5-§. Жамиятнинг маънавий соҳаси
Маънавиятнинг моҳияти
Жамиятнинг маънавий соҳаси кўпинча маданият билан тенглаштирилади. Бундай тенглаштириш унчалик тўғри эмас, чунки маданият фақатгина маънавий бўлмасдан моддий хусусиятга ҳам эгадир. Бунинг устига, маданият интеграл хусусиятга эга бўлиб, жамиятнинг ҳамма томонлари (иқтисодиёт соҳаси иқтисодий ва моддий маданиятни, сиёсат соҳаси сиёсий маданиятни ўз ичига олади ва бошқалар)га кириб боради. Моддийлик ва маънавийлик бир-бирига қарама-қарши томонлар (антитез) бўлмасдан, улар бир-бирга ўзаро таъсир қилувчи ва ўзаро бир-бирини тўлдирувчи ижтимоий ривожланиш омилларидир. У ёки бу халқ маънавиятининг шаклланиши, шу халқнинг яшайдиган табиий-иқлимий шароитлари, уларнинг у ёки бу даражада ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари билан белгиланади.
Маънавият ижтимоий ҳодиса ва илмий тушунча сифатида ўзга хос кўплаб хусусиятга эга бўлиб, мустақил объект сифатида фалсафий таҳлил қилишни талаб этади. Барча даврларда яшаган мутафаккирлар «руҳ», «маънавият», «маънавийлик» каби тушунчалар тўғрисида бош қотирганлар. Қадимги Шарқ (Хитой, Ҳиндистон, Вавилон, Миср ва бошқалар), сўнгра антик давр ва ўрта асрда яшаган мутафаккирлар маънавийлик муаммосига катта эътибор қаратганлар. Гильгамеш тўғрисидаги Шумер эпоси, ҳинд Ведалари ва Упанишадлари, Конфуций, Авесто таълимотлари, Афлотун, Арасту, Форобий, Беруний, Ибн Сино, А.Навоий ва бошқа мутафаккирларнинг асарлари бу масалага қизиқиш кучли бўлганлиги, маънавият инсон ривожланишининг энг чўққиси эканлиги ва у доимо илмий-фалсафий қизиқиш уйғотганлигини кўрсатади.
Янги даврга келиб, бу муаммога қизиқиш янада кучайди, бу қизиқиш ўша даврларда юз берган илмий-интеллектуал инқилоб билан, кўп нарсаларга нисбатан қарашларнинг ўзгариши билан боғлиқ эди. Фан ва техника қанчалик даражада ривожланса, маънавият тўғрисидаги масалага шунчалик эътибор кучайиб, илмий-техник ривожланишнинг маънавий моҳияти тўғрисидаги масала тез-тез юзага чиқиб турди. Маънавийлик ва онглилик, маънавийлик ва интеллектуаллик тушунчаларининг маъноларини бир-бири билан аралаштириб юбориш ҳолатлари тез-тез юз бериб турди. Шуни таъкидлаш керакки, ўзининг маъносига ва ҳажмига кўра маънавий соҳа рационал (ақллилик) соҳасига қараганда кенгроқдир. Маънавийликнинг шаклланишидаги асосий нарса билим олишгина эмас, балки билим олишнинг маъноси ва мақсадидир. Маънавийлик мақсадлар, моҳиятлар ва қадриятлар иерархиясининг индикатори бўлиб хизмат қилади. У индивидни ўраб турган воқеликни маънавий жиҳатдан юксак даражада ўрганишини акс эттиради.
Шуни айтиш керакки, маънавият дунёвий ва диний бўлиши мумкин. Лекин маънавиятни фақат динга боғлаш ҳам мумкин эмас. Ҳатто ўрта асрларда, дин ҳукмрон бўлган даврларда ҳам илғор фикрга эга бўлган мутафаккирлар маънавиятни динийликдан фарқ қилишини ва ундан кенгроқ маънога эга эканлигини қўрқмасдан таъкидлаганлар. Масалан, Ибн Сино ўзининг буюк асари «Донишнома»да маънавийликни субстанция (моддий субстанция билан бирга)нинг кўринишларидан бири, деб таърифлайди. Ўрта аср мутафаккирларини атеистлар деб аташ мумкин эмас. Лекин улар маънавиятни динийликдан кенг мазмунга эга деб ўйлаганлари ҳақиқат. Маънавийлик ва динийлик тушунчаларини ажратиш тенденцияси марказий осиёлик маърифатпарварлар ижодида кейинроқ пайдо бўлди. Марказий Осиё мутафаккирлари дин ва унинг қадриятларига ўз эътиборларини қаратиш билан бирга, улар давр учун соф динийликдан ташқари универсаллик (умумийлик) ҳам зарурлигини тушуниб етдилар.
Замонавий жамият нафақат технология ва иқтисодиёт, балки юксак даражага эга бўлган маънавийликдан ҳам иборатдир. Маънавий соҳа – бу маънавий ишлаб чиқариш (кенг маънода тушунилганда), унинг жараёни ва натижаларининг бирлигидир. У санъат, фан, фалсафа, ахлоқ, ҳуқуқий ва сиёсий онг, диндан иборатдир. Мазкур барча ижтимоий ҳодисалар жамият маънавий соҳасининг элементларини (аниқроғи кичик тизимларини) ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |