Илк ўрта асрларда маданият ва адабиёт. Рим империяси ўрнида пайдо бўлган мустақил давлатлардан метрополияга яқин турган собиқ ғарбий провинциялар (Италия, Галлия, Испания) латин тилини қабул қиладилар. Латин тили махаллий шева элементлари билан бойиб, ўзига хос янги форма касб этади ва кейинчалик мустақил роман тиллари деб номланади.
Қадимги кельт қабилаларининг талай қисми романлаштирилади, уларга христианлик, латин тили ва Рим маданияти таъсири сингдирилади. Фақат узоқ Скандинавия ва Кельт областларидагина қабила тузуми ва унинг урф-одатлари узоқ вақт сақланиб қолади. Бу чекка ўлкаларда феодал муносабатларнинг бирмунча кеч ривожланиши шунинг оқибати эди.
Рим қулдорлик тузуми емирилган вақтда Ғарбий Европада яшаган барча «варвар» қабилаларининг ўз адабиёти мавжуд бўлиб, у қадимги замон уруғчилик ҳаётини акс эттирган бадиий ёдгорликлардан иборат эди.
Ўрта асрлар адабиётининг ривожланиш жараёнига уч омил – халқ ижоди, антик санъат ва христиан дини маълум даражада таъсир кўрсатган. Бунда айниқса халқ поэзияси традицияларининг ижобий роли каттадир.
Энг қадимги поэзия намуналари меҳнат қўшиқларидир. Чунки бу қўшиқлар меҳнат жараёнида яратилиб, уларда меҳнат шавқ-завқи куйланади. Инсоннинг ритмик ҳаракатига мос тушган товушлар коллектив меҳнат жараёнига жўр бўлибгина қолмай, балки меҳнат қилувчиларнинг руҳини кўтаради, машаққатини енгиллаштиради. «Ибтидоий хор синкретизми» назариясининг асосчиси академик А.Н.Веселовский ҳар қандай поэтик ижоднинг дастлабки босқичида лирика, эпос ва драма элементлари биргаликда, ҳали ажралмаган, яъни синкретик ҳолда мавжуд бўлганини кўрсатади.
Ибтидоий хор ва урф-одат синкретизми патриархал жамоа тузумининг ривожланган даврига тааллуқлидир. Хор – қўшиқ-мимика ва гавда ҳаракати билан қўшилиб, рақс ва драматик ўйинга айлайади. Бу бадиий ҳаракатнинг дастлабки шакллантирувчи элементи сифатида ритм ва куй пайдо бўлади, текст эса ёрдамчи хизматни бажаради. Коллективнинг ижтимоий ҳаётини акс эттирувчи урф-одатлар текст ёки синкретик харакатнинг асосий мазмунини ташкил қилган. Бинобарин, расм-одатлар ҳам якка шахс томонидан эмас, балки коллектив томонидан ижро этилади.
Ибтидоий жамоа тузумининг емирилиши натижасида ижтимоий табақаланиш бошланади, жамоа-коллектив ўз орасидан шахсларни ажратиб чиқариши билан синкретизм ҳам сусая боради. Қўшиқ урф-одат доирасидан чиқиб, мустақил адабий жанр сифатида шаклланади. Хор давомида коллектив ҳаракатни бошқариб борувчи шахс энди қўшиқчи-шоир сифатида ижод билан ҳам шуғуллана бошлайди. Синкретик ҳаракатдан лиро-эпик қўшиқ, сўнгра лирика ва халқ урф-одатларини ифодалаган драма ажралиб чиқади. Бироқ ибтидоий синкретизмнинг қолдиқлари халқ поэзиясида узоқ вақт сақланиб қолган. Синкретизм мазарияси ва поэзиянинг меҳнат жараёнида вужудга келиши бутун ўрта асрлар адабиётининг халқ ҳаёти билан боғлиқ равишда келиб чиққанидан дарак беради.
Христиан черкови эса ўрта асрлар маданий ҳаётида реакцион роль ўйнаб, адабиётни феодал-аристократия манфаатларига бўйсундириш учун ўз ихтиёрида бўлган бутун воситаларни ишга солади. Дин феодал ҳукмронлигини мустаҳкамлашда, халқ оммасини князларга тобе тутишда қудратли қурол бўлиб хизмат қилади. «Католик черкови феодал тузумни худо ярлақаган саодатли тузум даражасига кўтарди».
Шунинг учун қироллар христиан руҳонийларининг хизматларини тақдирлаб, уларга жуда кўп ер-сув ва ҳатто крепостной деҳқонларни ҳам ҳадя қилар эдилар. Католиклар қўлидаги ерларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи черков ихтиёрида эди. Монахлар сон-саноқсиз ерларни қўлга киритиш билан бирга крепостной деҳқонларни шафқатсиз эксплуатация қилар ва катта даромад олар эдилар.
Черков узоқ вақт халқни жаҳолатда сақлаб келса ҳам, лекин
у барибир кишиларнинг реал ҳаёт завқ-шавқига бўлган иштиёқини бўға олмади.
Ўрта асрлар адабиётининг ривожланишига катта таъсир этган омиллардан яна бири антик маданиятдир.
Герман «варвар» қабилалари Рим империясига бостириб кириб, кўп шаҳарларни вайрон қилган, антик дунё маданий ёдгорликларини топтаган ва унга душманлик назари билан қараган эди.
Қадимги дунё шоир ва драматургларининг кўп асарлари шу тариқа йўқолиб кетади. Лекин руҳонийлар антик ёзувчиларнинг қаламига мансуб бўлган, ўзларигача етиб келган текстларни тўлалигича халққа маълум қилмасдан, балки ўша текстлардан эътиборсизлик билан танланган парчаларнигина олиб, уларни христиан дини таълимотига «мослаштириб» талқин қиладилар.
Шундай бўлса ҳам, реал ҳаёт билан боғланган дунёвий руҳдаги антик маданият ўрта асрлар турмушига ўз таъсирини ўтказиб келди. Ўрта асрлар рицарь поэзиясида Рим шоири Овидий тилга олинади. Македониялик Искандар ҳақидаги эртаклар, Вергилийнинг «Энеида» поэмаси ва шунга ўхшаш асарлардан ўрганиш, фойдаланиш асосида дастлабки рицарь роман ва қиссалари вужудга келади.
Славян халқлари яратган эпик поэзия ҳам ўрта асрлар адабиёти тараққиётида катта ўрин эгаллайди. Омманинг мустақиллик ва озодлик учун олиб борган курашлари акс этган «Игорь жангномаси», болгар ва серб эпоси, Крали Марко ҳақидаги қўшиқлар жаҳон адабиёти хазинасига қўшилган дурдона асарлардир.
Қаҳрамонлик эпослари хусусида муҳокама юритилган вақтда Ғарб ва Шарқ халқлари ижоди ўртасида баъзи бир яқинлик ва ўхшаш сюжетлар мавжуд эканлиги ўша давр халқларининг маълум бир тараққиёт босқичида яшаб, келажак бахтли кунлар ҳақидаги яхши истак-орзуларининг муштараклиги билан изоҳланади.