1. Статистика тўғрисида умумий тушунча. 2. Статистика предметининг асосий хусусиятлари. 3. Статистика фанининг назарий асослари. 4. Статистика фанининг усуллари.
1. Статистика тўғрисида умумий тушунча Статистика кўп асрлик тарихга эга. Статистика жамият эҳтиёжларининг ривожланиши туфайли пайдо бўлган. Инсонга оддий ҳисобларни амалга ошириш зарурияти туғилганда, бу ишни улар қўлидаги бармоқлари ёрдамида бажарганлар. Жамиятда ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши натижасида инсонлар ҳисоб-китобларни қўл бармоқлари билан эмас, балки айрим предметлар орқали бажаришга киришдилар. Масалан, Грек тарихчиси Геродотни (эрамиздан олдин 484-420 йилларда яшаган) таъкидлашича қадимий форс подшоҳи Дария ўз қўшинларини сони тўғрисида маълумотга эга бўлиш учун ҳар бир аскарга бир донадан тошни олиб келиб бир ерга тўплашни буюради.
Хитой ва Миср каби қадимий давлатларда эрамиздан аввалги 2000-3500 йил илгари аҳоли рўхатларининг ўтказилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. Халқаро савдо ва пул-товар муносабатларининг ривожланиши ҳисобга олиш ва статистиканинг шаклланишида рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилган.
Статистика фан сифатида XVII асрнинг охирларида шакллана бошлаган. Бу даврга келиб фанга статистика тушунчаси кириб келган. Статистика тушунчасининг илк бор фанга немис олими, фалсафа ва ҳуқуқ профессори Г.Ахенваль (1719-1772) киритган.
Сиёсий арифметика мактаби билан деярли бир пайтда Германияда тасвирий мактаб (фан) ҳам пайдо бўлади. Бу мактаб асосчилари Г.Конринг (1606-1681) ва Г.Ахенвальдир.
1660 йилда Г.Конринг янги соха (фан) бўйича маъруза курсини ташкил қилади— "Давлатшунослик" "Staatskunde". Бу фан — Г.Конринг фикрича - ҳар бир давлатда диққатга сазовор бўлган фактлар (рўй берган ҳодиса ва воқеалар) ҳақида сўзлаб берувчи фандир. Янги фан ўз олдига давлат ҳолатини таърифлаш, тасвирлаш ёки рўйхатга олишни вазифа қилиб қўйди. Асосий мақсад, бошқарувчи синф вакилларини алоҳида давлатларда бошқарув методлари ва уларнинг бойлиги билан таништиришдан иборат эди. Бу тамойил, Г.Конрингни Германияда жуда машҳур ва донгдор маърузачига айлантирди.
1749 йилда Геттигенда халқаро ҳуқуқ ва статистика профессори Г.Ахенваль ("Давлатшунослик" фанини назариячилари орасида энг кўзга кўринган олимлардан бири) "давлатшунослик" фанини "Статистика" (лотинча "Status" сўзидан олинган бўлиб, ҳодисаларнинг ҳолатини, аҳволини билдиради. "Status'' сўзи негизида италянча "Stato"-давлат, амалий сиёсат ва "Statista''-давлат арбоби, давлатни билувчи сўзлари ётади) деб атаган.
XIX асрнинг 40-йилларига келиб статистикадаги тасвирий оқим билан шуғулланиш деярли тўхтатилади ва кейинчалик бутунлай тугатилади. Бунга сабаб, статистика давлатни бошқариш қуролига айлантирилгани бўлса керак.
Статистика фанининг II йўналиш XVII асрда англияда «Сиёсий арифметика» фани номи билан шаклланган. Унинг асосчилари инглиз олимлари У.Петти (1623-1687) ва Жон Граунт (1620-1674) бўлганлар. Уларнинг ишларида демографик ва иқтисодий статистик масалаларга алоҳида эътибор берилган.
У.Петти ўз асарларида ("Солиқлар ва йиғимлар", 1662 й.; "Доноларга сўз", 1664 йил, "Сиёсий арифметика", 1676 йил) ўз тенгдошларини қизиқтирган иқтисодий саволларга миқдорий ҳисоб-китобларга суянган ҳолда ҳаракат қилади. У.Петтининг яқин дўсти, фабрикант. Лорд, Лондон шаҳрииинг ҳокими Ж.Граунт биринчи бўлиб ўлиш тўғрисидаги маълумотлар жадвалини тузди. У туғилиш масалаларини ўрганди, биринчи бўлиб болалар ва қизлар туғилиши ўртасидаги доимий нисбатни очди (14/12). Англия аҳолисини сонини аниқлади (6,5 млн. киши). Лондон аҳолисининг сони 460 минг киши, шулардан қурол олиб юрадигани (ҳарбий хизматта яроқлилари) 81 минг киши эканлигини аниқлади, аҳоли миграциясини ўрганди. Булардан ташқари у оммавий миқдорий ҳодисаларга тааллуқли айрим статистик қонуииятларни аниқлади.. У. Петти ва Ж. Граунт бажарган ишлар илмий статистикани пайдо бўлишига пойдевор бўлиб хизмат қилади Улар бошлаган иш бир қанча олимлар томонидан давом қилдирилди. Улар орасида Г.Кинг (1648-1712) ва Э.Галлей (1656-1742) бажарган ишлар диққатга сазовордир. Г.Кинг 1696 йилда Англия аҳолисини барча социал гуруҳлари бўйича даромадлар ва харажатлар балансини тузди, астроном Э.Галлей эса 1693 йилда ўлиш жадвалини тузди. У тузган жадвал Ж.Граунтникига нисбатан анча такомиллашган бўлиб, у жадвал маълумотлари суғурта амалиётида ишлатила бошланди.
Шундай қилиб, сиёсий арифметика мактаби яратилди. Бу мактаб вакилларининг асосий хатоси шундан иборатки, улар кичик тўпламларни ўрганиб, маълум бир хулосага келганлар. Худди шу сабаб билан улар бир хил хулосаларга хос қонуниятларни ўрганиб, қарама-қарши хулосалар чиқарганлар.
XIX асрнинг биринчи ярмига келиб статистика фанида III йўналиш пайдо бўлди. Бу йўналишдаги асосий хизматлар белгиялик олим А.Кетлега (1796-1874) тегишлидир. У статистикани «Социал физика» деб атаган, яъни ижтимоий қонунларни миқдорий усуллар ёрдамида ўрганиш демакдир. А.Кетлестатистика бўйича 65 та асар ёзган.А.Кетленинг хизмати шундаки, у оммавий ҳодисаларнинг қонуниятларини очиб берди. Лекин, ўзи уларнинг табиатини тушунмаган А.Кетленинг кенг тарқалган назарияларидан бири "ўртача киши" назариясидир. Унинг фикрича, ўртача миқдорлар ҳамма вақт доимий миқдорлар таъсирида пайдо бўлади. Тўплам бирликларини ўртачадан фарқи тасодифий сабабларга боғлиқ эмиш. Ҳар қанча ҳаракатга қарамасдан "ўртача киши" аниқланмади ва аниқланиши мумкин ҳам эмас.
Статистика фанини ривожланиши билан бир қаторда статистика амалиёти ҳам пайдо бўла бошлайди. Ҳаёт тобора қийинлашиб борганлиги сабабли, давлатлар статистик органларни тузишга мажбур бўладилар. Биринчи давлат статистика органи 1756 йилда Швецияда ташкил қилинган. Францияда 1772 йилдан бутун мамлакат бўйича аҳолининг ҳаракатлари тўғрисида ҳисоботлар тузиш бошланади ва 1801 йилда Франция ички ишлар вазирлигида статистик бюро ташкил қилинади. Англияда 1801 йилда аҳоли рўйхати ўтказилиб. 30-йилларда саноат вазирлиги қошида статистика департаменти барпо этилди
Статистикани марказлаштириш зарурияти туғила бошлайди. Бу масаланинг зарурлиги биринчи халқаро статистиклар конгрессида (1853 й. Брюссел) ҳам таъкидлаб ўтилди ва ҳар бир давлатда марказий статистика комиссияларни тузиш таклиф этилди. Ҳаммаси бўлиб. ўнта конгресс ўтказилган. 1880 йилларга келиб давлат статистика органларини расмий бирлаштириш мумкин эмаслигини тушуниб етган мутахассислар статистиклар "очиқ" ассоцияциясини тузиш таклифи билан чиқдилар ва шундай ташкилот -Халкаро статистика институти -1887 йил Римда тузилди. Бу бирлашманинг асосий мақсади - давлатларнинг статистик маълумотлари ўзаро таққослама бўлишини таъминлаш ва халқаро статистик тўпламларни нашр этишдир. Ҳеч қандай шубҳа йўқки. бу мақсадга эришилди ва эришилмоқда.
XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларида статистикадаги математик оқим инглиз олимлари томонидан ривожлантирилди. Уларга Англиялик биолог Ф.Гальтон (1822-1911), К.Пирсон (1857-1936), В.Госсет ва Р.Фишерни киритиш мумкин. Бу олимлар томонидан статистикада математик методларни жуда кўп қўлланиши яъни уни математикалаштирилиши статистика фанининг асосий мақсадларидан бири бўлган ҳодисаларнинг мазмунини ва уларнинг асосий қонуниятларини четга суришга бошлади. Бу хато эканлигини кўпчилик тезда тушуниб етди.
Статистика фани ривожланишида рус олимлари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар: В.Н.Татиҳев (1686-1750) - Россияда биринчи аҳоли рўйхатини ўтказган ва аҳолини жорий ҳисобини татбиқ қилиш лозимлигини кун тартибига қўйган, К.И.Крилов (1689-1737)-статистикада илк бор давлатни тавсифловчи иқтисодий-статистик маълумотларни статистик жадвал ёрдамида изоҳлаган, Д.П.Журавский - биринчилардан бўлиб, статистика фанигатаъриф берган; Семенов Тянь-Шанский (1827-1914) - Россияда унинг бошчилигида илк бора бутун Россия аҳоли рўйхати ўтказилган, кўп йиллар марказий статистика қўмитаси бошлиғи бўлиб ишлаган; Ю.Э.Янсон (1835-1893) - статистика умумий назариясидан илк бор дарслик ёзган (бу дарслик бугунги кунда хам, бизнинг фикримизча, энг яхши дарсликлардан биридир); А И.Чупров (1842-1908Х В.И.Ульянов (1870-1924); А.А.Чупров (1874-1926), А.А.Кауфман (1864-1919) ва бошқалар.
Собиқ Иттифоқ даврида ижод қилган ва статистика фани ривожланишига ва амалиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган статистик олимларни бугун эслаш жоиздир. Уларга С.Г.Струмилин, В.С.Немчинов, В.Н.Старовский, М.Н.Смит, Б.С.Ястремский, С.М.Югенбург (кўп йиллар Самарқанд кооперативинститутида ишлаган), А.Я.Боярский, А.И.Газулов, А.И.Петров, Т.В.Рябушкин, В.М.Симчера, Н.Н.Ряузов ва бошқаларни киритиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасида статистиканинг ривожланишида ва уни ўзбек халқига ўргатишда диққатга сазовор ишлар қилинган. Биринчи "Статистика" кафедраси 1932 йилда Тошкент, кейинчалик Самарқанд ва бошқа шаҳарларда ташкил этилган. Ҳозирги пайтда деярли ҳамма иқтисодий институт ва факулътетларда статистика кафедралари мавжуд.
Республикамизда биринчи бўлиб статистикадан докторлик диссертасиясини ҳимоя қилган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвонига сазовор бўлган олимларимиз Н.М.Соатов ва Э.А.Акромовдир. Улар муҳаррирлиги остида илк бор ўзбек тилида "Статистика асослари" номли ўқув қўлланмаси чоп этилган.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг, ўбек тилида "Статистика" фани бўйича ўқув адабиётлари чоп этила бошланди.