиғига енгил шикаст етказиш хавфи босқинчиликда ҳам, талончиликда ҳам мавжуд. Лекин эътиборли жиҳати шундаки, босқинчиликда енгил шикаст жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган усулда содир этилади. Масалан, айбдор пичоқдан фойдаланиб, жабрланувчининг қулоғидан зирагини тортиб олса ва натижада жабрланувчининг соғлиғига енгил шикаст етса, айбдорнинг ҳаракатлари босқинчилик, деб баҳоланиши керак.
Талончиликда эса, жабрланувчининг соғлиғига енгил шикаст ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик натижасида етказилади. Масалан, айбдор жабрланувчининг қулоғидан зирагини юлиб қочса, натижада жабрланувчининг соғлиғига енгил шикаст етса, унинг ҳаракатлари талончилик, деб қаралиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1999 йил 30 апрелдаги “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарорига кўра “Ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш деганда унинг ишлатилиши жабрланувчининг ҳаёти учун аниқ бўлган хавфни вужудга келтирувчи ҳолат (масалан, жабрланувчини бўғиш, бошини сув остида ушлаб туриш ва ҳ.к) тушунилади.
Соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш деганда, жабрланувчига соғлигининг бузилишига сабаб бўлган тан жароҳати етказиш ёки шундай тан жароҳатини етказиш хавфини туғдирувчи ҳаракатлар (чаккага, қуёш чигалига уриш ва ҳ.к.) тушунилади”10.
Ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда айбдор томонидан жисмоний зўрликнинг жиноят содир қилинаётган вақтнинг ўзида бевосита ёки дарҳол қўлланилиши, зўрлик ишлатиш келгусида эмас, балки ҳужум пайтида ишлатилиши тушунилади.
Агар мулкни талон-торож қилиш мақсадида зўрлик ишлатиш айбдор томонидан келажакда амалга оширилиши кўзда тутилган бўлса, қилмиш босқинчилик (ЖК 164-моддаси) сифатида эмас, балки товламачилик (ЖК 165-моддаси) билан квалификация қилинади.
Демак, босқинчиликдаги зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мулкни ўша вақтнинг ўзида олишни назарда тутади, агар айбдор мулкни келажакда олишни мўлжаллаб, зўрлик ишлатиш билан қўрқитса, қилмиш товламачилик сифатида баҳоланади. Айнан шу белгилар босқинчиликни товламачиликдан фарқлайди.
Қонун мазмунига кўра, босқинчиликда зўрлик ҳам жисмоний, ҳам руҳий бўлиши мумкин.
Инсон организмига ҳаёт ва соғлиққа кучли таъсир қилувчи, заҳарли ёки руҳий ҳолатига таъсир қиладиган нарсаларни бериб, ожиз аҳволга солиш ва унинг мулкини эгаллаш мақсадида ҳужум қилиш босқинчилик сифатида тавсифланади.
Босқинчиликда руҳий зўрлик инсон учун хавфли бўлган жисмоний кучни қўллаш хавфидан иборат, агар жабрланувчи жиноятчининг унга мулкини бериш тўғрисидаги буйруғини бажармаса, жиноят руҳий таъсир ўтказиб ёки жисмоний куч ишлатиб содир этилади. Босқинчиликнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқорилигини ҳисобга олиб, шахс ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳофазасини кучайтириш мақсадида қонун чиқарувчи орган томонидан ушбу жиноят таркиби кесик таркибли, деб белгиланди. Бундан келиб чиқадики, жиноят ҳужум бошланган пайтдан тугалланган, деб ҳисобланади. Юқорида таъкидланган Пленум қарорида белгиланишича, босқинчилик ... жабрланувчининг ҳаёт ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб ҳужум бошланган вақтдан бошлаб, тугалланган ҳисобланади11.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида” қарорида “Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш билан бошланган, лекин жабрланувчи ёки бошқа шахслар томонидан мулкка эгалик қилиш мақсадида уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб қилинган ҳаракатлар талончилик деб, ҳужум қилиб ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатганда ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитганда эса босқинчилик деб тавсифланади”12.
Масалан, айбдор уйда ҳеч ким йўқ деб ўйлаб, уйга кирган вақтида уй эгасининг келиб қолганига қарамасдан, айбдор мулкни олса ва жабрланувчи буни англаган бўлса, қилмиш талончилик сифатида, агар айбдор мулкни жабрланувчига ҳужум қилиб, ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб олган бўлса, унда қилмиш босқинчилик сифатида баҳоланади.
“Зўрлик ишлатиш ҳаракатлари айбдор томонидан ўзганинг мулкини яшириш равишда талон-торож қилиши тугагандан кейин қўлга тушишдан қутулиш мақсадида содир этилган бўлса, бундай ҳаракат талончилик ёки босқинчилик деб қаралмайди. Зўрлик ишлатишнинг хусусияти ва келиб чиққан оқибатларга қараб қилмишни ўғрилик деб, бошқа жиноятларнинг белгилари бўлганда жиноятлар мажмуи бўйича тавсифлаш лозим”13.
Қилмишни ЖК 164-моддаси 1-қисми билан квалификация қилишнинг зарурий белгиларидан бири бу босқинчилик йўли билан талон-торож қилинган мулкнинг қиймати анча миқдордан ошиб кетмаслиги, яъни талон-торож қилинаётган мулк қиймати жиноят содир этилаётган кундаги энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваригача бўлиши талаб қилинади.
Агар айбдор олдиндан заҳар бериб, жабрланувчини ўлдиришни ва жабрланувчи ўлганидан сўнг унинг мулкини олишни ният қилган бўлса ва буни амалга оширган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 97-моддаси “и” банди (тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш) билан квалификация қилинади ва ЖК 164-моддаси (босқинчилик) билан қўшимча равишда квалификация қилинмайди.
Айбдор жабрланувчига меъёридан ортиқлигини олдиндан билгани ҳолда ухлатадиган ёки ҳушидан кетгазувчи дори бериб, жабрланувчининг ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирган ҳолда жабрланувчининг мулкини олган бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 164-моддаси (босқинчилик)нинг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Айбдор ухлатадиган ёки ҳушидан кетгазадиган дорини меъёрида берган ва унинг мулкини унга билдирмасдан олишни ният қилган бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 169-моддаси (ўғрилик) сифатида квалификация қилинади.
Жиноятчи жабрланувчининг қаршилигини енгиш мақсадида унинг жисмоний ҳаракатини чеклайдиган ёки маҳрум қиладиган воситаларни берган бўлса ва жабрланувчи ўз мулкининг талон-торож қилинаётганлигини англаган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 166-моддаси (талончилик) сифатида квалификация қилинади.
Шунингдек, босқинчилик натижасида жабрланувчи ёки унинг яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиги учун хавфли бўлган усулда баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 164-моддаси оғирлаштирувчи қисмидаги белгилар бўлмаса, қилмиш ЖК 164-моддаси 1-қисми билан қамраб олиниб, ЖК 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ёки ЖК 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан қўшимча равишда квалификация қилинмайди. Агар босқинчилик вақтида жабрланувчи ёки унинг яқин қариндошларининг баданига оғир шикаст етказган бўлса, унинг ҳаракатлари 164-моддаси 3-қисми “г” банди билан квалификация қилинади ва ЖК 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан қўшимча равишда квалификация қилинмайди.
Демак, юқоридагилардан келиб чиқиб, қилмишни ЖК 164-моддаси 1-қисми билан квалификация қилиш учун қуйидаги белгилардан бири бўлиши лозим:
ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилганлиги;
босқинчилик йўли билан талон-торож қилинаётган мулкнинг миқдори анча миқдоргача бўлиши;
босқинчилик йўли билан талон-торож қилинаётган вақтда жабрланувчига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилганлиги;
ЖК 164-моддасидаги жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |