www.ziyouz.com кутубхонаси
244
бор. Агар биз бирданига унинг навини жамоат ҳожатхоналари навига алмаштиргингиз келиб
қолса, биз бунинг учун Олбаниданми... ё Вашингтонданми олишимиз керак бўлади. Банкларни
бошқариш ана шунақа марказлаштириб ташланган.
Палмер ўз тингловчиларига тинчланиб олиш ва ўтириб рекламаларни кўришга
томошабинларни мажбур қилганларидек хушчақчақлик ҳақини тўлатиб қўйиш учун имконият
берди.
— Жентльменлар, иш пулга келиб тақалганда, жуда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишга одам
ўрганиб қолади. Хатони тузатиш ғоят қимматга тушади. Менимча, бундай оқилона
эҳтиёткорлик омонат банклари муаммосини ҳал қилишда бизнинг қароримизда қўлланмоғи
шарт. — Палмер жим бўлиб қолди. — Хўш, энди кимда саволлар бор?
Столнинг тўрида ўтирган озғин юзли киши қўлини кўтарди ва Палмер унинг исмини билиб
олгунча гапини бошлаб юборди.
— Мистер Палмер, — деди у баланд, хирилдоқ овозда. — Донолик ва эҳтиёткорлик — яхши
нарса. Аммо бўлимлардаги мана бу билл, ёки оти нимайди, ўша Олбанида мана беш ё олти
йилдан бери муҳокама қилиб келиняпти. Бизлар ҳаддан ташқари фаросатли ва эҳтиёткор
бўлиб қолмадикмикан, нима дейсиз?
Тингловчилар кулиб юборишди. Уларни кулдирган тагдор савол эмас, англади Палмер,
балки саволнинг унга қарши қаратилгани эди.
— Агар сиз иқтисодиётимизни барбод этишни мақсад қилиб қўйган ва билиб туриб уни ерга
киргизиб юборишга қасд қилган бўлсангиз, бунинг учун сизга йиллар керак бўлади. Аммо
ҳаммаси бирданига, бир тундаёқ қулаб тушиши мумкин. Биз сиз билан туркумлар, жадваллар
билан фикрлашга ўрганиб қолганмиз, бунда эгри чизиқлар гоҳ юқорига, гоҳ пастга эгилиб
чиқиб-тушиб туради. Лекин аслида ҳамма нарса ундай содир бўлмаётган бўлади.
Иқтисодиётнинг мустаҳкамлиги аёлнинг ҳимматига ўхшайди. У кўп йиллар давомида
мукаммалдай бўлиб кўриниши мумкин. Тўсатдан биргина сўз унинг бошига етади.
Сукунат чўкди. Уларнинг ҳушини жойига келтириб қўйганини Палмер тушунди. У
тафсилотларга бу қадар чуқур берилмоқчи эмас эди, аммо энди кўрдики, тўғри қилибди. У
ҳатто баридан ҳам батафсилроқ қилиб тушунтириши мумкинлигини ўйлади. Уларнинг
юзларидаги ўйчан, бир қадар хўмрайган ифода, агар уларга ўзининг айнан мана шундай
тоифага мансублигини айтгудек бўлса, ишончсиз ифодага осонгина айланар эди.
— Бу билан сиз бизга, — деди ҳозир бўлганлардан бири савол тариқасида, — иқтисодиётда
тежамкорликка ўрин йўқ, деб айтмоқчимисиз?
— Йўқ, сэр, мутлақо ундай эмас. — Палмер чуқур уҳ тортди. — Борди-ю, сизларга шундай
маълумотлар келгудек бўлса, улар халқдан чиққан бўлади, мендан эмас. Статистикани бир
текшириб кўринг-а. Иш ҳақининг ҳар йили ошиб боришига қарамай, жамғармаларнинг ўртача
даражаси ҳозир 15 йил олдингисидан кўп эмас. Аслида у ҳатто қисқара бошлаган.
— Булар ҳаммаси тўғри. Лекин иш ҳақи билан баробарида ҳаёт қиймати ўсаяпти-ку, — ён
бермасди савол берувчи.
— Тўғри, — унга қўшилди Палмер, — ойликка яшовчи ўртача одамни айнан мана шу нарса
гангитиб қўйган. У эрта-индин эмас, айнан нима учун бугун пул сарфлаши сабабларидан
биттаси шудир. Бу одам бугун сақлаб қўйилган доллари беш йилдан кейин, масалан, машина
сотиб олиш учун етарли пул жамғарганида олдинги харид қобилиятини йўқотган бўлади.
Тўсатдан орага чўмган сукунат Палмерга уларнинг кўнглига яна бир бор ғулғула солганидан
дарак берди. Энди гапнинг пўсткалласи, деб ўйлади у, айни ҳолда бирон чора кўришда
ўзларини ночор сезмасликлари учун уларни тушкунликка туширмаслик керак.
— Назаримда, — тилга кирди Палмердан бир нечта стул нарида ўтирган жиккаккина озғин
киши, — сиз маошга яшовчи ўртача одамнинг соғлом фикрига барибир умидизлик билан
қараяпсиз. Биласиз, агар унга ёмон муомалада бўлишса, у харидорларни исёнга бошлайди. У
шу қадар калтафаҳм бўлмаса керак.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |