Санчо Панса образи. Дон Кихот «рицарликнинг енгил бўлмаган ишига ўзини бағишлаб», «эзилганларга ёрдам бериш, душман ва жодугарларни енгиш билан ном чиқариш хаёлида юрса, Санчо Пансанинг ўзгача мўлжали бор. У губернатор мансабини эгаллаш билан аҳволини яхшилаш ва бойишни истайди. Ваъда қилинган губернаторликни бошқара олмайди, деб айтилган фикрга эътироз билдириб: «Мен бир нарсани биламан,- дейди Панса, - графликни қўлга киритсам бас, уни идора этишнинг уддасидан, албатта, чиқаман,- бошқаларда қанча жон бўлса, менда ҳам шунча жон бор, гавдам эса, ҳатто каттароқдир, ўз мулкимни ҳар қанақа қиролдан ҳам ёмон бошқармасман».
Ёзувчи кўрсатганидай, «уларнинг ҳар иккови (Дон Кихот ва Санчо Панса) гўё бир қолипда қуйилгандай, хўжайиннинг тентаклиги, хизматкорнинг лақмалиги бўлмаганда, сийқа чақага ҳам арзимас эди».
Уларнинг бирида бор хислат иккинчисида йўқ, биринчисида йўқ хислат иккинчисида мавжуд. Шунинг учун ҳам Санчо Панса Дон Кихотнинг бемаъни ҳаракатларини пайқайди. Фойда келтирмайдиган машаққатли ва кўп кўнгилсиз воқеалардан сўнг яроғбардорликдан воз кечиб, уйига қайтмоқчи бўлса ҳам, бироқ унинг соддалиги ва ўз рицарига садоқатининг кучлилиги туфайли, у Дон Кихотдан ажралиб кетишга журъат этолмайди.
«...Бироқ, кўриниб турибдики, менинг тақдирим ва аччиқ насибам, шунақа бошқача қила олмайман, уни мен кузатиб боришим керак, ҳамма гап шундаки, биз у билан бир қишлоқданмиз, у мени боқди, мен уни севаман, буни у қадрлайди, ҳатто менга хўтикчалар ҳадя этди, энг муҳими, мен тўғри одамман, шунинг учун гўрдан бошқа ҳеч ким бизни ундан ажратиб юборолмайди».
Баратария оролига губернатор этиб тайинланган яроғбардор ўзини «Дон Санчо Панса» деб аташларига йўл қўймайди, чунки унинг авлод-аждоди дворянлардан эмас, балки оддий деҳқонлардан келиб чиққан, шунинг учун у бундай дабдабали номлардан қутулиш йўлини излайди. Губернатор олдига арз билан келганлар ишини (тикувчи ва деҳқон, икки чол, чўпон ва фирибгар аёл можаросини) адолат билан ҳал этади. У «оролни ҳар қандай ярамаслар, дайди, ялқов ва саёқлардан тозалаш»ни, қиморхоналарни бекитишни, инсофсиз савдогар – товламачиларга қарши кураш ва давлат тузумини яхшилашни истайди. Бироқ у ерда Санчо ёлғизлик қилади. Эртадан кечгача тинмай хизмат қилса ҳам, лекин уни тузукроқ овқатлантирмайдилар. Ахир у «губернатор бўлишдан олдин иссиқ овқат ейман, салқин ичимликлар ичаман» деган орзу билан яшаган эди. Шунинг учун Санчо, губернаторлик мансаби уни эгаллаб турган кишини боқа олмаса, у вақтда бу иш икки дона ловияга ҳам арзимас экан, дейди ғазабланиб ва губернаторликни ташлаб ўз қишлоғига қайтади.
Санчонинг «...губернаторлик вазифасига мен сариқ чақасиз келдим, одатдаги герцогларнинг оролдан кетишларига қарама-қарши ўлароқ, ундан яна сариқ чақасиз кетаётирман», деган сўзларида чуқур маъно бор. Феодал ҳукмронларга хос бўлган, тамагирлик, порахўрлик, адолатсизлик ва бошқа кўп ярамасликлар унга ёт эди. Губернатор Санчо билан феодал-губернаторлар ўртасида катта фарқ бор. Санчо Пансанинг бу мансабга интилишдан мақсади ўз аҳволини яхшилаш ва давлатнинг қандай идора қилинишини ўз кўзи билан кўриш эди. Бундай хизматни бажаришга тўғри келганда, у бу ишни донишмандлик билан бошқаради.
Санчо Панса образида Сервантес «яроғбардорнинг ҳамма энг яхши хислатларини мужассамлантирди». Мазмунсиз рицарь романларида яроғбардорнинг белгилари жуда тарқоқ ва саёз тасвирланар эди. «Дон Кихот» романида эса оғир синовларга бардош берган Санчо Панса хўжайиннинг тентаксимон ҳаракатларидан тегишли хулоса чиқариб, унга танқидий қарай бошлайди, ўзи ҳам губернаторликнинг саробдан бошқа нарса эмаслигини англайди. Санчо сўзамол, халқ донолигини ифодалаган оддий киши образидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |