24,25- маъруза
СПОРТДАГИ ТАКТИК ТАЙЁРГАРЛИКНИНГ ПСИХОЛОГИК АСОСЛАРИ.
режа
1. Спортдаги тактикага психологик тавсиф
2. Спортда тактик ҳаракатларни режалаштиришнинг психологик хусусиятлари.
3. Спортчиларнинг тактик ҳаракатларида кузатувчанлик ва диққатчанлик
4. Тактик ҳаракатларни режалаштириш ва амалга оширишда антиципациянинг роли
5. Спортдаги тактик таффаккурнинг психологик хусусиятлари.
6. Концептуал моделларнинг тактик вазифаларни ҳал этишдаги роли
7. Тактик ҳаракатларни эгаллашда рефлексив бошқарув элементлари
8. Турли хилдаги тактик ҳаракатларнинг психологик хусусиятлари.
9. Спортчининг тактик тафаккурида нутқнинг роли
10. Тактик тафаккурни такомиллаштириш усуллари
1. Спортдаги тактикага психологик тавсиф
Спортдаги тактика бу мусобақа вазифаларига мувофиқ тарзда техник усулларни қўллаш йўллари мажмуидан иборатдир. У спортчи (жамоа)нинг куч ва имкониятларини мақсадли равишда амалга ошириш ва бунда рақибнинг камчиликлари, хатоларидан самарали фойдалана олишга йўналтирилгандир. Мусобақалардаги курашлар жараёнида ҳар-бир спортчи ўзининг муайян тарзда ўзгариб борувчи хатти-ҳаракатлар тизимига ёки йўналишига эга бўлади ва бу йўналишнинг асосий мақсади ўз ниятларини имкон қадар сир тутиб, мусобақада қўйилган вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш шароитларини яратишдан иборатдир.
Тактик ҳаракатларнинг, шунингдек мусобақалашув жангларини олиб боришнинг айрим жиҳатлари бевосита изчил равишда ўзгариб турувчи тактик вазифаларни ҳал этишга қаратилган хатти—ҳаракатлар жараёнида амалга оширилади. Шунинг учун ҳам бу ҳаракатлар тактик ҳаракатлар деб аталади. Уларнинг асоси бўлиб қуйидагилар ҳизмат қилади:
- муайян спорт турига хос тактика тўғрисида махсус назарий билимлар (масалан, футболда - ўйинни олиб бориш тизимлари ҳақидаги билимлар; узоқ масофага югуришда- кучни тақсимлаш тўғрисидаги билимлар шунингдек, югуриш суръати тўғрисидаги билимлар);
- муайян спорт тури учун хос бўлган техникани мукаммал равишда эгаллаш малакаси, ҳамда конкрет тактик ҳаракатлар комбинацияларини ўзлаштириш;
- ўз билим ва малакаларидан умумий тактик режага асосан ва мусобақалашув жангларининг доимий ўзгариб турувчи шароитларига мувофиқ тарзда фойдалана олиш; эркин шароитда ҳам, (тактик режани тузиш чоғида, мусобақадаги иштирокнинг таҳлили жараёнида) кучли зўриқиш остида ўтадиган мусобақалар жараёнида ҳам ўйлаб иш тутиш ва мустақил, ташаббускорлик билан ҳаракатланиш;
- ўз миқёси, иштирокчилар таркиби ва бошқа шароитларига кўра бир – биридан фарқланувчи мусобақаларда ўз билим, кўникма ва малакаларидан фойдаланиш тажрибаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |