Гипс боғловчисининг зичлиги 2,6 – 2,75 г/см3, тўкилган холатдаги ўртача зичлиги 800 – 1100 кг/м3 ва зичланган ҳолатда 1250 – 1450 кг/м3 атрофида бўлади.
Гипс боғловчисининг нормал қуюқлиги 50 – 70% сув сарфи билан ифодаланади ва у гипснинг майдалик даражаси ва аралашмаларининг миқдорига боғлиқ бўлади. Сув сарфини камайтириш учун гипс боғловчиси таркибига турли органик пластификаторлар киритиш мумкин.
Гипс боғловчилари қуюқланиш даврига қараб уч гуруҳга бўлинади: А – тез қуюқланувчан (қуюқланиш бошланиши 2 мин ва охири 15 мин); Б - нормал қуюқланувчан (6 мин ва охири 30 мин); В – секин қуюқланувчан (қуюқланиш бошланиши камида 20 мин).
Давлат стандарти томонидан 12 маркада гипс боғловчиси ишлаб чиқарилади (МПа): Г – 2, Г – 3, Г – 4, Г – 5, Г – 6, Г – 7, Г – 10, Г – 13, Г – 16,
Г – 19, Г – 22, Г – 25. Бунда эгилишдаги мустаҳкамлик чегараси камида ҳар бир марка учун мутаносиб равишда 1,2 дан 8 МПа гача қийматлари мос бўлиши керак.
Гипс ҳавойи боғловчи бўлгани туфайли нам ва сувли шароитда мустаҳкамлиги камаяди. Унинг намликка чидамлилигини қисман ошириш учун домна шлаки кукуни, сувга чидамли полимерлар қўшилиб ѐки гипсдан тайѐрланган буюмлар сиртини сувга чидамли лок – бўѐқлар ва плѐнкалар билан қоплаш керак.
Гипс боғловчиси ишлаб чиқариш хом ашѐ заҳирасининг битмас- туганмаслиги ва бошқа турдаги боғловчи моддаларга нисбатан энергияни кам талаб қилиши, буюмлар тайѐрлаш циклининг қисқалиги гипс асосида йирик ўлчамли йиғма элементлар олишга имкон беради. Гипс асосида тайѐрланган буюмларнинг ўртача зичлиги кам бўлган ҳолда, етарли мустаҳкамликка, иссиқлик ва товуш изоляцияси хусусиятларига эга бўлади. Гипс боғловчисининг оқ рангда бўлиши, таркибига пигментлар киритиб исталган рангдаги буюмлар олишга имкон яратади. Гипс буюмларни осон арралаш, тешиш, қоқиш ва бошқа механик ишлов бериш мумкин. Гипс буюмларнинг энг афзал хусусиятидан бири унинг экологик тозалиги ва инсон организмига безиѐнлигидир.
Гипс асосидаги буюмларнинг асосий камчиликларига сув муҳитига чидамсизлиги, нам таъсирида куч остида вақт бўйича пластик деформациянинг меъѐрдан ошиб кетиши кабилар киради, шу сабабли уларни бино ва иншоотларнинг нам тегмайдиган қисмларида ишлатиш мақсадга мувофиқдир.
Гипс буюмларнинг хоссаларини яхшилаш учун таркибига минерал ва органик майда ва йирик тўлдиргичлар қўшилади.
Гипс буюмлар гипс ва гипсбетон асосида тайѐрланади.
Гипс бетонлар гипс боғловчиси ва ғовак минерал тўлдиргичлар ва енгил органик тўлдиргичлар асосида тайѐрланади.
Минерал тўлдиргич сифатида ѐқилғи ва домна шлаклари, туф ва пемза чақиқ тошлари, чиғаноқли оҳактош, керамзит, перлит ва бошқалар, органик тўлдиргич сифатида эса қипиқ, майдаланган похол, қамиш, макулатура ва бошқалар ишлатилади.
Гипс буюмлар таркибига тўлдиргичларни киритиш мустаҳкамликни пасайтиради; мустаҳкамликни ошириш мақсадида гипс қоришмаси таркибидаги сув миқдорини камайтириш учун титратиш, пресслаш, вибропресслаш каби усуллар қўлланилади.
Гипс ва гипсбетон буюмлар ишлаб чиқаришда юқори маркадаги гипслар ва гипсшлаки, гипсцемент пуццоланли мураккаб таркибдаги боғловчилар
ишлатилади. Мураккаб боғловчилар асосидаги буюмлар юқори мустаҳкамликка, намлик муҳитига чидамлиликка эга бўлади.
Гипс ва гипсбетон буюмлар ишлатилиш сохасига нисбатан қуйидаги турларга бўлинади: пардадеворлар учун плита ва панеллар; ѐпма буюмлар; деворларни қоплаш учун листлар (гипсли қуруқ сувоқ); девор тошлари ва блоклари; иссиқлик изоляцияси буюмлари; архитектура-безак қисмлари (карнизлар, муқарнаслар, плафонлар, ўймакорлик буюмлари ва бошқ.).
Do'stlaringiz bilan baham: |