Тересса Панса образи. Роман персонажларининг аксариятини ташкил этган шахслар оддий кишилар – деҳқон ва чўпон, талаба ва аскар, аравакаш ва косиб, майда дворян ва карвон сарой эгалари. Булар тутган мавқеи ва ҳаракатлари билан ёзувчининг асосий ғоясини очиб беришда муносиб ўрин эгаллайдилар. Айниқса хотин-қизлар образи – Дон Кихотнинг жияни Антония Кихано, хизматчи аёл ва Тереса Панса образи характерлидир. Тереса эрининг губернаторликка интилиши билан қизиқмагандай, Санчонинг қизини зодагонга бериш ҳақидаги маслаҳатига ҳам қўшилмайди. Унинг ўз тенги – деҳқон йигити билан турмуш қуришини истайди, шундагина қизининг бахтли бўлишини уқтиради.
«У графиня бўлган кун,- эътироз билдирди Тереса,- мен уни гўрга кўмдим, деб ҳисоблайман. Бироқ, мен яна такрор айтаман: қандай хоҳласанг, шундай қил, биз аёлларнинг бошига тушган қисмат шуки, гарчи мияси бўлмаса ҳам, ҳамма вақт эрга итоат этишдир».
Сервантес ўрта аср шароитида яшаган деҳқон аёлининг турмуши ва орзу-истакларини реал манзараларда тасвирлаб берди. Бахтли бўлиш бойликда эмас, балки тенглик ва ўзаро ҳурматда, деб кўрсатди у.
Тереса Пансанинг ўз қизи тақдири ва бахтли ҳаёти ҳақидаги орзулари ҳаётий далилларга асосланган бўлиб, Санчо Пансанинг хом хаёлларига зиддир. Туғилганда унга Тереса деган «содда ва мусаффо» ном берганлар. Бу номда ҳеч қанақа «омихта» дон ва, «распродонлар» йўқ. У ўз оти билан фахрланади: «донья» деган оғир юкни кўтариб юришга унда ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Унинг кўриш, сезиш, идрок этишни билдирадиган «етти ёки беш муча»си бутун экан, у зодагонлар ичига кириб шарманда бўлишига йўл қўймайди. Қизи Мария билан ўз қишлоғидан нарига асло кетмайди: «пок аёлнинг ўрни – чарх ёнида»,- деб оддий аёлнинг фаолиятини тавсифлаб беради.
Романнинг аҳамияти. Ўтмишнинг йирик адиб ва мутафаккирлари «Дон Кихот» асарининг чуқур мазмуни ва унинг антифеодал руҳини англаганлар. XВИИИ асрда яшаган инглиз маърифатпарвар ёзувчиси Фильдинг Сервантес ижодидан илҳомланиб, адабий фаолиятининг дастлабки этапида «Дон Кихот Англияда» номли сатирик комедиясини яратди. Сўнгроқ у ижодининг гуллаган даврида «Сервантес манерига тақлид қилиб», «Жозеф Эндрюс ва унинг дўсти Абраам Адамснииг саргузаштлари тарихи» романини яратди. Унда жамиятни гуманистик асосда қайта қуриш ҳақида Сервантес илгари сурган фикрни ҳимоя қилди.
XИX аср прогрессив романтизмининг йирик намояндалари Гюго, Байрон ва бошқа ёзувчилар ҳам бу ўлмас асарга юқори баҳо берганлар. Сервантес ва унинг «Дон Кихот» романи ҳақида кўплаб қимматли фикрларни баён қилган кишилардан бири Генрих Гейне эди. У Сервантесни Шекспир, Гёте қаторига қўйди. Гарчи Гейне романтик нуқтаи назардан қараб, Сервантес «кишилик. завқ-шавқига қарши жуда улуғ сатира ёзди» деб айтса ҳам, улуғ адибнинг асосий фикрларига ихлос билан қаради.
«У рицарь романларига шундай қақшатқич зарба бердики,- деб ёзди Гейне,- Дон Кихот чиққанидан сўнг бутун Испанияда бу хилдаги китобларга бўлган муҳаббат сўнди ва улардан биронтаси ҳам бундан сўнг нашр этилмади».
Ўрта аср поэзиясидан ўсиб чиққан ва рицарь саргузаштлари акс эттирилган романга пастки табақа вакили образини киритиш, унда демократик элементларни тарғиб қилиш билан Сервантес янги романчиликка асос солди.
«Ўзларини Дон Кихот ва Санчо Панса атаб, бир-бирини тўхтовсиз пародия қилувчи ва шуниси билан бир-бирини ажойиб равишда тўлдираётган икки персонажга оид гап шуки,- дейди Гейне «Дон Кихот»га муқаддимада,- улар бирга қўшилиб романнинг ҳақиқий қаҳрамонини ташкил қиладилар ва шунингдек, авторнинг бадиий туйғу ва чуқур ақл-идрокидан баб-баравар далолат берадилар».
Белинский Сервантвонинг «Дон Кихот» асарида сатира юксак бадиий роман шаклида вужудга келганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, у Сервантес ижодини чуқур таҳлил қилиб, «Дон Кихот» билан санъатда янги давр бошланганини, хаёлий уйдирмаларга путур етказган реалистик йўналманинг вужудга келганини қайд қилди.
А.М.Горький «Шахснинг ҳалокати» сарлавҳали мақоласида (1909) халқ моддий ҳам маънавий бойликларнинг яратувчиси эканини, улуғ ёзувчилар ҳамма вақт халқ ижодидан баҳраманд бўлганликлари, шу жумладан, ўрта аср рицарь адабиёти устидан заҳарханда кулган. Сервантеснинг «Дон Кихот» асари ҳам кўп жиҳатдан халқ адабиётидан файз ва завқ олиб ёзилганини, роман қаҳрамони Дон Кихотнинг эзилганларга ёрдам қилишдек олижанобликка интилганини кўрсатиб ўтган эди.
«Ишчи одамнинг эркин ижод этишига оғир тўсиқлар қўйилган эди,- деб ёзган эди буюк адиб «Санъат ҳақида» деган маоқоласида. – Бироқ ҳамма вақт бўлган ва ҳатто бизнинг кунларимизгача яшаб келган Дон Кихотларда қандай бўлмасин, гўзал, одатдан ташқари – мўъжизавий бир нарса қилиш каби қадимий истак сўнмаган эди».
Горький Санчо Пансанинг оддий кишилар орасидан чиққан, халқ донолигини акс эттирган шахс эканлигини кўрсатиб, китобнинг халқчил ва реалистик характерини очиб, дон кихотчиликни ўтмиш хаёлига берилиш натижасида турмушни қайта қуриш ҳақидаги амалий вазифани тушунолмасликнинг ифодаси деб таърифлади.
Романнинг характерли хусусияти шундаки, Сервантес ҳар икки қаҳрамонни авантюризм касалидан тузалишга мажбур этади. Шунинг учун асарнинг охири пессимистик бўёқлардан холидир. Дон Кихот Санчога хос ҳаётга реал қарашни, Санчо эса Дон Кихотдаги гуманизмни ўзлаштиради. Шундай қилиб, улар халқ истак-орзуларини ифодалаган ижобий қаҳрамонларга айланадилар.
Сервантеснинг новелла ва драматик асарлари, хусусан, унинг «Дон Кихот» романи испан халқи бадиий даҳосининг инъикоси бўлиши билан бирга инсоният маданияти хазинасига қўшилган буюк дурдона ҳамдир.
Ёзувчи «Дон Кихот»да ўз даври ҳаёти ва унинг муҳим тенденциясини сеза билди, асосий образлари орқали XВИ–XВИИ асрлардаги воқеликни акс эттирди, эски феодал тартиблари, рицарлик ва бойликка интилишни қоралади.
Романнинг чуқур халқчиллиги оддий кишилар турмушини катта хайрихоҳлик билан тасвирлаш, Дон Кихотни заҳматкаш Санчо Пансага яқинлаштириш, омма ичидан чиққан бундай одамларда ижобий хислатлар чексиз, ижодий куч ҳам катта эканини таъкидлаш, ҳар қандай зулм ва ижтимоий адолатсизликларга қарши кучли норозилик билдиришда намоён бўлади.
Сервантес ўрта аср рицарь романларига қақшатқич зарба берибгина қолмасдан, янги типдаги реалистик романчиликка асос солди. Халқнинг турмушини яхши билиш гуманистик ғояларни тарғиб қилиш учун унга кенг имкониятлар яратди, ижодининг камол топишига ёрдам берди. Бундай ютуққа у асарининг танқидий йўналиши билангина эмас, унинг бадиий қиммати туфайли ҳам эришди.
«Дон Кихот»даги Дон Кихот ва Санчо Панса образлари даврнинг жонли ва ҳаққоний типларидай гавдаланади. Бу шахслар тасвирида қанчадан-қанча кулги, қайғу, ҳаяжон, осойишталик ва аччиқ истеҳзо мавжуд.
Буюк адиб Сервантеснинг ижоди ўтган уч ярим асрдан ортиқ вақт давомида Европа прогрессив адабиётида муносиб баҳоланди. Унинг реалистик методи, яратган образлари ва ифодалаш усули жаҳон реалистик адабиётининг бундан сўнгги ривожига катта таъсир кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |