6.29.3.Валецли қуритгичлар. Бу қуритгичларда суюқликлар ва пастасимон материаллар вакуумда ёки босим остида, узлуксиз қуритилади. Кимё саноатида кенг қўлланадиган икки валецли қуритгичнинг асосий элементлари кожух ичида бир-бирига қараб секин айланадиган валецлар ҳисобланади. Валецлар орасига тепадан нам материал, уларнинг ичига эса иситувчи буғ берилади. Материал валецларни юпқа қатлам бўлиб қоплайди. Бу қатламнинг қалинлиги валецлар орасидаги 0,5-1 мм бўлган ва созланадиган оралиқ белгилайди.
1.47–расм. Икки валецли қуритгич:1-кожух; 2-етакланувчи-қўзғалувчан валец; 3-етакланувчи қўзғалмас валец; 4-конденсат оқадиган труба; 5-юритма; 6-пичоқлар; 7- баланддаги қўшимча киритгич; 8-пастдаги қўшимча киритгич.
6.29.4.Барабанли кондуктив қуритгич.Бу қуритгич барабан ва унинг ичида жойлашган цилиндрдан иборат. Қуритиладиган материал барабан билан цилиндр ўртасидаги ҳалқасимон майдондан ҳаракатланади. Қуритувчи агент (ёнишдан ҳосил бўлган газлар) дастлаб барабаннинг ташқи сирти бўйлаб кейин ички цилиндрнинг ичидан оқади (вентилятор билан сўриб олинади).
6.30. Қуритгичларнинг махсус турлари Махсус қуритгичларнинг уч хил тури учрайди: радиацион, юқори частотали ва сублимацион. Улар ҳақида қисқача тўҳталамиз.
6.30.1. Терморадиацион қуритгичлар. Бу қуритгичларда нам материалга иссиқлик инфрақизил нурлар ёрдамида узатилади. Бу усул билан конвектив ёки кондуктив қуритишга қараганда ўнлаб марта кўп солиштирма иссиқлик оқими бериш мумкин. Шунинг учун радиацион қуритишда намнинг буғланиши жуда жадал боради. Лекин қалин қатламли материалларни қуритишда бу усул унча самара бермайди. Чунки материал қатлами қалин бўлганда қуритишнинг тезлиги фақат иссиқлик узатиш эмас, балки намнинг ички диффузияси билан ҳам белгиланади. Терморадиацион қуритгичлар электр токи ёрдамида ёки газ билан иситилиши мумкин. Газ билан иситиш электр билан иситишга қараганда оддий ва иқтисодли. Бунда очиқ олов ёки ёнишдан ҳосил бўлган газлар билан қиздириладиган металл ёки керамика плиталардан нур тарқатувчи элемент сифатида фойдаланилади.
Очиқ олов билан иситиладиган терморадиацион қуритгичларда нур тарқатувчи билан материал ўртасида ўрнатилган ёндиргичларда ёнаётган олов нур тарқатувчини ва ундан чиққан инфрақизил нурлар эса материални қиздиради.