Умумий ўрта, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги ўқувчиларнинг имкониятлари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг жадал интеллектуал ривожланиши, касб-ҳунарга мойиллиги, билим ва кўникмаларини чуқур ривожлантириш, танлаб олинган касб-ҳунар бўйича бир ёки бир неча ихтисосликни эгаллаш имкониятини яратишни ифодалайди.
Ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг ихтиёрийлиги янги турдаги ўқув муассасаларида таълим олиш йўналишининг ўқувчи томонидан ихтиёрий танланиши мумкинлигини англатади. Академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида таълим олишни ўқувчилар ўз иқтидорлари ва хоҳиш-истакларига кўра танлайдилар.
Таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги мамлакатда таълим тараққиётининг ривожи илмий асосларга эга бўлиб, у фан-техника, маданиятнинг ютуқларига боғлиқ ҳолда ривожланиб боришини англатади.
ЎзРнинг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни (4-модда)да фуқаролар миллати, тили, жинси, ёши, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, мавқеи, хизмат тури, турар жойи, республика ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъий назар билим олиш ҳуқуқига эгаликлари айтилади. Давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги тамойили айнан мана шу ҳолатни ёритишга хизмат қилади. Ушбу тамойил, шунингдек, чет эллик фуқароларнинг республика ҳудудида халқаро шартномаларга мувофиқ билим олиш ҳуқуқига эгаликларини ҳам ифодалайди. ЎзРда истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билим олишда республика фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга бўладилар.
Таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув ЎзРнинг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни (7-модда)да ўз ифодасини топган. Давлат таълим стандартлари (ДТС) умумий ўрта, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим мазмуни, сифатига қўйиладиган талабларни белгилаб беради. Давлат таълим стандартларини бажариш барча таълим муассасалари учун мажбурийдир. Бироқ, таълим муассасалари ДТС асосида ўқув дастурлари вариантини ишлаб чиқиб, ундан фойдаланишлари мумкин.
Билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойилларидан бири саналиб, таълимнинг барча босқичларида бу тамойилга тўла амал қилинади. Таълим олувчиларнинг истеъдод ва қобилиятлари давлат томонидан моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантирилиб борилади.
1993 йил 5 февралда ЎзР Президентининг “Ўзбекистонда ўқувчи-ёшларни рағбатлантириш чоралари тўғрисида”ги Фармони, 1993 йил 25 мартда “Ўзбекистон ўқувчи-ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисид”ги республика Вазирлар Маҳкамасининг Қарори қабул қилинди. Унга кўра илмий салоҳият, иқтидорга эга талабалар ва аспирантлар учун ЎзР Президентининг Давлат стипендиялари таъсис этилди. Стипендия иқтидорли талабаларга ҳар йили ўн бир таълим йўналиши – техника ва информатика, тиббиёт, физика-математика, иқтисодиёт, журналистика, гуманитар, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар, педагогика, маданият ва санъат, чет тиллар, қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича ўтказиладиган танлов якунларига кўра берилади. Иқтидорли талабалар учун, шунингдек, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино ва Имом ал-Бухорий номидаги стипендиялар жорий этилган.
Бундан ташқари истеъдодли ёшларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Умид”, “Истеъдод”, “Республика болалар фонди”, “Соғлом авлод учун”, “Улуғбек” ва бошқа жамғармалар ташкил этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |