Ўзбекистон жамиятнинг ижтимоий тузилмасидаги ўзгаришлар
Ислоҳотлар даврида иқтисодий базисда юз берган ўзгаришлар жамиятнинг ижтимоий структурасига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Совет даврида марксча-ленинча назарияга кўра жамиятда иккита синф мавжуд эди: иқтисодий асоси давлат мулки бўлган ишчилар синфи; колхоз – кооператив мулкка суянадиган колхозчи-деҳқонлар синфи ва ижтимоий қатлам бўлган – зиёлилар. Бундай бўлинишнинг бирдан-бир мезони – мулкка бўлган муносабат эди. Асосий етакчи куч – ишчилар синфи ҳисобланиб, унинг вазифаси бутун дунёда коммунистик жамият қуриш эди. Мамлакатда чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётган ва ижтимоий табақалашув жараёнлари кечаётган ҳозирги даврда бундай ёндашувни қабул қилиб бўлмайди. Методологик нуқтаи назардан бутун дунёда тан олинган ижтимоий стратификация назариясини қўллаш тўғрироқ бўлади. Бу назарияга асосан жамиятда нафакат мулкка муносабатига кўра, балки бошқа турли кўрсаткичларга асосан фарқ қиладиган турли ижтимоий қатламларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам ишчилар синфи ичида табақалашув жараёни кетмоқда – масалан, давлат корхоналаридаги ишчилар қатор кўрсаткичлар бўйича, шу жумладан иш ҳақига кўра, хусусий корхоналардаги ишчилардан фарқ қилади. Акционерлик корхоналар пайдо бўлиши билан ишчиларда мулкнинг йўқлиги билан боғлиқ асосий белги йўқолади. Ишчи энди корхонанинг акцияларига эга бўлиши ва шу корхона ёки бирор бир бошқа мулкка биргаликда эгалик қилиши мумкин.
Малакаларнинг даражаси бўйича ҳам табақалашув жараёни юз бермоқда. Жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи ишчилар янги техника ва технология билан ишловчи ишчилардан фарқ қилади. Жисмоний ишни ақлий иш билан бирга олиб борувчи «зангори ёқалилар» деб аталувчи қатлам ҳам пайдо бўлди. Ишлаб чиқаришнинг замонавийлашуви натижасида ақлий меҳнат билан шуғулланувчи «оқ ёқалилар» деб аталувчи инженер-техник ишчилар, бошқарувчиларнинг ҳам сони борган сари ошиб бормоқда. Индустриал меҳнат кўрсаткичлари бўйича ҳам ишчилар қатламларга ажралмоқда. Аграр секторда ҳам худди шундай жараён юз бермоқда. Ҳозирги фермер (деҳқон) мақоми моддий даромади бўйича колхозчидан фарқ қилади. Қишлоқлардаги кичик корхоналарда ишловчи ишчилар шаҳар ишчиларидан фарқ қилади ва бошқалар. Аммо ҳозирги даврнинг асосий хусусиятларидан бири шундаки, ишлаб чиқариш соҳасида ҳам, хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳам хусусий мулкка эга бўлган ижтимоий қатламнинг пайдо бўлмоқда. Интеллектуал мулкка эга бўлганлар эса, алоҳида ўринни эгаллайди. Булар ҳали кичик қатлам бўлсалар ҳам, бозор иқтисодиёти муносабати шаклланиши шароитида улар катта келажакка эга. Улар нафақат ишлаб чиқариш соҳасида, балки сиёсий соҳага ҳам, маданиятни ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Худди шу қатлам янги муносбатларнинг шаклланиши асосида «ўрта синф»га айланувчи, шаклланиб бораётган ўрта қатламнинг негизи бўладидир. «Ўрта қатламларнинг қиммати шундаки, улар механик тарзда давлат ёрдамида ёки инқилобий тадбирлар (қуйи синфга хос бўлган) орқали бойиб кетиш мумкин эмаслигини англаб етадилар. Уларнинг маънавий қарашларининг асоси: иқтисодий фаровонлик органик равишда меҳнатсеварлик, куч-ғайрат, тадбиркорлик ва маърифатга боғлиқдир», - деб уқтиради С.Л.Франк40. Фақат ўрта синфгина фуқаролик жамиятнинг асосини ташкил қилиб, ҳозирги замон ривожланган мамлакатларида сиёсий барқарорликни сақлаб туради. Бизнинг мамлакатимизда шаклланадиган жамият ҳам худди шундай бўлиши керак.
Янги жамиятнинг шаклланиши жараёнида ва унга йўлдош «ўтиш инқирози» чоғида одамларнинг мулкий табақалашуви чуқурлашади. Бир томондан, бойлар «янги ўзбек»лар пайдо бўлади, бошқа томондан эса одамларнинг кўплаб қисмини яшаш даражаси пасаяди. Бойлар ва камбағаллар ўртасидаги яшаш тарзининг фарқи жамиятда норозиликларни вужудга келтиради. Бунинг олдини олиш учун кучли ижтимоий сиёсат олиб боришга тўғри келади. Бундай ижтимоий сиёсатнинг моҳияти тақсимлаш, тенглаштириш йўли билан боришдан иборат эмас. Ижтимоий сиёсат моҳиятига асосан, биринчидан, меҳнат фаолияти билан шуғулланувчилар учун ўзларини ва оилаларини боқиши, ташаббус кўрсатиши, тадбиркорлиги, билимларини қўллаши ва бошқалар учун бир хил шароитларни яратиш зарур; иккинчидан эса, меҳнат ҳақи белгилаб қўйилган одамларга, яъни бюджет соҳасида ишловчиларга, инфляция даражасига қараб ҳақ тўлаш керак бўлади. Учинчидан, пенсионерлар, ўқувчи (талаба)лар, ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш зарур. Ва ниҳоят, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |