www.ziyouz.com кутубхонаси
245
— Тўғри, — жавоб берди Палмер. — У калтафаҳм эмас. Аммо бундоқ чуқурроқ ўйлаб
кўрилса, харидорлар исёни нима дегани? Бу харид қилишдан кескин бош тортиш дегани.
Истеъмолчи айтади: “То нархлар пастлашмагунча сабр қиламан”. Бу орада... Нима бўлади?
Балки у молларсиз ишини ўнглаб олар? Ҳар доимгидай унинг рўпарасида учта муаммо
кўндаланг туради — овқат, бошпана ва кийим-кечак. Истеъмолчи узлуксиз исён кўтаролмайди-
ку, тўғрими? У ақлли одам, аввало у қандай кайфиятда бўлмасин, унинг олдида шундан бошқа
йўл йўқ.
Янги саволлар кутиб, Палмер тек турарди. У тингловчилар кайфиятида қандайдир
ўзгаришни ҳис қилди, аммо бу нимани англатиши ҳозирча унга маълум эмасди. Нутқнинг
аввалида улар анча дўстона кайфиятда эдилар. Нутқини тугатганида эса ҳаммалари пинҳоний
шубҳапарастга айланган эдилар. Кейин ҳужумга ўтиш ҳаракати бошланди. Энди улар афтидан,
то кайфиятлари аниқланмагунча кутиб туришга аҳд қилган эдилар. Бирларининг юзида ҳеч
қандай ифода йўқ, ўй-фикрлари аллақаёқларда кезиб юрарди. Палмер кейинги савол нима
бўлганини аниқлаб олишга ёрдам берар, деб умид қилди.
— Мистер Палмер! — Семиз ҳам, ориқ ҳам эмас оппоқ сочи Макартурчасига олинган
миттигина киши ўтирган жойида бетоқат типирчиларди. — Сизнингча, саноат соҳаларига
хизмат қилувчи мана бу, дейлик, лицензиялар бўйича амал қилаётган корхоналарнинг
бевосита келажаги қандай?
Палмер бош ирғаб қўйди ва яхши кайфият табассумини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. У
улар кайфиятидаги ўзгаришни англади. Энди уларнинг қизиқиши яққолроқ кўрина бошлаганди,
мавҳум эмасди. Бўлажак бизнесчилар сифатида улар муайян ишчан имкониятлардан
манфаатдор эдилар.
Палмер бу имкониятларни қисқача тасвирлаб берди ва яна бир қанча мана шундай
саволлардан кейин йиғилиш раиси ўрнидан турди ва унга ташаккур айтди. — Гарчанд омонат
банклари ҳақидаги мақола биз учун ҳам унчалик равшан бўлмаса-да, барибир маърузангиз
ғоятда мароқли бўлди десам, кўпчиликнинг фикрини ифода қилган бўлур эди. Менинг
тушунишимча, сиз ўз банкингизда олди-қочди суҳбатлардан кўра кўпроқ маълум муҳокамалар
олиб бориш тарафдорисиз.
Палмер таъзим қилиб қўйди.
Бернс оғир хўрсинди:
— Вуди, қоқвош. Мен сенга банкир ролини қандай ўйнашни ўргатмайман. Сен менга
сиёсатдон ролини қандай ўйнашни ўргатма. Бу нусхаларни ўз томонимга оғдириб олдим деб
ўйлаяпсанми?
— Билмадим. Лекин мен уларни ўйлашга мажбур қилдим.
— Бизнес ҳақида, аммо сиёсат ҳақида эмас. — Бернс сигарета тутатди. Қоп-қоронғи
машинада чақмоқтош алангаси унинг кўзларида майда сариқ учқунлар бўлиб акс этди. —
Бизнес — бу мантиқ ва сен жуда мантиқли нутқ қилдинг. Сиёсат — бу мажбурият, у ҳар доим
ҳам мантиққа асосланавермайди. Борди-ю, бу шундай бўлганида эди, борди-ю, номзодлар ва
сайловчилар мантиқ қоидаларига риоя қилганларида эди, ҳар қандай сайловнинг натижаси
олдиндан маълум бўлар эди.
— Гап мана бу сиёсий арбобларнинг ижтимоий мавқеи ҳақида кетмаётибди, Мак. Бу
уларнинг бизнеси, бойишнинг хусусий бизнеси.
— Сен янгисан, — жавоб берди Бернс, — ва ҳар қандай янги каби бутун уйинни миридан-
сиригача тушунаман деб ўзингга ишонасан. Сиёсатда мен ўқ еган чумчуқман, азизим, аммо мен
ҳам барча қоидаларни билмайман.
— Унда қандай иш олиб бораяпсан?
— Бугунги оқшомни олайлик, — тушунтирди Бернс. — Жуда маъқул мисол. Сен у ерда нима
гапирган бўлма, улар сенга нима гапиришган бўлмасин, сен ҳамманинг олдига похол
солаётганинг ҳидини бурним сезиб турганди...
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |