Христианлик тарихи, таълимоти ва маросимлари
Режа:
Христианлик тарихи.
Христианлик таълимоти.
Христианлик маросимлари.
Милодий йил ҳисобининг бошланиши христианлик тарихи билан боғлиқ. Чунки ушбу ҳисоб христианлик манбаларида Исо Масиҳ (Исус Христос) нинг туғилишидан бошланган деб ҳисобланади. Исо Масиҳ ҳақидаги бирламчи хабарлар асосан диний манбаларда келади.
Ҳозирги кунда христианлик жаҳон динларидан бири ҳисобланади. У эътиқод қилувчиларининг сонига кўра бошқа жаҳон динлари (буддавийлик ва ислом) орасида энг йириги ҳисобланади. Христианликка эътиқод қилувчиларнинг сони 1 млрд. 600 млн. бўлиб, бу сон дунё аҳолисининг деярли учдан бирига тўғри келади. Христианлик ҳозирги кунда кўпроқ Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралия қитъаларида ҳамда қисман Африка ва Осиё қитъаларида тарқалган.
Христианлик милоднинг бошида Рим империясининг шарқий қисмида Фаластин ерларида вужудга келди. Библиянинг хабар беришига кўра, Исо Масиҳ Рим империяси ташкил топганининг 747 йили Фаластиннинг Назарет қишлоғида бокира қиз Марямдан Худонинг амри билан дунёга келди. Янги эранинг бошланиши ҳам Исо Масиҳнинг дунёга келиши билан боғлиқ.
Худди шу даврда яҳудийлар ўртасида кутилаётган халоскорнинг келиши яқинлашиб қолганлиги ҳақида хабар тарқатувчилар пайдо бўлди. Улар халқни кутилаётган халоскор келишига тайёрлаш учун чиққан эдилар. Шунда Исо Масиҳ яҳудийликни ислоҳ қилиш ва уни турли хурофотлардан тозалаш ғояси билан чиқиб, христиан динига асос солди. Яҳудийлар уни ва унинг издошларини Фаластиндан қувғин қилдилар. Исо Масиҳни 33 ёшида фитначиликда айблаб қатл этишга ҳукм қилдилар.
Диний бўлмаган манбаларда Исонинг номи учрамаганлигини назарда тутиб, у тарихий эмас, балки афсонавий шахсдир дегувчилар ҳам бор.
Исо номига қўшилувчи Масиҳ сўзи қадимий яҳудий тили - ивритдаги “мошиах” сўзидан олинган бўлиб, “силанган” ёки “сийланган” маъноларини беради. Грекчада бу сўз “христос” (“christos”) шаклига эга. Бу диннинг “христианлик” ёки “масиҳийлик” деб аталиши ҳам шу сўзлар билан боғлиқ.
Манбаларнинг хабар беришича, христианлик яҳудий муҳитида юзага келган. Бу эса христианликнинг яҳудийликдан кўп жиҳатдан таъсирланишига сабаб бўлди. Христианликнинг асосий ғояси – Исо одамзоднинг халоскори “мессия” экани яҳудийликда мавжуд бўлиб, охирзамонга яқин қолганда қайтиб келиши кутилаётган халоскор ҳақидаги таълимотдан келиб чиққан.
Кейинчалик бу таълимот Худонинг мужассамланиши ёки Исонинг икки хил – одам ва худо моҳияти ҳақида “гуноҳни ювиш”, яъни Исонинг ўзини ихтиёрий тарзда қурбон қилиши ҳақидаги таълимот билан мустаҳкамланади. Христианлик Ота-Худо, Ўғил-Худо ва Муқаддас Руҳ – Уч қиёфали Худо (Троица – Trinity) тўғрисидаги таълимотни, жаннат ва дўзах, охират, Исонинг қайтиши ҳақидаги ва бошқа ақидаларни ўз ичига олади.
Библия яҳудийлик ва христианлик динлари таълимотига кўра, у Худо томонидан нозил қилинган, асосий диний ақида ва ахлоқ қонунларини ўзида жамлаган муқаддас китоблар мажмуасидир.
Библия (biblia) сўзи грек тилида “китоб”, “ўрам” маъноларини англатади. Ҳозирги Библия католик нашрларида 72 та китобдан, протестант нашрларида эса 66 китобдан иборат. Яҳудийларнинг яна бир диний манбаси Талмуднинг хабар беришича, Қадимий аҳдда 24 та китоб бўлиши керак. Қадимий яҳудий тарихчиси Иосиф Флавийнинг айтишича, 22 та китоб бўлиши керак. Протестантлар ва яҳудийлар, Тридент Соборидан кейин (1545-1563), католиклар ҳам қадимий аҳд таркибига 45 та китоб киргизадилар. Бу сон билан юқорида келтирилган сон ўртасидаги тафовутни кейинчалик баъзи китоблар бир неча мустақил китобларга бўлиниб кетганлиги билан изоҳлаш мумкин. Масалан, “Мусонинг беш китоби” аввал бир бутун бўлиб, кейинчалик бешта мустақил китобга ажратиб юборилган, “кичик пайғамбарлар китоби” 12 китобга ажратиб юборилган.
“Инжил” сўзи юнонча “эвангелион” сўзидан келиб чиққан бўлиб, хушхабар маъносини англатади. Унда одамзодни қутқарувчи ягона Нажоткор ҳисобланмиш Исо Масиҳнинг Ер юзига юборилганлиги ҳақида ҳикоя қилинади.
Инжил милоднинг биринчи асрида ёзилган, 27 бўлимдан иборат. Инжил Исо Масиҳни кўриб, уни яқиндан билган, унинг таълимотини синчиклаб ўрганган муаллифлар томонидан ёзилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |