Ўзлик сари...
Ғайрат Умар,
файласуф, ҚДПИ
***
Мен Одамни тасвирладим. Менга ранг-баранглик яхши дейишди. “Ранг-баранглик” деганда кордината ўқининг манфий тарафидаги ранг-барангликни назарда тутишаётганини ўзлари ҳам билишмасди. Мен уларни “0” нуқтада жамланиши ва мусбат тарафдаги ранг-баранглик сари кетишларини истаган эдим.
***
Одам радиоприёмникка ўхшайди – ўзини қайси тўлқинга мослаштирса, ўша тўлқиннинг “ашулла”сини айтади.
***
Жамиятдаги барча муаммоларнинг илдизлари инсоннинг ўзида. Инсонни ислоҳ қилиш мушкул иш. Инсон ўзини-ўзи ислоҳ қилиши зарур.
***
Ҳар қандай тўкислик навбатта нотўкисликларни келтириб чиқаради. Инсон ўзини-ўзи камолга етказа олади. Бу – ечим.
***
Ўзликни англаш нима? Ўзликни англаш илоҳий эркинликка эришишдир. Илоҳий эркинлик эса дунёдаги нарсалар, ҳодисалар, ўз ҳис-туйғуларимиз ва бошқа инсонларнинг таъсиридан чиқиб кетишдир. Илоҳий эркинликка эришган одам қулликда ҳам осмон қадар юксала олади.
***
Воқеаларни ичида яшаманг, ўзингизда яшанг.
***
Кутганингизни тингламанг, айтилганни эшитинг. Кўришни хоҳлаганингизни кўрманг, борини кўринг.
***
Сиз ҳис-туйғуларга эмас, ҳис-туйғулар Сизга хизмат қилсин.
***
Сиз дунёдаги нарсалар учун эмас, дунёдаги нарсалар Сиз учун.
***
Ўзингизга берилган вақтда яшанг, макон ва замондан чиқиб кетманг.
***
Ўз руҳингизнинг фуқароси бўлинг.
***
Кўп нарсаларга эришишга ҳаракат қилган одамдан кўра, ўзини камолга етказишга ҳаракат қилган одам кўпроқ нарсаларга эришади.
***
Инсон мақтанмаса, ёлғон гапирмаса, ғийбат қилмаса, анча камгап бўлиб қолади.
***
Мукаммалликни ўзгалардан эмас, ўзингиздан талаб қилинг.
***
Ўзганинг хатосига таяниб ҳаракат қилган одамнинг ўзи ҳам хатога йўл қўяди.
***
Яратганнинг бандаларига зулм қилиш Яратганни жангга чорлашдир.
***
Инсон харектеридаги барча иллатлатларнинг илдизлари учта – айёрлик, худбинлик ва шавқатсизлик. Бу илдизларнинг уруғи битта – иззатталаблик. Беозоргина кўринган бу “уруғ”дан халос бўлсангиз, ўз-ўзидан қолган барча қусурлар барҳам топади.
***
Бирон мавзуни муҳокама қилишга киришиш – жанг майдонига чиқиш эмас. Ақлли одам рақибини енгиш учун баҳсга киришмайди.
***
Адолат инсонларнинг ўртасида эмас, инсоннинг ўзида бўлиши керак.
***
Ривожланмаётган нарсанинг ташкилий қисми ривожланади.
***
Нарсанинг ўзидан кўра соясига кўпроқ эътибор бериш таназзул аломатларидандир.
***
Нарсанинг ўзи талабгор учун қизиқ бўлмаса, воситанинг қизиқтиргани чеклидир.
***
Кишининг ўз “майдони”да билими, ўзга “майдон”да эса, савияси кўринади.
***
Мукаммаллаштириш дегани – мураккаблаштириш дегани эмас.
***
Масъулият онг орқали ҳис қилинадиган, онгдаги олий виждондир.
***
Дунёда табиийлик, беғуборлик ва покликдан яхшироқ нарса йўқ.
***
Ҳақиқатда бўлган одам зўрлик ишлатиши ёки куюниб ўтириши шарт эмас. Ёнидаги одам охир-оқибат унинг ёнига ўтади. Гап ана шу жараённинг “қанчага” тушишида.
***
Гапни тушунганлик – ҳали моҳиятни англаганлик эмас. Моҳиятни англаш ўша гап ифода қилаётган ҳолатни ҳис қилиш, унда яшашдир.
***
Ўзлигини топмаган одам бутун ер юзини айланиб чиқса ҳам, кўнгли тўлмай қолаверади. Ўзлигини топган одам бочкани ичида ҳам хотиржам яшайверади.
***
Ҳар қандай ижтимоий назария қанчалик мукаммал бўлмасин, амалиётга жорий этилганда ислоҳотга эҳтиёж сезади.
***
Инсон имкон қадар кўпроқ илм эгаллаши шарт эмас, бироқ шахсий макон ва замон доирасидаги зарурий билимларни билиши шарт.
***
Давр ҳажм кичиклиги, мазмун кенглигини талаб этмоқда. Бу эса уни англаш муаммосини келтириб чиқармоқда.
***
Илм – объектив билимлар тизими. Илм билан субъектлар шуғулланади. Ҳар бир субъектнинг ўз қаричи бор. Ушбу ҳолат кўп жиҳатдан “афсуски”, бир жиҳатдан эса “яхшиям” дейишга сабаб бўлади.
***
Do'stlaringiz bilan baham: |