Реакциянинг оддий ва мураккаб турлари мавжуд.
Оддий реакция дейилганда, реакциянинг шундай тури тушунилади-ки, унда жавоб ҳаракатлари жуда содда бўлади: бунда жавоб реакциясини адо этиш учун олдиндан маълум бўлган фақат биттагина қўзғатувчи(сигнал), ҳамда унга жавобан ўрганилган биттагина жавоб ҳаракати бўлади. Масалан, стартдан чиқиш - оддий реакцияга яққол мисол бўла олади.
Мураккаб реакцияга мисол сифатида боксчиларнинг жавоб ҳаракатларини келтириш мумкин. Бунда спортчи ҳужумга ўтиш ва ўзини ҳимоя қилишнинг барча усулларини яхши билади, жангдан олдин ўз рақибини обдан ўрганган, унга хос жанг услубини, ҳужум пайтида қўлланадиган усулларининг ўзига хос жиҳатларини аниқлаштириб олган, унга жавобан энг маъқул ҳаракатларни ҳам олдиндан ўйлаб, хотирада сақлаб қолган бўлади. Жанг давомида рақиб ҳужумга ўтар экан, қайси вақтда ва қайси усулни қўллашни аниқ билмайди. Шу боисдан ҳам спортчининг диққати жуда зўриққан бўлади, у бир вақтнинг ўзида ҳам даққатини рақибининг хатти-харакатларига қаратиши, ҳамда унинг ҳаракатларига муносиб жавоб қайтаришни эгаллаши керак, лекин у олдиндан бирор бир жавоб ҳаракатини топиб қўйиши (худди старт ҳолатидаги каби) мутлақо мумкин эмас. Чунки у айни пайтда рақиб томонидан қандай хатти-ҳаракат бўлишини аниқ билмайди.
Мураккаб реакцияларда латент даврининг сенсор лаҳзалари ўта муҳим аҳамият касб этади. Масалан, боксчи жанг пайтида, олдиндан, яъни рақиб томонидан муайян қўзғатиш ҳаракати қилинмасдан туриб, бирор бир жавоб ҳаракатига тайёрланиши мумкин эмас, агар у олдиндан бирор-бир ҳаракатни амалга оширишга тайёрланса-ю, (бу унинг мия қобиғидаги ҳаракатланиш участкасидаги тегишли марказларга боғлиқ тарзда амалга оширилади) рақиб, мутлақо бошқача тарзда жавоб қайтарилиши лозим бўлган усулда ҳужумга ўтадиган бўлса, боксчи ўз хатти-ҳаракатини ўзгартиришга, яъни аввалдан тайёрланган ҳаракат импульсларини мутлақо ўзгартиришга улгура олмаслиги, яъни рақибга имкониятни бой бериб қўйиши мумкин. Мураккаб реакцияларда спортчилар доимий равишда жангга умумий тайёргарлик ҳолатини намойиш этишлари лозим, улар бир лаҳзада ўзгарувчи сенсор жараёнларга муносиб жавоб қайтара олиш қобилиятига эга бўлишлари (бунинг учун тегишли қўзғатувчи сигнал бўлгандан кейин), қўзғатувчига у пайдо бўлиши биланоқ керакли ҳаракат билан жавоб бера олишлари шарт.
Шу туфайли ҳам, жавоб ҳаракатини амалга ошириш даврининг ошиб бориши ҳисобига реакция жараёнининг тузилиши мураккаблашади. Бу даврда қуйидагилар кузатилади:
1) сенсор лаҳзаси, у қўзғалиш рецепциясидан ташкил топади;
2) идрок этилган қўзғатувчини айни пайтда амал қилаётган бошқа қўзғатувчилардан фарқлаш, ёки ажратиб олиш лаҳзаси;
3) таниб олиш лаҳзаси, яъни мазкур қўзғатувчини одатда, иккинчи сигнал тизими билан боғлиқ бўлган, ҳамда аксарият ҳолларда яширин нутқ орқали ифодаланувчи маълум гуруҳ таркибига киритиш ва қиёслаш лаҳзаси, яъни мазкур қўзғатувчини бошқа, айни пайтда амал қилувчи қўзғатувчилар фонида идрок этиш. Зеро бу ҳолат рақибнинг вазияти ва ниятларини яхшироқ англаб олишда ўта муҳимдир;
4) ушбу вазият учун энг қулай жавоб ҳаракатини танлаш лаҳзаси;
5) мураккаб реакциянинг яширин давридаги мотор лаҳза (якуний), мия катта ярим шарларининг ҳаракатланиш қисмини сафарбар этиш ҳамда ҳаракатланиш органларига тегишли мотор импульсларини жўнатишдан иборатдир (12-расм).
12-расм. Танлаш мураккаб реакцияси схемаси.
а- ижро этиш сигнали, 1– реакциянинг латент даври сенсор лаҳзаси, 2-фарқлаш лаҳзаси, 3- таниб олиш лаҳзаси, 4- тўғри жавоб ҳаракатини танлаш, 5- реакциянинг латент даври мотор лаҳзаси; б-жавоб ҳаракатининг бошланиши
Натижада жавоб ҳаракатларини амалга ошириш жараёнлари сезиларли даражада секинлашади. Лаборатория шароитида мураккаб реакциянинг латент даври баъзи ҳолларда 300 сигма дан кўпроқ давом этади. Табиий шароитда амалга ошириладиган фаолият жараёнларида, яъни катта амалий тажриба тўплаган киши, одатий шароитларда мураккаб реакциялар асаб жараёнларининг тегишли динамик стереотиплари ишлаб чиқилганлиги ҳисобига жуда тез кечиши мумкин (мураккаб реакциянинг яширин даври оддий сенсор реакцияларининг давомийлигига яқин бўлиб қолади). Бироқ фаолият шароитлари ўзгариши билан, ёки ноодатий қўзғатувчи пайдо бўлиши билан мураккаб реакцияларнинг вақти сезиларли даражада ошиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |