Шахс ва жамият
Фаоллик ва доимий камолотга интилиш билан бир қаторда шахснинг муҳим хусусиятларидан бири унинг эркинлигидир. Эркинликнинг йўқлиги турли кўринишларда намоён бўлиши мумкин: қуллик, крепостнойлик, қамоқ, маънавий қуллик ва ҳоказо. Эркинликнинг йўқлиги шахсий масъулиятнинг йўқлигини англатадики, у сиз шахс ҳақида сўз ҳам юритиш мумкин эмас. Бунда шуни эсда тутиш керакки, эркинлик бу анархия эмас, зеро «жамиятда яшаб ундан озод бўлиш мумкин эмас».
Эркинлик ва масъулият иккита ўзаро диалектик боғланган қарама-қаршиликни ташкил этади.
Инсон ўзининг ижтимоий мажбуриятларини, жамият олдидаги бурчини, ўз масъулиятини табиий бир ҳол, ўз эркинлиги ва ижтимоий фаоллигининг узвий бир қисми сифатида қабул қилгандагина чинакам шахсга айланади.
Инсоннинг ҳаётий фаоллиги унинг шахсининг шаклланишининг асосий омили сифатида намоён бўлади. Мазкур жараён давомида фақат табиий ва ижтимоий дунёга мослашиш юз бериб қолмасдан балки инсон уни ўз хоҳишига мос равишда ўзгартиради. Бунда чинакам инсоний, шахсий, ижтимоий тақозо этилган олам шакллантирилади. Жамиятнинг ўзи, унинг тизими ва тузилиши, ундаги муносабатларни ташкил этувчи унсурлар - буларнинг ҳаммаси шахснинг бунёдкорлик фаолиятининг, унинг дунёни ўзгартирувчи ижодий фаолиятининг натижаси.
Ушбу ўзгариш жараёни чексиздир, чунки фаолият, фаоллик инсон шахсининг моҳиятини ташкил этувчи кучларнинг намоён бўлиши, очилиши ва ривожланиши демакдир. Дунёни ўзгартирар экан, фаол шахс айни пайтда ўз қобилиятлари, маҳорати, кўникма ва билимларини узлуксиз равишда такомиллаштириб борган ҳолда ўз-ўзини яратади. Фаол ҳаёти ва иши давомида шахс доимий равишда социум ичидаги ўз алоқаларини кенгайтиради. Бунда инсоний эҳтиёжлар доираси кенгайиб боради ва шу билан бир пайтда мазкур эҳтиёжларни қондириш воситаларининг сифат ва сон жиҳатдан ўсиши юз беради.
Индивид ижтимоий фазилатлар ва сифатлар мажмуасини касб этиш бутун инсоний цивилизация, жамиятнинг бутун тарихи томонидан тўпланган тажрибани узлуксиз ва ҳар томонлама ўзлаштириш орқали шахсга айланади.
Шахснинг жамиятдаги ўрни ва ролини Кантнинг қуйидаги сўзлари билан тавсифлаш мумкин: «Инсон фақат восита сифатида эмас, балки мақсад сифатида ҳам ўз-ўзича мавжуд бўлади..., ўзининг барча хатти-ҳаракатларида у мақсад сифатида ҳам қаралиши зарур».52
Инсон шахси – социум маркази. Жамиятнинг ривожланиш тарихи шахснинг, айрим олинган инсоннинг ўрни ва аҳамиятининг ошиб бориши билан узвий боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |