ИНСОН ФАЛСАФАСИ (АНТРОПОЛОГИЯ) 1-§. Инсоннинг келиб чиқиши ҳақидаги назария Инсоннинг келиб чиқиши энг мураккаб ва жумбоқли феноменлардан бири ҳисобланади. Қадим замонлардан бошлаб ушбу феноменни тушунтиришда бир-бирига қарама-қарши бўлган икки парадигма мавжуд: инсоннинг худо томонидан яратилганлиги ғояси ва табиий тарихий эволюция ғояси.
Яратиш назарияси Ибтидоий мифларда одамларнинг келиб чиқиши кўпинча мифик қаҳрамонларнинг трансформацияси, тотем аждодлар, бутун мавжудот яратилган мифик даврдаги персонажларнинг трансформацияси натижаси ёки уларнинг ижод маҳсули сифатида тасаввур этилади. Айрим мифларда одамларнинг пайдо бўлиши тасодифий хусусиятга эга бўлса, бошқаларида демиурглар – тотем аждодларнинг онгли иши сифатида акс эттирилади.
Янги Гвинеядаги папуасларнинг тангу қабиласи мифларида афсонавий қаҳрамон одамларни қапқонга илинган тўнғизларнинг майдаланган бўлакларидан яратади. Тасманияликларнинг тасаввурларига кўра дастлабки одамлар Мопхерни номли мифик мавжудот томонидан думли, бўғинсиз оёқларга эга бўлган ҳайвон қиёфасида яратилган. Кейинчалик бошқа бир афсонавий мавжудот Друмердим уларнинг думларини кесиб ташлаган ва ёғлар ёрдамида тиззаларини бўкиладиган қилган. Австралия аборигенлари ва Янги Гвинеядаги папуасларнинг маринд-аним қабиласининг афсоналарига кўра одамлар дастлаб ярим одам, ярим ҳайвон қиёфасида, кўзларсиз ва оғизсиз, оёқ-қўлларининг учлари ёпишган ҳолда мавжуд бўлган. Демиурглар пичоқлар ёрдамида уларни ҳозирги ҳолатга келтирганлар.
Анча кейинроқ пайдо бўлган мифларда биринчи одамнинг пайдо бўлиши худолар томонидан яратилиш ғояси билан боғланади. Жаҳон динларида мавжуд бўлган яратилиш актининг барча тасвирлари ўз илдизларига кўра айнан мифологияга бориб тақалади. Масалан, жаҳон динларида кенг тарқалган инсоннинг худо томонидан лойдан яратилганлиги ҳақидаги тасаввурнинг мифологик илдизларга эга эканлиги яққол кўриниб туради. Вавилонда яратилган поэма - "Энум Элиш»да тасвирланишича дастлабки одам тартиб худолари ва тартибсизлик (хаос) худолари ўртасида бўлиб ўтган урушдан сўнг лой ва қондан пайдо бўлган. Қадимги Мисрдаги афсоналардан бирида Хнум деган худо одамни кулолчилик чархи ёрдамида лойдан ясалганлиги айтилди. Аёлнинг эркак кишининг қовурғасидан ясалганлиги мотиви Месопотамияда яратилган мифларга бориб тақалади. Инсоннинг худо томонидан яратилганлиги ҳақидаги парадигма ҳар доим диний эътиқодлар ва ишончларга асосланган. Фан антропогенез жараёнини ёритиб бера бошлаши ва диндан бу соҳани тортиб олиши муносабати билан креацианизм ўз мавқеини мустаҳкамлай бошлади. Бу ҳол тегишли институларнинг яратилиши, илмий анжуманлар ўтказилиши, креацинистик адабиётлар ва фильмларнинг пайдо бўлишида ўз аксини топди.
Ҳозирги замон креацианизми қуйидаги ёндашувларга асосланади.
Биринчидан, бу одамнинг азалдан мавжуд бўлганлиги ғоясидир ва у одамнинг энг қадимги даврларга оид қазиб топилган ҳайвонлар (масалан, динозаврлар) билан бир пайтда мавжуд бўлганлигини исботловчи далилларни қидириб топишда ифодаланган. ХХ аср 60-80 йилларда Техасдаги Паллукс дарёси ҳавзасида топилган 120 миллион йил илгари қолдирилган бир изни ана шундай далиллардан (инсоннинг энг қадимги даврдаги изи) бири сифатида кўрсатишга уринишлар бўлган эди. Аммо кейинчалик маълум бўлдики, у қадимги калтакесакнинг изи экан.
Иккинчидан, бу инсоннинг ва қазилмалар орқали топилган приматларнинг тадрижий тараққиётида қандайдир оралиқ бўғинлар бўлганлигини инкор этишдан иборат. Креацианистларнинг фикрича, қазилмалар чоғида топилган барча суякларни ёки одамники, ёҳуд маймунники сифатида тасниф қилиш лозим. Бошқача қилиб айтганда худо ҳамма турларни улар қандай бўлса шундай яратган ва одам ҳам аввал бошданоқ одам бўлган. Бироқ, фанга маълум барча қазилмалар чоғида топилган гоминидлар бундай бир хилликка эга эмас, чунки уларда маймунларга хос хусусиятлар билан одамга хос хусусиятлар бирлашиб кетган.
Учинчидан, бу - етарли маълумотлар бўлмаганлиги учун гипотеза сифатида қаралувчи антропогенезга оид бир қатор назарияларнинг танқид қилинишидир.
Креацианизм бугунги кунда ҳам кенг тарқалган. Бир қатор мамлакат(давлат)ларда инсоннинг келиб чиқиши ҳақидаги креацианистик ва эволюцион қарашларни мактабларда ўқитиш масаласида кескин кураш бормоқда. 1925 йилда (АҚШнинг) Теннеси штатидаги Дайтон шаҳрида ўқитувчи Джон Скопс устидан ўтказилган суд бугунги кунда барчага маълум. У ўқувчиларга Дарвин назарияси ва унинг одамнинг маймундан келиб чиққанлиги ҳақидаги гипотезаси хусусида сўзлаб берган эди. 1986 йилда эса Мобайла шаҳри суди Алабама штатининг таълим бошқармасига қарши даъво билан иш қўзғади. Бунга таълим бошқармасининг «динга ва худога қарши мазмундаги 45 дарсликдан ўрта мактабларда фойдаланишга рухсат берганлиги»43 сабаб бўлган эди. Калифорниянинг айрим шаҳарларида эволюция назариясини ўз ичига олган дарсликлардан фойдаланиш тақиқланган.
Шу сабабли яқинда америкалик йирик 72 та олимлар - Нобель мукофотининг совриндорлари креацианистларнинг инсоннинг худо томонидан яратилганлиги ғояси ва эволюция назариясини «тенг ҳуқуқли» равишда ўқув дастурларига киритиш ва ўқитиш учун уринишларига қарши чиқдилар. Биронта бошқа ҳужжат шунчалик кўп сонли Нобель мукофоти совриндорлари томонидан низоланмаган эди. Уларнинг мазкур қадами шу билан тақозо этилган эдики, замонавий, илмий билишнинг ютуқларига асосланган таълим фан мезонларига жавоб бера оладиган назарияларга асосланади. Бу энг аввало, тегишли тарзда асослаб бериш ва исботлашдир, креацианизм эса ўзининг ҳақлигини кўрсатувчи исбот-далилларга эга эмас.
Кейинги пайтда «космик тажриба» назариялари пайдо бўлдики, уларнинг марказида ҳам одамнинг яратилганлиги ҳақидаги ғоя туради. Диний талқинлардан фарқли ўлароқ, ушбу назарияларда инсон қандайдир ўзга планетага мансуб цивилизация томонида яратилган деб тасдиқланади.
Ушбу концепцияга кўра, Ердаги кўплаб ноёб иншоотлар (Миср эҳромлари, Пасха оролидаги тошдан ясалган улкан ҳайкаллар, фақат тепада қараганда кўринадиган бениҳоят улкан расмлар ва ҳоказо) ана шу ўзга сайёраликлар томонидан яратилган деб ҳисобланади.
Фан ўзга сайёраларда цивилизациянинг мавжудлигини ва улар Ерга келган бўлишлари мумкинлигини принцип жиҳатидан инкор этмайди. Бироқ, инсоннинг ўзга сайёраликлар томонидан яратилганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас. Бу мавзуга оид барча мулоҳазалар ҳозирга қадар мушоҳада-гипотеза бўлиб қолмоқда.