Ишнинг бориши Крахмални ўрганиш учун картошка туганагидан фойдаланамиз. Картошкани иккига бўлиб, кесилган бўлак устидан игнанинг учи билан ўйиб анча сидирамиз. Сўнгра игна учини предмет ойнаси устидаги бир томчи сувга ботирамиз. Сув томчиси ранги бироз хиралашади (лойқаланади). Микроскопнинг кичкина объективида қараганда крахмал доначалари эркин, бир-бирига тегмаган ҳолда жойлашган бўлади. Микроскоп курсичаси горизантал ҳолда жойлашган бўлиши маъқулроқ, чунки у эгри бўлса крахмал доначалари ёпқич ойнадан сув билан оқиб тушиши мумкин. Шу билан бир қаторда ёпқич ойна остида крахмалли сув қалин бўлмаслиги зарур бундай ҳолда ҳам крахмал доначаларини кўриш қийин.
Ёпқич ойна остидаги препарат тегишли миқдорда кўп бўлганда унинг бир қисми филтр қоғози билан шимдириб олинади.
Микроскопнинг катталаштириб кўрсатадиган окулярида крахмални кузатар эканмиз, крахмал доначалари турли хил катталикда оқиш тухумсимон шаклда эканлигини кўрамиз. Ёш крахмал доначалари юмалоқ шаклли, структур тузилиши тўлиқ шаклланмаган. Тўлиқ шаклланган доначалар орасида тиниқ оқиш рангли ва бироз қорамтир шаклдаги крахмал доначаларини навбатлашувини кузатамиз. Улар бир-биридан таркибидаги сувнинг миқдори билан фарқланади. Бу эса уларнинг вақти-вақти билан (кундузи ва кечаси) шаклланиб, қаватлар ҳосил қилиши билан боғлиқ. Крахмал доначаларида ҳосил бўлган доначаларнинг атрофида марказдан четга томон янги қаватлар ҳосил бўлаверади.
Картошкада ҳосила қавати марказда эмас балки унинг ингичка қисмида бошланади. Шунинг учун қаватлар ҳосил қилиш марказда эмас балки энг ингичка қатламда жойлашган. Бундан ҳосила марказлари бир томонлама бўлиб, доначалар эксценрик крахмал доначалар деб юритилади. Ҳар хил ёшдаги (кўп қатламли ёки оз қатламли) крахмал доначаларини кузатиш жараёнида крахмал доначаларини қатламма–қатлам ҳосил қилган ҳолда шаклланиши ҳақида тегишли тасаввурга эга бўламиз. Энг қарри қатлам ҳосила марказида, энг ёш қатлам крахмал доначаси эса унинг сиртида жойлашган бўлади. Крахмал доначалари орасида ҳосила бир марказли–ёш ва бир неча марказли–мураккаб ва ярим мураккаб крахмал доначалари ажратилади. Таъкидланганларнинг барчасининг сурати чизилиб, дафтарга тавсифи ёзилади.