Умар Хайём. Умар Хайём (1040-1123) Эроннинг Нишопур шаҳрида туғилган. Файласуф, математик ва астроном, моҳир косиб ҳамда рубоий жанри тараққиётини янги босқичга кўтарган шоир. Унинг асл исми Абдулфатҳ Умар бинни Иброҳим бўлиб, Хайём унинг лақабидир. Хайём “хайма”, яъни чодир сўзидан олинган бўлиб, “чодирдўз” маъносини билдиради. Умар Хайём қадим Туркистоннинг Балх, Бухоро, Самарқанд каби илму фан марказларида таълим олган, 1079 йилда календар ишлаб чиққан, бутун сонларнинг илдизини топишни жорий қилган. XIX асрнинг иккинчи ярмида инглиз шоири Хералд Фиджералд шоир рубоийларини таржима қилиб, нашр эттирган. Шундан кейин Хайём шеърлари бутун дунёга машҳур бўлиб кетган. Олимлар Хайём рубоийлари сонини 172 тадан, 251 тагача деб белгилайдилар. Шоир шеърларида май образи кўп учрайди. Май Оллоҳга, ҳаётга ва инсонга муҳаббатни ифодалайди. Шоир рубоийларини форсийдан ўзбекчага Шоислом Шомуҳаммедов маҳорат билан ўгирган. Адабиётшунос олим Нажмиддин Комилов “Тафаккур карвонлари” китобида Хайём ижодига тадқиқига бағишлаб, “Хайёмнома” номли махсус боб ажратади.
Низомий Ганжавий. Низомий Ганжавий (1141-Ганжа‑1209) форс-тожик тилида ижод қилган озарбайжонлик шоир ва мутафаккир. Н.Ганжавий араб ва форс шеъриятини мукаммал ўзлаштириб, ёшлигиданоқ етук шоир сифатида шуҳрат топади. Унинг ҳаёти ҳақида жуда кам маълумот қолган. Низомий форс, араб, юнон, қадимги паҳлавий ва санскрит тилларини билиш билан бир қаторда тиббиёт, фалсафа, тарих, математика ва астрономия каби фанларни ҳам чуқур ўзлаштиргани сабабли, замондошлари уни “Ҳаким” деб улуғлаганлар. Ганжа ва унинг атрофидаги ҳукмдорлар Н.Ганжавийни ўз саройларида хизмат қилишини истаб, унинг шеърлари туфайли номларини абадиятга муҳрламоқчи бўлганлар. Низомий 3 бора уйланади ва учала хотини ҳам вафот этади. Офоқ номли хотинидан туғилган ўғли Муҳаммадни илм-маърифатли қилиб тарбиялаган, достонларида ўз ўғлига насиҳатлар қилган. Низомий достонларини туркийга ўгириш қадим замонларданоқ бошланган. 1341-йилда Қутб “Хусрав ва Ширин” достонини таржима қилган бўлса, Огаҳий “Хафт пайкар” асарини туркийга ўгирган.
Низомийнинг лирик шеърлари кенг ўқувчилар оммасига маълум бўлмаганидан, у кўпроқ маснавий устаси сифатида тилга олинади.
Беш достонни ўз ичига олган “Хамса”си Низомийнинг номини жаҳонга машҳур қилди. “Хамса” 1173-1201-йиллар орасида ёзилган. Улар “Маҳзан ул-асрор” (“Сирлар хазинаси” 1173-1179-йилларда Арзинжон ҳокими Фахриддин Баҳромшоҳга бағишланган), “Хусрав ва Ширин” (1180-1181-йилларда Салжуқийлар ҳукмдори Тўғрул II илтимосига кўра ёзилган), “Лайли ва Мажнун” (1188, унга 118 та назира битилган. Бу асар Ширвоншоҳлардан Ахсатан I буйруғига кўра ёзилган), “Ҳафт пайкар” (“Етти гўзал” 1196-йилда Алоуддин Кўрпа Арслон топшириғига биноан) ва “Искандарнома” (1196-1201-йиллар, бу достон “Шарафнома” ва “Иқболнома” деган 2 қисмдан иборат) деб номланган. Достонлар турли ҳукмдорларнинг илтимоси билан ёзилган бўлиб, кейинчалик мухлислар томонидан яхлит тўплам ҳолига келтириган ҳамда “Хамса” ёки “Панж ганж” (Беш хазина) номи билан шуҳрат топган. (“Авесто” беш катта қисмдан иборат ва ҳиндларнинг “Панчатантра” асари ҳам беш муқаддас китоб номини англатади. Эҳтимол, Низомий мухлислари шундан илҳомланишгандир).
● Низомий достончиликда романтизмни етакчи йўналишга айлантирди. Ундан аввал қаҳрамонлик бирламчи эди. Масалан, “Шоҳнома”да Фирдавсий Баҳром, Хусрав, Искандарларни қаҳрамонлик жиҳатларини қаламга олса, Низомий мазкур тимсолларнинг ички оламларига назар ташлайди.
● Ҳикмат, фалсафа, нужум, риёзиёт ва бошқа илмлардаги тушунча ва истилоҳларни шеърият тилига мослаштириб, янги маъно ва мазмун бахш этган. Фирдавсий асарида илмларни бадиий акс эттириш ҳали шаклланмаган эди.
Низомий Ганжавий ижоди кейинги асрларда асл шоирлар учун юксак маҳорат мактаби бўлиб қолди.
“Хамса”чилик анъанасининг бошланиши
Хамсанавислик озарбайжон шоири Низомий Ганжавийдан бошланган. Низомий “Хамса”си фақат бир халқнинг адабиётида эмас, балки бутун Яқин ва Ўрта Шарқ адабиётида янги саҳифа очди. Хамсанависликнинг барқарор анъанага айланишида Низомийдан сўнг яратилган Хусрав Деҳлавий “Хамса”сининг ўрни муҳим. Айнан Деҳлавий ижоди билан хамсанавислик анъанага айланган. Кейинроқ, Навоий замонида Абдураҳмон Жомий “Хамса” си ҳам шуҳрат қозонди. Навоийнинг маълумот беришича, Ашраф (ваф. 1459) номли форс-тожик шоири ҳам Низомийга жавобан “Хамса” ёзишга муваффақ бўлган.
Хамсанавислик ҳақида сўз кетганда, Фирдавсийни ёдга олмаслик мумкин эмас. Аввало, эпик шеърият анъанаси Фирдавсийдан бошланади. “Хамса” қаҳрамонлари муайян қисмининг адабий илдизлари “Шоҳнома”га бориб туташади. “Ҳайрат ул-аброр” ҳикоятларидаги Нўширавон одил, Баҳром, Искандар, “Фарҳод ва Ширин”даги Хусрав, Фарҳод, “Сабъаи Сайёр”даги Баҳром, “Садди Искандарий”даги Искандар образлари дастлаб ёзма адабий манба бўлган “Шоҳнома”да учрайди.
Навоийгача яратилган “Хамса” форсий тилда битилган. Туркий тил Лутфий, Атоий, Саккокий ижодида шаклланиб, барқарорлаша бошлагач, туркий китобхонлар пайдо бўлганди. Навоий бу китобхонларнинг туркий тилда битилган асарларни ўқишга эҳтиёжини ҳисобга олиб, туркий “Хамса”ни ёзади.
Хамсачилик тарихида “Хамса”нинг бир ёки бир нечта достонига татаббуъ битган шоирлар ҳам оз эмас.
Хамсанавислик анъанаси, унинг талабларига кўра, яратилаётган ҳар бир достон аввалги шу мавзудаги достонларга мавзуси, образлар системаси, вазни каби жиҳатлари билан мувофиқ келиши керак. Айни пайтда, достон оригиналлик касб этиши, янги асар қиёфасида намоён бўлиши зарур.
Ҳар бир асар “Хамса” аталмоғи учун:
● беш достондан ташкил топмоғи;
● биринчи достон панд-насиҳат руҳидаги таълимий-ахлоқий, фалсафий бўлмоғи;
● иккинчи достон Хусрав ва Ширин можароларига бағишланмоғи;
● учинчи достон Лайли ва Мажнун муҳаббатларини мавзу қилмоғи;
● тўртинчи достон Баҳром ҳақида бўлмоғи;
● бешинчи достон Искандар ҳақида ёзилмоғи шарт эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |