Тарбия жараёнининг ўзига хослиги.
Ижтимоий тарбия мақсади ҳамда вазифаларини амалга ошириш учун тарбия жараёнининг ўзига хослигини англаб олиш муҳимдир. Тарбия жараёни ўзига хос хусусиятларга эга. Унинг энг муҳим хусусияти аниқ мақсадга йўналтирилганлигидир.Замонавий талқинда тарбия жараёни ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги муайян мақсадга эришишга қаратилган самарали ҳамкорлик демакдир. Зеро, тарбия жараёнида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликдаги фаолиятлари ташкил этилади, бошқарилади ва назорат қилинади. Ягона мақсадга эришиш йўли замонавий тарбия жараёнининг мақсадини тавсифлайди.Тарбия жараёни кўп қиррали жараён бўлиб, унда тарбия моҳиятини ёритишга хизмат қилувчи ички ва ташкил (субъектив ва объектив) омиллар кўзга ташланади. Субъектив омиллар шахснинг ичики эҳтиёжлари, қизиқишлари, ҳаётий муносабатлари мазмунини англашга ёрдам берса, объектив омиллар шахснинг ҳаёт кечириши, шаклланиши, ҳаётий муаммоларни ижобий ҳал этиш учун шароит яратади. Тарбия фаолиятининг мазмуни, йўналиши ва шакли обектив шароитлар билан қанчалик мутаносиб келса, шахсни шакллантириш борасида шундай муваффақиятга эришилади. Тарбия жараёнининг ташкил этилиши ва бошқарилишида нафақат ўқитувчи фаолияти, балки ўқувчининг ёш ва психологик шахсий хусусиятлари, ўй-фикрлари, ҳаётий қарашлари ҳами муҳим ўрин тутади.Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти унинг узоқ муддат давом этишидир. Тарбия натижалари тез суръатда ёки яққол кўзга ташланмайди. Ўзида инсоний сифатларни намоён эта олган шахсни тарбиялаб вояга етказишда узоқ муддатли давр талаб этилади. Шахснинг муайян вақтнинг ўзида, турли-туман қарашлар мавжуд шароитда ҳаракат қилиши тарбия жараёнини мураккаблаштиради.
Ўқувчиларни ёш хусусиятларига кўра даврларга бўлиниши
Ёш даврлари психологияси ва педагогик психология фанлари муштарак, бирбирига узвий боглиқдир, чунки уларнинг ҳар иккиси, битта, умумий жараённи - улғайиб бораёттан инсоннинг психик фаолияти ҳамда унинг хулқ-атворини тадқиқ этади. Бироқ, шундай бўлса-да, бу икки фан психология илмининг мустақил соҳалари ҳисобланиб, уларнинг ҳар бири ўз предмети ва тадқиқот вазифаларига эгадир. Ёш даврлари психологияси онтогенездаги турли ёш даврлари психик тараққиётининг умумий қонуниятларини, психик ривожланишини ҳамда психологик хусусиятларини ўрганади.
Ёшнинг улғайиб бориши, психик жараёнларнинг инсон ривожланишидаги қонуниятлари, ундаги етакчи омиллар ҳамда инсон ҳаёт йўлининг турли босқичларида унинг шахсига хос хусусиятлар - ёш даврлари психология фанининг тадқиқот предмети ҳисобланади. Маълумки, шахс таркиб топиш жараёнининг психологик қонуниятларини, унинг илмий асосларини мукаммал билмай туриб, таълим ва тарбиянинг назарий ҳамда амалий масалаларини муваффақиятли ҳал этиб бўлмайди. Ёш даврлари психологияси фани бу борада ҳам ўз-ўзига тегишли масалаларни тор экспериментал равишда ўрганиш билангина чекланиб қолмай, балки ўз муаммоларини инсон ҳаёти ва фаолиятининг табиий шароитларида, болага бериладиган таълим ва тарбиянинг мазмун ва моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ўрганса, янада муваффақиятли ривожланиши, табиийдир.
Шахс фаолиятини ва хулқини рағбатлантириш ва жазо методлари.