www.ziyouz.com кутубхонаси
240
қоғозга яхшилаб ўраб, кичкина тугунча ясади.
— Энди “фольк”нинг олдига ҳайданг, — буюрди у.
Аёл ва қизча машинада ўтиришар эди. Қизча кучукчани тиззасида ушлаганча ухлаб
қолганди. Аёл таксига қаради. Палмер эшикни очганда у машинасидан чиқди.
— Мана бу нарсани тушириб қолдирибсиз, — унга мурожаат қилди Палмер.
— Менми? Йўқ, йў... Э, бу “корвет”даги йигит-ку.
— Менимча, буни сиз тушириб қолдиргансиз, — такрорлади у ўралган қоғозни узатиб. Аёл
уни олди.
— Буни мен туширганга ўх...
Палмер эшикни ёпди. — Кетдик, ҳайдовчи.
Шофёр моторни ишга солди ва яшил чироқ ёнгач, Биринчи авенюга қараб ҳайдади. У
шимолга бурилгач, тезликни камайтирди.
— Унга нима бердингиз?
— Мени ... ҳм, “Плаза”га олиб боринг.
— Хўп бўлади, — такси ғарб тарафга бурилди. — Шу ёқда турасизми, шеф?
— Йўқ.
— Бирон нарса ичишни хоҳлайсизми?
— Йўқ.
— Биров билан учрашмоқчимисиз?
— Йўқ. — Палмер негадир отелга етгунча индамай келди.
Шофёр ҳам гап кавламади. Ҳақини берар экан:
— Бу ерда тунда такси топиш осон, — деди Палмер.
Қирқ еттинчи боб
Олд томонига бетондан соябон ўрнатилган уй қоронғи эди. Палмер шофёрга пул бериб,
ичкарига кирди.
Қимир этмасдан бирпас жим қулоқ солди. Аллақаерда тўрда газ иситгич икки марта
ширқиллади ва унинг овози кучли бўғиб қўйилган парраги эшитилар-эшитилмас визиллаб
айлана кетди. Палмер эгилди-да, туфлиси боғичини бўшатди. Юрган ҳолда оёқларини чиқариб,
зинапоя томонга пайпоқда одимлаб кетди, хаёлидан чироқсиз чиқишга таваккал қилаётганим
чакки бўлмадимикан, деган ўй ўтди.
Меҳмонхона эшиги ёнидан ўтаётиб, у босиқ қарсиллашни эшитди. У шартта ўгирилди ва
қоронғилик ичидан ёвузларча ёниб турган бир жуфт катта-катта қизил кўзга тикилиб қолди.
Юраги кўксини тешгудек қаттиқ урди. Худди танасидан айрилишга уринаётгандек, бўйин ва
елка териси ҳар томонга қараб ўрмалай кетди. Тағин нимадир қарсиллади ва битта кўз синиб,
икки қизил бўлакка ажради. Палмер енгил нафас олди, вужудидаги кескинлик йўқолди. У
овозсиз камин олдига юриб борди, пайпаслаб оташкуракни топди ва уни қўрқитиб юборган
икки бўлак кўмир чўғини наридан-бери уриб, майдалаб ташлади. Тўсатдан Палмер тўхтади-да,
оташкуракни ташлаб, калта ва юпқа бир тарашани қўлига олди. У тарашани кўмир устига
қўйди ва чўккалаб олиб, уни пуфлай бошлади. Худди серажин башара иштиёқ ҳиссидан
титрагандай, кўмирлар сарғиш тусга кирди. Тараша чарсиллади ва бу товуш итнинг узиб-узиб
паст ҳуришига ўхшаб кетди. Палмер эҳтиёткорлик билан пуфлашда давом этди.
Бир вақт оҳиста пишқиргандай овоз чиқарди-да, тараша ёрқин сариқ ёғду таратиб олов
олди. Палмер тиззаларини ердан узди-да, чўнқайиб ўтирган кўйи бирдан кўтарилган алангага
тикилди. У шу алпозда анчагача ўтирди, сўнг ўрнидан турди ва каминнинг илиқ ёғдусида
оҳиста юриб, ҳайҳотдай хонанинг нариги тўридаги барга қараб йўл олди.
Пайпоқда бўлганидан полнинг совуғи яланг оёғидан ўтиб кетмоқда эди. Палмер катта
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |