СЕРВАНТЕС(1547-1616) Ҳаёти ва адабий фаолияти. XВИ асрнинг охири ва XВИИ асрнинг бошларида ижод этган испан Уйғониш даври адабиётининг йирик вакили, реалистик романчиликка асос солган гуманист ёзувчи Мигель де Сервантес Сааведра 1547 йилнинг 29 сентябрида Испаниянинг Алькала де Энарес шаҳарчасида туғилди. Отаси Родриго де Сервантес Сааведра табиблик билан кун кечирар, шунинг учун ҳам у кўп вақт оиласи билан шаҳарма-шаҳар кезиб юришга мажбур булар эди.
Мигель де Сервантес 1557-1561 йилларда иезуитлар мактабида ўқийди. 1561 йилда оиласи Мадридга кўчиб борганидан сўнг, ўқишини шу ерда давом эттиради. Ўспирин Мигелда шеъриятга қизиқиш туғилади. Филипп ИИ нинг хотини малика Исабелла вафотига бағишланган сонетлари ёш Сервантеснинг поэзия соҳасидаги дастлабки шеърлари эди.
1569 йилда Сервантес Римга бориб, папанинг вакили Аквавиа ҳузурида ишлайди, 1570 йилнинг иккинчи ярмида Италияда жойлашган испан қўшинига хизматга киради, чунки муҳтожлик уни ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур этади.
1571 йилнинг 7 октябрида Лепанто кўрфази яқинида турклар билан бўлган шиддатли денгиз жангида қатнашган Сервантес уч еридан ўқ ейди. 1572 йилнинг апрель ойигача Мессина госпиталида шифоланади. 1574 йилнинг охиригача солдат сифатида яна бир қанча жангларда қатнашади. 1575 йилда у ҳарбий хизматдан бўшаб, укаси Родриго билан ўз ватанига жўнайди.
1575 йилнинг 26 сентябрида йўлда қароқчилар Сервантесни асир қилиб Жазоирга олиб кетадилар. Шу вақтдан унинг Африкадаги тутқунлик даври бошланади.
Асирликда бўлган Сервантес дўстларини кутқазмоқ учун кўп ҳаракат қилади, ўзи ҳам қочишга уринади. Бироқ бу уриниш муваффақиятсиз тугайди.
Сервантеснннг ота-онаси пул тўплаб, уни тутқунликдан қутқариб олишга ҳаракат қиладилар. Сервантес 1580 йилнинг 19 сентябридагина озод этилади ва ўз ватанига қайтади. Бу вақтда унинг оиласи жуда қашшоқлашган, ота-онасининг бор йўғи Родриго билан Мигелий қулликдан қутқариш учун сарф қилинган эди. Қариб қолган ота энди табиблик касби билан шуғулланмас эди.
Сервантес бирор ҳарбий мансабга эришиш ниятида Испанияга қўшиб олинган Португалияга боради (1581). У ерда ҳам ҳузур-ҳаловат кўрмаган Сервантес Мадридга қайтади. 1584 йилнинг декабрида майда дворян оиласидан чиққан Каталина исмли қизга уйланади. Отаси ўлгач (1585), рўзғор тебратиш мақсадида турли молия-хўжалик ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлади. Натижада адабий ишини узоқ вақтгача давом эттира олмайди.
Олдин армияга озиқ-овқат тайёрловчи интендант (1587-94), сўнгра тўланмаган боқимандаларни ундирувчи агент сифатида ишга кирган Сервантес эҳтиётсизлиги оқибатида ва бошқаларнинг айби билан кўп машаққатларни ўз бошидан кечиради. 1592 йилда у тўпланган ғаллани нотўғри сарфлашда айбланиб, турмага ташланади. Молия ишларида ҳам чалкашликлар келиб чиқади. Севилия шаҳрининг банкири Мадридга ўтказиладиган пулни юбормайди, бунинг устига у синади, ундирилмай қолган маблағлар учун гуноҳкор деб ҳисобланган Сервантес 1597 йилда яна қамалади. Кейинроқ бу воқеага доир жанжал иккинчи марта кўтарилиб, Сервантес 1602 йилда учинчи марта қамоққа олинади.
Сервантеснинг «Дон Кихот» романи устида ишлай бошлаши ҳаётининг шу оғир ва машаққатли даврига тўғри келади. 1604 йилда қиролликнинг янги пойтахти деб аталган Вальядолидга келганидан кейин унинг адабий, фаолияти равнақ топади ва шу ерда «Дон Кихот» романининг биринчи қисми нашр этилади (1605). Сўнгра ўн тўрт ҳикояни ўз ичига олган «Ибратли новеллалар» тўплами (1613), адабий сатира – «Парнасга саёҳат» (1614) поэмаси босилади. 1615 йилда «Дон Кихот»нинг иккинчи қисми босилиб чиқади. Шу йили унинг «Саккиз комедия ва саккиз интермедия» номли пьесалар тўплами ҳам юзага келади. Сервантеснинг сўнгги асари «Персилес ва Сихизмунда саёҳати» романи ёзувчининг ўлимидан сўнг нашр қилинади.
Антик классик ва Уйғониш даври адабиёти билан яқиндан танишиш, ҳарбий хизмат ва урушларда қатнашиш, Жазоирдаги беш йиллик тутқунлик ҳамда бошқа кўп муҳтожлик ва машаққатлар Сервантес дунёқарашининг гуманистик характерда шаклланишига ва унинг йирик реалист ёзувчи бўлиб етишишига таъсир қилди. Сервантеснинг адабий даҳоси унинг «Дон Кихот» асарида ёрқин ифодаланган.