«Ламанчлик Дон Кихот». «Дон Кихот» романининг яратилиши испан маданий ҳаётида жуда катта воқеа бўлади. Асарнинг муқаддимасида Сервантес «рицар романларини сидирғасига фош этиш» ва уларнинг «қулай деб турган истеҳкомини ағдаришни» асосии ғоявий мақсад қилиб қўяди.
«Дон Кихот», гарчи ўрта аср рицарь романларига пародия яратилса ҳам, лекин унинг мазмуни ниҳоят кенг бўлиб жамияти ва унинг урф-одатларига қақшаткич зарба берган очиқ сатирага айланади.
Поль Лафаргнинг кўрсатишича, К.Маркс ҳамма романистлар ичида Сервантес билан Бальзакни юқори баҳолаган. «Дон Кихот» да эса у ўлиб бораётган рицарлик эпосини кўрган.
К.Маркс Фердинанд Лассалнинг «Франц фон Зикинген» номли драмаси муносабати билан унга ёзган (1859 йил) хатида Зикингенни Дон Кихотга ўхшатади. Фон Зикинген «ўлимга маҳкум этилган синф вакили сифатида мавжуд турмуш (тузум)га ёки, тўғрироғи, мавжуд ҳаёт (тузум)нинг янги шаклларига қарши исён кўтаргани учун ҳалок бўлади».
Рицарь Зикинген деҳқонлар қўзғолонига раҳбарлик қила олмас эди. Кураш давомида у оммадан ажралиб кетади, ниҳоят, якка қолиб ҳалок бўлади. Дон Кихот ҳам ижтимоий таянчсиз, қуруқ хаёл билан ҳаракат этгани сабабли, унинг кураши беҳуда кетади. Марксизм-ленинизм классиклари Дон кихотчиликни турмушдан ажралиб қолиш, реал воқеликни сезишдан маҳрум бўлишнинг ҳажвий умумлашмаси деб баҳоладилар ва ундан эскиликка ёпишиб олган, янгиликни тушуниб етмайдиган кишиларни танқид қилишда фойдаландилар.
Рус революцион-демократи В.Г.Белинский ўлмас «Дон Кихот»нинг авторига юқори баҳо бериб, «у романнинг идеал йўналишига қатъий зарба берди ва уни воқелик томон бурди», деб кўрсатди.
Юқорида келтирилган қимматли фикрлар Сервантес асарининг тўла моҳиятини очишда, шубҳасиз, катта хизмат қилади.
Романнинг сюжети Дон Кихот образи. Асарнинг бош қаҳрамони Ламанч қишлоғида истиқомат қилувчи кам ерлик, ёши элликларга
яқинлашиб қолган баланд бўйли, бақувват, лекин озғин, овни яхши кўрадиган бир камбағал дворян бўлиб, фамилияси Кехона эди. Бу дворян рицарь романларини шундай берилиб ўқий бошлайдики, натижада овчиликка ҳам, ўз хўжалигига ҳам қарамай қўяди. Ерининг кўп қисмини сотиб, унинг пулига романлар сотиб олади ва узлуксиз мутолаага берилиб кетади. Эрта-ю кеч китобдан бош кўтармагани ва ухламагани учун мияси айниб қолади. Унинг кўз олдидан рицарь романларида ўқиган жодугарлар, девлар, жаҳонгашта рицарлар ўта бошлайди. Унинг учун хаёлий нарсалар ҳақиқатдек кўринади, ҳақиқат эса ўз маъносини йўқотади. Унинг қалбида ҳам рицарь бўлиш ва уларга ўхшаб адолатсизликларга қарши курашиш орзуси туғилади.
У рицарь романларидаги қоидаларга амал қилиб дарҳол ишга киришади: ота-бобосидан қолган темир-терсаклар ичидан қурол-яроғларни ажратиб, уларни тузатади. Темир қалпоқ ҳам топади, сўнгра у ориқ, оқсоқ отини кўздан кечиради. Отга рицарь романларида бўлгани каби жарангдор, дабдабали Росинант деган ном қўяди. Ўзига эса бир ҳафта ўйлаб ниҳоят Дон Кихот деган жарангдор исм қўяди. Ўтмиш рицарларига ўхшаш, энди ўзининг қайси жойдан чиққанини кўрсатадиган аломат ҳам бўлиши керак эди. Шунинг учун у ўз туғилган қншлоғининг номини ҳам қўшиб, ламанчлик Дон Кихот деб аташга қарор қилади. Жаҳонгашта рицарнинг, албатта севги ва севгилиси бўлиши керак. У Тобосо қишлоғилик чўчқабоқар қиз Алдонсо Лоресони ўз орзуларига мос жонона деб танлайди ва унга ҳам Дульсинея Тобосо деб маликаларга қўйиладиган дабдабали ном беради.
Шундан сўнг Дон Кихотнинг саргузаштлари бошланади. Адолат учун курашиб қаҳрамонлик кўрсатмоқчи бўлган Дон Кихот ҳар қадамда муваффақиятсизликка учрайди.
Июль ойининг иссиқ кунларидан бирида Дон Кихот жанговар ҳозирликлар кўриб, яроғ-аслаҳаларини тақиб, Дульсинеяни дилига жо қилиб, «тулпор» Росинантга миниб, биринчи марта сафарга жўнайди. Бироқ эшикдан чиқиши билан мушкул бир хаёл унинг фикрини қуршаб олади: ҳали у рицарликка фатво олмаган, шунинг учун рицарь қоидалари бўйича биронта рицарь билан жанг қилишга ҳақсиз. Энди у орқага қайтиши керак, лекин ундаги тентаклик ҳамма мулоҳазаларидан устун чиқади ва йўлда биринчи учраган кишисининг фатвоси билан рицарь номини олмоқчи бўлади.
Дон Кихот шу куни кечга томон етиб борган жойи – карвон саройни ҳашаматли қаср деб тасаввур қилади, у ердаги хотинлар эса гўзал маликалар бўлиб кўринади, чўчқабоқарнинг чиқарган ҳуштак овози гўё уни кутиб олиш шарафига чалинаётган куйдек туюлади.
Дон Кихотнинг «душман» билан дастлабки тўқнашиши шу карвон сарой молхонаси ёнида рўй берадн. «Муқаддас жой» деб билган саройни кечаси билан ухламай қўриқлаб чиқади. Шу вақтда молини суғормоқчи бўлиб келгач кишини «душман» деб, унга қарши ҳужум қилади. Дон Кихот зарар кўрган молбоқар шерикларининг тошбўрони остида қолади.
Карвон сарой эгасининг Дон Кихотнинг рицарлигига «фатво» беришга ошиққанининг сабаби ундан тез қутулиш эди. Энди «ҳақиқий» рицарь сифатида йўлга чиққан Дон Кихот хўжайини томонидан калтакланаётган подачи болага дуч келади ва уни азобдан қутқариб юборади. Дон Кихот қилган ишидан бениҳоя хурсанд, чунки у гўё жуда катта адолатсизликка чек қўйган эди. Лекин боланинг бундан кейинги тақдири унинг хаёлига ҳам келмайди.
Толедо савдогарлари билан тўқнашиш ҳам кўнгилсиз воқеа билан тугайди. Дон Кихот уларни жаҳонгашта рицарлар деб йўлини тўсиб, дунёдаги барча маликалардан кўра ўзининг Дульсинеясини гўзал малика деб тан олишга мажбур этади. Ўжарлик билан уларга ҳужум бошлаган ва қаттиқ калтакланиб ўрнидан туришга мажоли қолмаган Дон Кихот қайғурмайди, чунки жаҳонгашта рицарь билан бундай воқеаларнинг юз бериб туриши, унингча, табиий бир ҳол эди.
Сервантеснинг асар муқаддимасида «рицарь романларининг қулай деб турган истеҳкомини ағдариш» таъкидланган асосий фикри Дон Кихотнинг биринчи сафари тасвирланган юқоридаги эпизодлардаёқ очиқ кўринади. Рицарликнинг ҳалокатли таъсирига қарши дадил ва узлуксиз кураш олиб бориш ғояси бутун воқеалар давомида диққат марказида туради.
Дон Кихот рицарь саргузаштидан қайтган ва қаттиқ шикастланиб ётган вақтида унинг кутубхонасини кўздан кечирган дўстлари, жияни ва хизматчи аёл «қуруқ тил билан ёзилган дағал ва бемаъни», зарардан бошқа нарса келтирмайдиган китоблар ҳақида: «Бир тўда қилиб йиғиб, куйдириб ташлаш керак», «Уларни тўппа-тўғри ташқарига улоқтирмоқ зарур», дейдилар. Бу ёзувчининг рицарь романларига нисбатан кучли нафратининг ифодаси эди.
Дон Кихот навбатдаги сафарга чиқиши олдидан Санчо Панса деган бир содда деҳқонни топиб, ўзига ёрдамчи – яроғбардор қилиб олади ва бу хизматлари эвазига уни қўлга киритадиган оролларидан бирига губернатор қилиб тайинламоқчи бўлади, йўлда узоқдан кўринган шамол тегирмонлар унга душман девлар бўлиб туюлади.
Дон Кихот биринчи дуч келган тегирмоннинг паррагига найза санчади. Ҳаракатланган парраклар уни оти билан илиб кўтариб кетади, сўнгра ерга улоқтириб ташлайди. Санчо Панса оғир аҳволда ётган хўжайинга бу фожиа унинг сўзларига ишонмаганлигидан келиб чиққанини афсус билан билдиради. Дон Кихот эса китоблари билан бирга уйини ҳам ўғирлаб кетган ашаддий душмани жодугар Фрестон девларни шамол тегирмонларига айлантириб қўйганини, лекин, барибир, унинг маккорлиги Дон Кихот қиличи кучига бардош беролмаслигини айтиб, ўз фикридан қайтмайди.
Иккинчи куни Дон Кихот ва Санчо йўлда икки монах ва уларнинг хизматчиларига дуч келади. Улардан орқароқда каретада бискайлик аёл ҳам кетаётган эди. Бу йўловчилар Дон Кихотга «малика»ни олиб қочиб кетаётган жодугарлар бўлиб кўринади. У ҳонимни озод этиш учун ҳужум қилади. Санчо Пансани эса фақат бир нарса – ерда чўзилиб ётган, «енгилган» кишининг нарсаларини ўлжа қилиб олишгина қизиқтирар эди. Бироқ, ҳар иккала қаҳрамон – рицарь ва унинг яроғбардори ҳам йўловчиларнинг қаттиқ зарбасига учрайдилар.
Шу сингари кўнгилсиз воқеалар Санчо Пансани умидсизликка туширади ва у қишлоғига қайтиб, хўжалик ишлари билан шуғулланмоқчи бўлади. Бироқ Дон Кихот унга ғалаба куни яқинлашиб қолганини, бардам бўлиш кераклигини уқтиргандан сўнг, у Дон Кихотни ташлаб кетолмайди.
Дон Кихотнинг хизматкоридан ғамгин қиёфадаги рицарь лақабини олиши бежиз эмас. Унинг ўзи ҳам ўтмишдаги рицарлар мисолида шундай номга тезроқ эришишни истаб, қалқонига хафақон башара сурати солдирмоқчи бўлганида, Санчо Панса унга эътироз билдириб, бу нарсага вақт ва пул сарф қилиб ўтиришнинг сира ҳожати йўқлигини, у бетидаги ниқобини очиб башарасини кўрсатса, шунинг ўзи кифоя қилишини, чунки очликдан ва жағ тишларидан ажралганлигидан афт-ангори анча хунуклашиб, ғамгин ва аянчли тус олганини айтади. Санчонинг жиддий сўзи ҳазилдек туюлса ҳам, лекин у кўп масалаларга тўғри баҳо берар эди.
Рицарь романларига берилиш Дон Кихотни тентаксимон ҳолга туширса ҳам, лекин унинг қалби пок ва интилишлари беғараздир. Бу фикрни романдаги бир эпизод яхши тасдиқлайди. «Ҳақоратланган ва мулкдорлар томонидан таҳқирланганларни қўллаш учун қасам ичган» Дон Кихот йўлда қўллари кишанланган маҳбусларга дуч келиб, уларни қутқаришга уринади. Табиат томонидан эркин яратилган кишиларни қул ҳолига келтириш катта адолатсизлик, деб уларни бўшатиб юборишларини талаб этади. Бироқ соқчилар унинг талабларини бажармайдилар. Бундан ғазабланган Дон Кихот ҳужум қилиб, отряд бошлиғини ҳолсизлантиради, сўнгра яхши қуролланмаган соқчиларга зарба бериб, маҳбусларни кишанлардан қутқаради. У ўз хизматлари эвазига маҳбуслардан Тобосо қишлоғига бориб, малика Дульсинеяга учраб, унга ўз рицари, яъни Дон Кихот номидан салом йўллаб, бутун содир бўлган воқеаларни бирма-бир сўзлаб беришлари, шундан сўнггина истаган томонларига кетишлари мумкинлигини айтади. Бу бажариб бўлмайдиган бемаъни талаб туфайли Дон Кихот билан маҳбуслар ўртасида жанжал чиқади. Жанжал Дон Кихотнинг улар томонидан тошбўрон қилиниши билан тугайди.
Шуниси характерлики, Дон Кихот рицарликдан бошқа ҳар қандай масала ҳақида ҳайрон қоларли даражада тўғри ва оқилона фикр юритади. У ҳарбий киши билан ўша замоннинг билимдони деб аталадиган хизматчиси ўртасида катта фарқ мавжудлигини, масалан, солдат билан камбағал талабани таққослаганда машаққатли турмуш кечиришлари жиҳатидан улар бир-бирларига яқин бўлиб кўринсалар ҳам, лекин ҳарбий кишининг зиммасига юклатилган вазифа ниҳоятда оғирлигини билади.
«Сиз жиддий ўйлаб кўринг,- деб сўзини давом эттиради Дон Кихот,- фақат жисмоний куч ёрдами билан душманнинг нияти, фикри, ҳарбий маккорлигини билиб олиш, найрангларини сезиб, хавфни бартараф қилиш мумкинми,- йўқ, буларнинг барчаси идрокка боғлиқ, гавданинг бу ерда хизмати йўқ. Демак, олимлик учун ақл қанча керак бўлса, ҳарбий соҳа учун ҳам ақл ундан кам бўлмаган даражада зарурдир...»
Сервантес ҳарбий санъатнинг ҳақиқий мақсади ва интилиш доираси – тинчлик, тинчлик эса ер юзидаги ҳамма эзгуликларнинг энг олийсидир, деб уқтиради.
Дон Кихот чин севги, хотин-қизлар, камбағаллар, шунингдек, поэзия ҳақида чуқур мулоҳаза юритади.
Гўзал Китерия билан подачи йигит Басильо бир-бирларини севадилар, бироқ қизнинг отаси уни бой Камачога бермоқчи бўлади. Басильо қандай йўл билан бўлмасин, ўз севганига етишишга аҳд қилади. Бу масалада Дон Кихот камбағал йигит Басильони ёқлайди. Никоҳ масаласида у қатьий ахлоқ принципига риоя қилиш кераклигини уқтиради. «Хотин товар эмаски, уни сотиб олиш ва сўнгра қайта топшириш ва бошқаси билан айирбошлаш мумкин бўлсин, хотин айрилмас йўлдошдир.
Дон Кихот рицарь сифатида енгилтаклик билан ҳаракат қилишига қарамасдан, инсоний муносабатларнинг мураккаблигини англайди. Уруш каби севги ҳам қувлик ва усталик талаб қилишини, шу йўл билан душман қаршилигини енгиб, киши ўз истагига эришишини тушунади.
Хотинч-қизлар масаласида Дон Кихот ҳаққоний фикрлар айтади. Камбағал кишига турмушга чиққан пок аёлни ҳар томонлама ҳурматлаш керак, дейди у.
Дон Кихотнинг ваъда қилинган губернаторликни қандай бошқариш кераклиги ҳақида яроғбардори Санчо Пансага берган маслаҳатлари ҳам диққатга сазовордир.
Порахўрликка қарши туриш, манманликдан қочиш, камбағалларнинг арз-додига қулоқ солиш, рақиб устидан ҳукм чиқаришга тўғри келганда, шахсий ғаразгўйликни унутиб, масалага одилона қараш зарурлигини уқтиради.
«Ўртача ухла; қуёш билан бирга турмаган кимса кундузги куннинг роҳатини билмайди, тасаввур қилки, Санчо, абжирлик муваффақиятнинг онаси, унинг душмани эса ялқовликдир...»
Дон Кихот Санчонинг қалби пок эканлигига, шунинг учун у ҳар қандай оролга губернатор бўлса ҳам, уддасидан чиқа олиши мумкинлигига ишонади.
Губернаторликни бошқараётган «ҳақиқий инсон» Санчо Пансага устоз сифатида ёзган хатида, уни озода ва яхши қийиниш, бева-бечораларнинг бошини силаш, яхшилар учун ўз отасидек, ёмонлар учун ўгай отадек бўлишга ундаб, давлатни идора қилиш учун нималарга эътибор этиш кераклиги ҳақида маслаҳатлар беради:
«Сен бошқараётган халқнинг мухаббатини қозонмоқ учун,- дейди у,- сен жумладан, икки нарсани эслашинг даркор: биринчидан, сен ҳамма билан хушмуомалада бўлмоғинг керак (ўзинг биласан, бу ҳақда сен билан суҳбатлашган эдим), иккинчидан эса сенга озиқ-овқат молларини кўпайтирмоқ учун ғамхўрлик қилмоқ зарур, чунки камбағалларнинг қалбини ҳеч нарса очлик ва қаҳатчиликдек ғазаблантирмайди.
Бироқ Дон Кихот рицарь саргузаштлари ҳақида гап борганда тездан ўзгаради, мияси айниб, ақлдан озади, васваса ичида бемаъни ҳаракатлар қилиб, оғир аҳволга тушиб қолади.
Бу ҳол Дон Кихотнинг турмушдан ажралиб қолганлиги, ўтмиш хаёли билан яшаб «сеники», «меники» деган нарсани билмаган «олтин аср»ни тиклашга интилганлиги натижасида юз беради. У феодал қўрғонининг йўқ бўлиб кетганини сезмайди ва фақат фантазия уйдирмаларинигина ҳақиқий воқеалар деб тушунади. Шунинг учун ҳам унга: карвон сарой – ҳашаматли қаср, шамол тегирмон – қулоч кериб турган даҳшатли дев, савдогар – жаҳонгашта рицарь, икки қўй подаси – икки ёв лашкари, чўчқабоқар қиз Алдонсо Лоринсо – нозик жонона бўлиб кўринади.
Дон Кихот дастлаб, шамол тегирмонлар, қўй подаларига қарши тентаксимон курашса, охирида у ижтимоий воқеликка дуч келиб, ҳаёт лаззатини англай боради. Уни тўғри йўлдан тойдирган фантастик уйдирмалардан бутунлай воз кечади.
Рицарь саргузаштларидан узил-кесил тинкаси қуриб қайтган, тўшакда ҳолдан кетиб ётган Дон Кихот, шу вақтгача ўтган умри бемаъни алаҳлашлардан иборат эканини англайди.
«Менинг ақлим равшанлашди, энди у жаҳолат ўраб олган қоронғиликдан холидирки, бадбахт ва қабиҳ рицарь романларини тинмай ўқиш уни зулмат ботқоғига ботирган эди. Мен энди уларнинг бутунлай бемаъни ва қалбакилигини кўрмоқдаман, мени бирдан-бир қайғуртираётган нарса шуки, бу ҳушёрлик менга жуда кеч келди, шунинг учун хатони тузатиш ва жонга машъал бўладиган бошқа китобларни ўқиш учун киришишга энди менда вақт йўқ».
Ҳаётининг охирги дақиқаларида телбаликдан қутулиб, соғлом кишига, ламанчлик Дон Кихотдан яна оддий Алдонсо Киханога айланган камбағал идальгодаги ўзгариш шу бўлдики, у эскиликка, рицарликка, хаёлпарастликка кескин қарши турувчи қаҳрамон бўлиб қайта туғилди. Сервантес кўрсатганидек, Дон Кихот «тентакдай яшади, донишманддай ўлди». «Дон Кихот – олижаноб ва ақлли киши,- деб ёзади Белинский,- у бутун вужуд-ҳарорати билан севган ғоясига берилди; Дон Кихот характеридаги кулгили томон эса унинг севган ғояси билан замон талаби ўртасидаги зиддиятдан иборатки, бу ғояни амалга ошириш, турмушга татбиқ этиш мумкин бўлмайди. Дон Кихот ҳақиқий рицарлик талабларини чуқур англайди, у ҳақда одил ва шоирона муҳокама юритади, рицарь сифатида эса бемаъни ва тентаклик билан ҳаракат қилади; нарсалар ҳақида рицарлик доирасидан чиқиб муҳокама юритганида эса ҳақиқий донишманддир. Мана шунинг учун ҳам бу кулгили шахс тақдирида қандайдир қайғулилик ва фожиавийлик бор...»
Do'stlaringiz bilan baham: |